Ҳозирги глобаллашув замони, минтақалар ва давлатлараро интеграция жадаллашиб бораётган мураккаб бир шароитда коррупция барча мамлакатларда ҳам қатор муаммоларни келтириб чиқариб, жамиятни ич-ичидан емириб, пароканда қилиб ташлаш хавфини солмоқда. Халқаро валюта жамғармаси (International Monetary Fund) маълумотларига кўра, жаҳон иқтисодиёти коррупция туфайли йилига 1,5-2,6 триллион долларгача зарар кўради.

Президент Ш.М.Мирзиёев жорий йилда парламентга қилган Мурожаатномасида коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан кўра барвақт олдини олишга ўтиш кераклигини таъкидлаб, унга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган тузишни, мазкур орган  нафақат бу борадаги давлат сиёсатини амалга ошириши ва мувофиқлаштириши, балки коррупцияга қарши курашишда барча куч ва воситаларга эга бўлиши кераклигини таклиф қилган эди.

Президент томонидан Адлия вазирлиги ва Бош прокуратурага БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда вазирлик, компания ва ҳокимликларда ички коррупцияга қарши чораларни ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи «комплаенс назорат» тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди. Хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, давлат хизматчилари мол-мулки ва даромадларини декларация қилиш тизиминининг барча ташкилий-ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиб, амалиётга киритиш шартлиги таъкидланди.

 “Антикоррупцион комплаенс назорат” давлат бошқарув органлари,ташкилот ва муассасалар ҳамда хўжалик бошқарув органларида коррупцияга қарши кураш тадбирларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинма тузишни ёки коррупцияга қарши курашга масъул ходимни тайинлашни; “Одоб-ахлоқ Қоидалари”ни ва “Коррупцияга қарши курашиш сиёсати”ни тасдиқлаш ва бу процедура учун  зарур ички идоравий ҳужжатларни қабул қилишни; коррупцияга қарши кураш тадбирларини амалга оширишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорлик қилишни ўз ичига олади. Антикоррупцион комплаенс назорат мақсади давлат хизматчилари ва компания ходимларининг коррупция билан боғлиқ жиноятлар содир этишда иштирокини олдини олишдир.

 “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” ги  Қонунига мувофиқ  коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳадаги мавжуд ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмларнинг самарадорлигини баҳолаш, Президентнинг 2017 йил 2 февралдаги ПҚ-2752-сон Қарори билан тасдиқланган “2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурининг 47-бандига  мувофиқ коррупцияга қарши курашиш бўйича чораларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг олиб бориш, ушбу соҳада ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмларнинг самарадорлигини баҳолаш услубиётларини ишлаб чиқиш, Президентнинг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5729-сон Фармонига мувофиқ давлат органлари давлат хизматчилари зиммасига юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширишда юзага келадиган коррупция хавф-хатарларини вақти-вақти билан мажбурий баҳолаб боришни жорий этиш назарда тутилган.

Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш – давлат бошқарув органлари,ташкилот ва муассасалар ҳамда хўжалик бошқарув органларнинг функция ва ваколатларини таҳлил қилиш,уларга хос коррупциявий хавф-хатарлар даражасини аниқлаш, шунингдек, ходимлар зиммасига юкланган вазифаларни амалга оширишга дахл этувчи субъектив талаблар ва чекловлар ҳамда манфаатлар тўқнашуви таъсирини услубиёт асосида баҳолашдир.

Манфаатлар тўқнашуви — шахсий манфаатдорлик ходимнинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан давлат органининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият.

Шунингдек, Президентнинг “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 2019 йил  9 декабрдаги  ПҚ-4546-сон Қарори, Президентнинг 2019 йил 3 октябрдаги ПФ-5843-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсатини ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштиришга оид биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастурига мувофиқ давлат фуқаролик хизматчиларида коррупцияга қарши маданиятни ва коррупцияга тоқат қилиб бўлмайдиган муносабатни шакллантиришнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш белгиланган.

Давлат бошқарувида амалга оширилаётган коррупцияга қарши курашга доир чора-тадбирлардан давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибига асосланган давлат хизмати тизимини шакллантириш, давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш, коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш, давлат органлари ва ташкилотларининг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг шаффофлигини ошириш, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши чораларни тайёрлаш, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилиш кабилар шулар жумласидандир. Бундан ташқари давлат бошқарув органлари ходимлари фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш тартибини жорий этиш бу борадаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

2019 йил 1 июлдан бошлаб давлат органлари давлат хизматчилари зиммасига юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширишда юзага келадиган коррупция хавф-хатарларини вақти-вақти билан мажбурий баҳолаб боради,унинг якунлари бўйича:

а) коррупция хавф-хатарига энг кўп дуч келадиган давлат хизматчиларининг фаолият соҳалари ва лавозимлари, шунингдек, уларнинг функциялари (ваколатлари)нинг рўйхатини шакллантиради;

б) идоравий коррупцияга қарши курашиш дастурлари ижросининг ҳар чораклик мониторингини амалга оширади ва коррупциявий хавф-хатарларни минимум даражага тушириш чораларини кўради; ҳар йилги идоравий коррупцияга қарши курашиш дастурларини тасдиқлайди.

Маълумот учун: Миллий қонунчилигимизда коррупциянинг турли йўналишларига қарши курашга йўналтирилган нормалар мустаҳкамланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексида пора олиш(210-модда) ёки бериш (211-модда), унга воситачилик қилиш (212-модда), ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиисеъмол қилиш (205-модда), мансаб сохтакорлиги (209-модда) каби жиноятлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Шу ўринда Жиноят Кодексининг 210 ва 211-моддаларида назарда тутилган пора олиш ва бериш жиноятлари диспозициясига “давлат хизматчилари” тушунчаси киритилиши билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш, яъни пора олиш ва беришнинг ижтимоий хавфлилиги, берилган ёки олинган поранинг миқдори ёки етказилган зарар миқдорига қараб муқобил жазо чораларини белгилаш мақсадга мувофиқдир.

Коррупцияга қарши курашишнинг энг асосий йўли – давлат органлари фаолиятини  очиқ ва шаффофлигини таъминлашдир. Бунда энг асосий эътиборни ишга олиш, давлат харидлари, рухсатнома ва лицензиялар бериш каби жараёнларда очиқ-ошкораликни таъминлашга қаратиш лозим. Шу боис коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга оид бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида” “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Бугунги кунда давлат бошқарув органлари (23 та вазирлик, 11 та давлат қўмитаси,   33 та агентлик, 5 қўмита, 5 та марказ, 15 инспекция) тизимларида идоравий коррупцияга қарши курашиш дастурлари ишлаб чиқилиб, давлат хизматчиларига юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширишда юзага келадиган коррупция хавф-хатарларини баҳолаб бориш тартиби жорий қилинган. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида” ги 62-сон Қарорига мувофиқ жорий этилган давлат ташкилотларининг “Одоб-ахлоқ Қоидалари” да давлат хизматчилари, шу жумладан раҳбар кадрларнинг ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан бирор-бир моддий бойликларни олиш ёхуд жисмоний ёки юридик шахслардан бошқача наф кўриш тақиқланиши, уларнинг коррупция ҳолатларига қарши курашиши ва уларнинг профилактикасига бевосита фаол кўмаклашиши шартлиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, раҳбарларга ҳам қатъий талаб кўрсатилиб, ушбу талабларга мувофиқ улар манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уларни тартибга солиш юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўриши, коррупциянинг олдини олиш чораларини кўриши, ходимларни самарали бошқариши, ўзига ишониб топширилган мулкка ва молиявий маблағларга эҳтиёткорлик ва тежамкорлик билан муносабатда бўлиши шартлиги, ҳаттоки, давлат хизматчилари хизматдан ташқари вақтда умумий қабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларига риоя этишлари, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслиги лозимлиги белгилаб берилди. Шу билан бирга, Одоб-ахлоқ қоидаларига асосан давлат хизматчилари томонидан ўз хизмат вазифаларини бажаришда уларнинг шахсан ўзи ёки яқин қариндошлари, шунингдек улар яқин ёки ишбилармонлик муносабатларида бўладиган бошқа шахслар учун ҳар қандай наф кўриш ёки афзалликларга эга бўлишни ўз ичига оладиган манфаатлар тўқнашувига сабаб бўладиган шахсий манфаатдорлик ҳолатларига йўл қўймасликлари кераклиги назарда тутилган.

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларидан кўзланган асосий мақсад юртимизда коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини янада ошириш, энг юқори даражадаги қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижини ошириш ва мустаҳкамлашга қаратилган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги коррупцияга қарши курашиш соҳасида анча фаол бўлиб, адлия тизимида коррупцияни бартараф этиш юзасидан ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмлар жорий этилган. Хусусан, Адлия вазирининг 2020 йил 22 январдаги 14-ум-сон буйруғига мувофиқ вазирлик марказий тузилмасида Коррупцияга қарши кураш бўлими ташкил қилинди, 2020 йил 24 февралдаги 42-ум-сон буйруғига мувофиқ адлия вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш сиёсати тасдиқланди, 44-ум-сон буйруғи билан адлия тизимда манфаатлар тўқнашувини бошқаришни такомиллаштириш тўғисидаги қоидалар белгиланди. Шунингдек, адлия вазирининг 2020 йил 24 февралдаги 45-ум-сон буйруғига мувофиқ тизимдаги коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиёти ҳамда давлат хизматчиси этикасида коррупцияга тоқатсизликни шакллантириш мақсадида “Коррупцияга қарши кураш менежменти тизимлари – фойдаланиш бўйича халқаро талаблар ва тавсиялар” халқаро стандарти талаблари ва тавсияларини инобатга олган ҳолда адлия тизимидаги ходимлар учун коррупцияга қарши курашиш бўйича масофадан ўқитиш ташкил этилди.

Демак, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги мавжуд ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмлар самарадорлигини ошириш учун коррупцияга қарши курашувчи ваколатли орган томонидан баҳоланиш натижаларига асосланиб ўтказиладиган мониторинг асосида бериладиган якуний хулоса мажбурий тусга эга бўлишини  махсус қонун ҳужжати билан белгилаб қўйилиши зарурдир. Бунинг учун эса  хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган коррупцияга қарши курашувчи ваколатли орган томонидан давлат органлари антикоррупция тадбирлари устидан мониторинг ўтказилиши ҳамда мониторинг натижаларини баҳолайдиган услубиётни республикамизда ҳам жорий этиш лозим.

Хорижий тажриба

Нидерландия Қироллигида  давлат хизматчилари фаолиятида коррупция хавфини баҳолашнинг “Self-Assessment Integriteit” ёки “SAINT” деб номланган методологиясини қўллаш амалиёти мавжуд. Мазкур инглиз ҳуқуқи тамойилларига асосланган методология босқичли баҳолаш ассисментларидан иборатдир.

Маълумот учун: Transparency International ташкилоти томонидан эълон қилинган 2019 йилги ҳисоботига кўра дунё мамлакатлари Коррупция хавфини бартараф этиш индекси бўйича Нидерландия 180 мамлакат орасида 8 ўринда.

“SAINT” босқичлари:

1-босқич ассисмент иштирокчилари баҳоланаётган ташкилотнинг асосий ва факультатив функцияларини инвентаризация қилиш асосида коррупция нуқтаи назаридан энг заиф жараёнларни танлайдилар;

2-босқич  давлат хизматчиларининг функциясини амалга оширишларига доир муносабатларда “Этика Кодекси” қоидаларини таъминланишидаги энг жиддий коррупциявий хавфлар баҳоланади;

3-босқич ташкилотдаги антикоррупцион тизим самарадорлиги ва адекватлиги баҳоланади;

4-босқич  ассисмент иштирокчилари баҳолаш натижаларига кўра энг заиф томонлар ҳимоясини кучайтириш учун қўлланадиган чора-тадбирлар харитасини тузадилар.

Методология  ассисменти натижаларига кўра, давлат органи маъмурияти антикоррупцион чораларни мустаҳкамлаш бўйича кейинги тадбирларни режалаштириши ва ишлаб чиқиши мумкин.

Давлат органлари ҳамда Нидерландия Миллий омбудсмани ва Ҳисоб палатаси каби ташкилотлар ҳам «SAINT» методологиясидан унумли фойдаланадилар.

Амстердамдаги Bureau of Integrity (Одоб-ахлоқ бюроси) 2012 йилда коррупция хавфини баҳолашнинг Integriteitindex деб номланган методологиясини ишлаб чиқди. Бу методология беш босқичдан иборат бўлиб ўз таркибига турли методларни – тест, аноним сўров ва турли ассисментларни қамраб олади. Integriteitindex метологияси орқали  ташкилотлар антикоррупцион тадбирларини беш босқичда баҳолаб, якуний кўрсаткичда ўз позицияларини аниқлаш ҳамда самарадорликни ошириш бўйича лойиҳалар танловини ўтказиш имконини беради. Одоб-ахлоқ бюроси ҳисоботига кўра мазкур методологияларни қўллаган ҳолда давлат органларида амалга оширилган антикоррупцион тадбирларни  баҳолаш нодавлат ташкилотлари томонидан ўтказилсагина янада адекватлиги ошади.

Латвия Республикаси 2004 йил август ойида 2004-2008 йилларга мўлжалланган “Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши кураш бўйича Давлат дастури” ни тасдиқлади. Дастурга мувофиқ ҳар бир давлат органи коррупцияга қарши кураш бўйича идоравий режаларини тайёрлаб KNAB (Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши кураш бюроси) га юборишлари жорий этилди. KNAB ҳукумат тузилмаси таркибида 2002 йилнинг 10 октябрдан ташкил этилган бўлиб 145 нафар давлат хизматчисидан иборат таркибда фаолият юритади. KNAB ўз фаолиятини “Этика Кодекси”, “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонун, “Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бюроси тўғриси” даги Қонун, “Давлат мансабдор шахслари фаолиятида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тўғрисида” ги Қонунга мувофиқ амалга оширади. Бюронинг коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича аниқ функциялари белгиланган. KNAB коррупцияга қарши курашнинг идоравий режалари самарадорлигини баҳолаш методологиясини ишлаб чиқди ва хар чоракда идоравий режалар самарадорлигини методология асосида баҳолаб боришни жорий этди.

Венгрия Республикасида 2012 йилда Ҳукумат томонидан 2012-2014 йилларга мўлжалланган “Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши кураш Дастури” ишлаб чиқилган ва қабул қилинган бўлиб, унда баҳолаш методологияси сўровномалар ўтказиш, кузатиш, мониторинг, тренинглар ва ўқув семинарлари ташкил этиш каби методлардан фойдаланган ҳолда коррупцияга қарши янги механизмларни жорий этиш ва коррупцияга кўпроқ мойил бўлган давлат органлари функцияларини децентрализация ҳамда рақамлаштириш орқали ислоҳ қилиш назарда тутилган. Венгрияда баҳолаш методологиясидан фойдаланишнинг асосий янгиликларидан бири бу ҳукумат томонидан фаолияти хавф остида бўлган соҳаларда ҳар йили мунтазам равишда мониторинг ўтказиб боришдир.

EUROSAI нинг Венгрияда коррупция хавфини баҳолаш натижалари бўйича ҳисоботи тайёрланган бўлиб, ушбу ҳужжатда Венгрия аудиторлик идораси фаолиятига баҳо берилган, яъни унда бир қатор функцияларни бажаришда давлат секторидан шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш зарурлиги таъкидланган. Коррупцияга қарши комплекс ёндашувнинг бир қисми сифатида хавфни бартараф этиш тадбирлари самарадорлигини баҳоловчи методларига алоҳида эътибор берилган. Ҳисоботдаги яна бир муҳим жиҳат шундаки, коррупциянинг олдини олиш усулларидан бири сифатида Давлат бошқарувида коррупция хавфи харитасини (Integrity Risk Map) ишлаб чиқиб жорий этиш ҳамда шу харита бўйича хавфни бартараф этиш чораларини кўриш белгиланган.

Корея Республикасида давлат бошқарув органларидаги коррупцияга қарши кураш тадбирлари самарадорлигини баҳолаш модели 1999 йилда ишлаб чиқилган бўлиб, кейин у бир неча бор такомиллаштирилган. Моделда баҳолашнинг аниқ мақсадлари қуйидагиларга қаратилган:

• давлат секторида коррупцияга мойил бўлган сохаларни ва коррупциянинг асл сабабларини аниқлаш;

• давлат ташкилотларидаги коррупция даражаси динамикасини ўрганиш;

• давлат органларини коррупцияга қарши кўнгилли тадбирларда қатнашишга рағбатлантириш;

• коррупцияга қарши миллий стратегияни ишлаб чиқиш учун дастлабки маълумотларни тақдим этиш.

Баҳолаш модели давлат хизматчилари,давлат хизматларидан фойдаланувчилар, ички мижозлар ва стратегия экспертлари ўртасида ўтказилган сўров натижаларига асосланади. Ҳукумат ҳузуридаги Коррупцияга қарши кураш комиссияси баҳолаш учун дастлабки маълумотларни тўплайди ва баҳолашни ўтказади ҳамда рейтинг натижаларини эълон қилади. Баҳолаш жисмоний ва юридик шахсларга хизмат кўрсатувчи коррупцияга мойил бўлган соҳаларни ҳам қамраб олади. Нодавлат тадқиқот ташкилотлари коррупция ҳақидаги шахсий тасаввурлар ва коррупция усуллари (пул, совғалар, кўнгилочар нарсалар ёки хайр-эҳсонлар таклиф қилиш) билан боғлиқ аноним сўровлар ўтказади, унда респондентлардан ҳақиқий тажрибасига асосланиши сўралади. Баҳолаш натижасида кўплаб маълумотлар тўпланган (2012 йилда баҳолаш давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ 662 марказий давлат муассасаларида, маҳаллий ҳокимиятларда, ўқув муассасаларида ва ташкилотларда ўтказилган). Коррупцияга қарши кураш комиссияси ўз хисоботларида баҳолаш натижалари давлат ташкилотларидаги антикоррупцион тадбирлар самарадорлиги бўйича ўзаро рақобатлашишни  рағбатлантириш орқали юқори кўрсаткичга эришиш мумкинлигини таъкидлайди.

Болгария Республикасида давлат бошқарув органлари фаолиятидаги коррупция хавфи Ҳукумат томонидан 2004 йилда тасдиқланган “Коррупция хавфини баҳолаш методологияси” га мувофиқ баҳоланади.

Методология коррупция хавфи кўрсаткичларининг тўрт тоифасини белгилайди:

 1) объектив (масалан, маъмуриятда монопол мавқега эга бўлиш — автоном қарорлар қабул қилиш),

2) субектив (масалан, маъмурият функционал фаолиятига доир ўрнатилган қоидаларни билмаслик),

3) ички (масалан, маъмурий имкониятларнинг етарли эмаслиги ёки самарали назоратнинг йўқлиги)

4) ташқи (масалан, қонун ҳужжатларидаги киритилган ўзгартиришлар тез-тез жорий этилиши ёки ўрнатилган қоидаларнинг бекор қилиниш ҳолатларининг кўплиги).

Вазирликлар ва бошқа идоралар томонидан тузилган инспекциялар томонидан коррупцион хав-хатарни баҳолаш режалаштирилади. Баҳолаш методологияси асосида хавф даражаси қуйидагича таснифланади: паст, ўрта ёки юқори. Хавф даражаси формуладан фойдаланган ҳолда аниқланади (хавфнинг 60% кўпроғи мавжуд бўлганда — юқори хавф; ўртача — хавфнинг 45% дан кўпроғи; паст — хавфнинг 30% ками мавжуд бўлганда). Бундай хавф даражасига қараб, хавфларни бошқариш бўйича чоралар таклиф этилади. Ўрта ёки юқори хавфга эга бўлимларда олиб бориладиган ишлар доимий равишда назорат қилинади. Масалан, 2013 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг инспекцияси антикоррупцион мониторинг орқали қуйидаги йўналишлардаги хавф-хатарни аниқлади:

1) рухсат бериш тартиби;

2) тиббий муассасаларни аккредитация қилиш;

3) мажбурий тиббий суғурта қилиш доирасидан ташқарида хизмат кўрсатадиган тиббий муассасалар фаолиятини субсидиялаш;

4) норасмий тўловларни камайтириш мақсадида Миллий соғлиқни сақлаш суғуртаси фонди томонидан молиялаштириладиган тиббий хизматлар комплексини тартибга солиш;

5) давлат соғлиқни сақлаш компанияларини бошқариш билан боғлиқ тадбирлар ва компаниянинг бошқарув органларига аъзоларни танлаш бўйича танловлар;

6) доимий ва вақтинча меҳнатга қобилиятсизликни текшириш орқали тиббий муассасалар фаолиятини назорат қилиш.

Коррупция хавфини баҳолаш асосида қуйидаги чора-тадбирлар харитаси тузилади:

—  давлат хизматчиларининг тегишли процедуралар бўйича функционал вазифалари тўғрисида маълумотга эга эканлигини аниқлаш;

—  маъмуриятнинг ўз фаолияти натижалари тўғрисида ҳисобот беришда коррупция хавфини доимий мониторинг ва таҳлил қилиш тизимини жорий этиш;

— коррупция босимига мойил бўлган жараёнлар(давлат харидлари бўйича комиссиялар, имтиёзлар, баҳолар, рухсатномалар ва бошқалар)га жалб қилинган ходимларнинг ротациясини таъминлайдиган қоидаларни такомиллаштириш;

— антикоррупция мониторинг натижалари ва кўрилган чоралар тўғрисидаги ҳисоботларни электрон  ахборот реестрига жойлаштириш орқали  ошкораликни таъминлаш.

Грузия Республикаси 2015 йилда Коррупцияга қарши курашиш Стратегияси ва Ҳаракатлар режаси(2015-2016)ни тасдиқлади. Мамлакат Ҳукумати хузурида Коррупцияга қарши кураш кенгаши (КҚК) ташкил этилди. Грузия Коррупцияга қарши кураш кенгаши Антикоррупцион мониторингни баҳолаш методологиясини қўллаган ҳолда давлат органлари ва ташкилотларда олиб борилаётган коррупцияга қарши кураш тадбирларини назорат қилади. Ушбу Методология антикоррупцион чора-тадбирларнинг бажарилишини доимий равишда кузатиб бориш, амалга ошириш сифатини ҳар томонлама баҳолаш, мавжуд бўшлиқлар ва муаммоларни аниқлаш, шунингдек, кўзда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун зарур бўлган манбаларини аниқлаш имконини беради. Бу Методология Коррупцияга қарши кураш кенгаши Котибияти томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, методларни қўллаш фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат ташкилотлари ва академиялар иштирокида КҚК эксперт ишчи гуруҳини шакллантиришни назарда тутади.

Антикоррупцион мониторингни баҳолаш методологияси бошқарув ва баҳолаш компонентларини ўз ичига олган қуйидаги элементлардан иборат:

Чора-тадбирлар устидан мониторинг ўтказиш

Мониторингга доимий равишда КҚК Эксперт ишчи гуруҳи аъзолари жалб этилган ҳолда коррупцияга қарши чора-тадбирларни амалга оширувчи идораларнинг самарали ҳаракатларини баҳолаш ҳамда рағбатлантириш ва натижаларни ўз вақтида тақдим этилишини таъминлашга имкон беради. Мониторинг маълум бир чора-тадбирларни амалга ошириш қанчалик фойда берганлигини ва уни амалга ошириш пайтида қандай муаммолар пайдо бўлганини кўриш имконини беради. Давлат органлари ҳар олти ойда маълумотлар реестридаги ҳар бир фукционал фаолият тури бўйича қуйидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда Котибиятга ҳисобот топширадилар:

1)  коррупцияга қарши чора-тадбирлар;

2) жараёнда юзага келган муаммолар ва эҳтиёжлар;

3) коррупцияга қарши чора-тадбирларни амалдаги ҳолати;

4) коррупцияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш сифатини баҳолаш рейтинги.

Тўлдирилган ҳисобот эксперт ишчи гуруҳидаги фуқаролик жамияти институти вакилларига баҳолаш учун юборилади. Якуний баҳолаш хулосаси Котибият томонидан тўпланган маълумотлар асосида ва ишчи гуруҳ йиғилишларида муҳокама қилинган натижалар асосида тайёрланади.

Ушбу методология коррупцияга қарши чора-тадбирларнинг боришини қуйидаги мезонлар бўйича кузатиш имконини беради:

а) амалга ошириш бошланмаган;

б) амалга ошириш бошланган;

c) амалга ошириш тўхтатилди;

д) амалга ошириш бекор қилинади;

е) амалга ошириш тугалланди.

Шунингдек қуйидаги рейтинглардан фойдаланган ҳолда бажарилиш даражасини баҳолашни кузатиш:

а) тўлиқ бажарилган;

б) қисман бажарилган

с) бажарилмаган.

Йиллик мониторинг — Котибият томонидан мониторинг ёрдамида тақдим этилган ҳисоботлар асосида тузилади. Унда амалга оширилган чора-тадбирлар, бажарилиш жараёни, шунингдек белгиланган рейтинглар тавсифланади. Йиллик ҳисоботлар Коррупцияга қарши кураш кенгашига тасдиқлаш учун юборилгандан сўнг Грузия Ҳукуматига тақдим этилади ҳамда оммага муҳокамалар веб сайтида эълон қилинади.

Антикоррупцион мониторингни баҳолаш ҳисоботи Котибият томонидан ҳар    2 йилда бир марта ишлаб чиқилган таҳлилий ҳужжат бўлиб, экспертлар гуруҳи аъзоларининг кенг иштирокини ўз ичига олади (фуқаролик жамияти институти вакилларининг фикрини, давра суҳбати, рейтингларни муҳокама қилиш натижаларини ҳисобга олган ҳолда). Ушбу ҳужжатда Ҳаракатлар режасини амалга оширилиши ва Коррупцияга қарши кураш стратегиясининг мамлакатдаги вазиятга таъсирини ҳар томонлама баҳолаш натижалари, шунингдек мавжуд муаммолар ва кейинги ҳаракатлар зарурати танқидий таҳлил қилинади. Баҳолаш жараёнида Ҳаракатлар Режаси натижаларига эришишга йўналтирилган кўрсаткичлардан фойдаланилади. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг манбалари халқаро ташкилотларнинг рейтинглари, ННТ ҳисоботлари ва кўриб чиқилаётган масалалар бўйича бошқа мавжуд материаллар, бундан ташқари, ваколатли идоралар билан процедурага тегишли учрашувлар ва суҳбатлардан иборат бўлади. Котибият томонидан барчаси умумлаштирилиб таҳлилий ҳисоботлар кенг жамоатчиликка эълон қилиб борилади.

Хорижий мамлакатлар тажрибасидан давлат бошқарув органлари фаолиятида юзага келадиган коррупциявий хавф-хатарни баҳолаш ҳамда ваколатли орган томонидан антикоррупцион мониторинг самарадорлигини баҳолаш турли методологиялар асосида амалга оширилиши жорий этилгани ўрганилди. Бу жараёнда фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат ташкилотлар фаол иштирок этиши таъминланган. Мазкур институтларнинг иштироки баҳолаш методларини қўллашнинг адекватлигини оширишга ҳам хизмат қилади. Жамоатчилик назорати остидаги ҳолатлар келгусида баҳолаш объектига айланиши мумкин бўлган муносабатларга нисбатан дастлабки баҳолашни ўтказишни назарда тутади.

Тадқиқотимизда хорижий мамлакатлардаги антикоррупцион тадбирлардан ташқари Ўзбекистондаги давлат бошқарув органлари антикоррупцион дастурлари ҳам ўрганилиб қиёсий таҳлил қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Давлат геология ва минерал   ресурслар қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекциясида амалга оширилаётган  антикоррупциявий тадбирлар таҳлил қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Президентнинг 2018 йил       2 апрелдаги ПҚ-3646-сон Қарорига мувофиқ ташкил этилган. Вазирлик ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 июлдаги 603-сон Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Қурилиши вазирлиги тўғрисида Низом” асосида амалга оширади.

Вазирлик марказий аппаратининг бошқарув ходимлари 81 нафар бўлиб, ҳудудий бўлинмаларда 796 нафар ходим фаолият юритади.

Вазирлик томонидан жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган 11 та  давлат хизматларидан 6 таси интерактив давлат хизматлари бўлиб, 3 таси рухсатнома беришга оид:

1) Объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсатнома бериш;

2) Қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга рухсатнома бериш;

3) Якка тартибда уй-жой қуришга (реконструкция қилишга) рухсатнома бериш.

Қурилиш вазирлигининг коррупцияга қарши кураш сиёсати

Қурилиш Вазирининг 2019 йил 16 сентябрда “Капитал қурилиш соҳасида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан тасдиқланган “Йўл харитаси” ижросини таъминлаш тўғрисида” ги 430-сон Буйруғи қабул қилинган.

2019 йил  2 октябрда тасдиқланган Капитал қурилиш соҳасида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан тасдиқланган “Йўл харитаси” да белгиланган чора-тадбирларнинг амалга ошириш механизмининг Режа графигига мувофиқ қуйидаги чора-тадбирлар 2019 йилда амалга оширилган бўлиб, айрим тадбирларни 2020 йилда амалга оширилиши белгиланган:

1) Бош прокуратура, Ташқи ишлар вазирлиги, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш институти, “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, “Юксалиш” умуммиллий харакати, “Тараққиёт стратегияси” маркази мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан капитал қурилиш соҳасида коррупция хавфларига дучор бўладиган йўналишларни бўйича тадқиқот ўтказиш.  Тадқиқотлар натижалари бўйича капитал қурилиш соҳасида коррупция хавф-хатарига энг кўп дучор бўлган фаолият йўналишлари ва лавозимлар, шунингдек, уларнинг функцялари(ваколатлари)ни аниқлаб, рўйхатини шакллантириш;

2) 2017-2019 йилларда капитал қурилиш соҳасида содир этилган коррупцияга оид жиноятларни таҳлил қилиш, статистик маълумотларни жамлаш ва умумлаштириб  натижаси бўйича тизимли муаммолар рўйхати тайёрланган;

3) Коррупциянинг ҳолати юзасидан аҳолининг фикрини аниқлаш мақсадида Тошкент вилоятида фаолият кўрсатаётган буюртмачи, тадбиркор ва қурувчилар ўртасида ижтимоий сўровлар ўтказилган;

4) БМТ Тараққиёт дастури кўмагида танлов ўтказиш асосида хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда вазирликда коррупцияга қарши курашиш чораларини кучайтиришга қаратилган “комплаенс назорат”ни жорий этиш ҳамда “комплаенс назорат” тизими самарадорлигини мониторинг қилиб бориш;

5) Бош прокуратура Академиясида касбий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, манфаатлар тўқнашувини бартараф қилиш ва коррупцияга қарши курашишнинг бошқа йўналишлари бўйича ўқув курслари ташкил этилиб, капитал қурилиш соҳаси мутахассислари ўқитилди;

6) Капитал қурилиш соҳаси мутахассислари ва тадбиркорлар билан манзилли тадбирлар – 2019 йил 21 октябрда Бухоро шаҳрида, 23 ноябрда Урганч туманида, 21 декабрь Риштон туманида сайёр қабуллар ўтказилди;

7) Юридик ва жисмоний шахсларга қурилиш фаолиятини амалга оширишлари учун барча тоифадаги бўш турган ер майдонлари инвентаризациядан ўтказилиб, “Yereleкtron” ахборот тизимига киритилди. Бўш турган ер майдонларини доимий фойдаланишга “e-ijro auksion” савдо майдончасига жойлаштиришда “Давергеодезкадастр” қўмитаси томонидан ҳар 10 кунлик маълумотларни “e-ijro auksion” га киритилган маълумотлар билан таққослаш йўли билан тартибга солиб бориш;

8) “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими доирасида қурилишларни манзилли рўйхатларини шакллантириш(қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишда қўлланиладиган моддий-техника ресурслари ҳамда соҳага оид логистика хизматларининг жорий нархларини “онлайн каталоги”ни тегишли вазирлик ва идоралар билан интеграциясини таъминлаш орқали янгилаб бориш) ва ҳужжатларнинг электрон алмашинувини йўлга қўйиш. Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси соҳасида шаффофликни таъминлаш мақсадида, инсон омили аралашувини олдини олиш, яъни буюртмачиларни электрон шаклларда мурожаат қилиши, шартнома тузилишини “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимига интеграция қилиш;

9) Сифатсиз қурилиш махсулотларини етказиб берувчи юридик шахслар ягона қора рўйхатини шакллантирилди ҳамда уларни 1 йилдан сўнг реабилитация қилиш механизмларини ишлаб чиқиш;

10) Тендер(танлов) савдолари ўтказиш ва ғолибларни аниқлаш механизмларини такомиллаштириш.

Қурилиш вазирлиги фаолиятида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими   2021 йил 1 январга қадар эса мазкур тизимнинг республика бўйича реал вақт режимида ишлаши таъминланади. Шунингдек, 2020 йил 1 мартгача “Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри” географик ахборот тизими (геопортал) тест режимида ишга туширилади. Шу билан бирга, қарор билан Қурилиш соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази ташкил этилди. Бундан ташқари, қурилиш соҳасида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш бўйича комиссия коррупцияга қарши чораларни кучайтиришга оид “ижро этилиши юзасидан назорат” (compliance control) тизимини таъминлайди.

Давлат геология ва минерал   ресурслар қўмитаси Президентнинг 1991 йил    12 февралдаги ПҚ-142-сонли Қарорига мувофиқ ташкил қилинган бўлиб, 2018 йил   1 мартдаги ПҚ-3578-сон Қарорига мувофиқ такомиллаштирилди. Давлат Қўмитаси ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 апрелдаги 315-сон Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тўғрисида Низом” асосида амалга оширади.

Қўмита марказий аппарати ходимларининг чекланган штат бирлиги — 100 нафар, шу жумладан бошқарув ходимлари — 70 нафарни ташкил қилади.

Қўмита томонидан жисмоний ва юридик шахсларга 10 та давлат хизматлари кўрсатилади, 4 та хизмат лицензия ва рухсатнома беришга оид.

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг коррупцияга қарши кураш сиёсати

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раисининг 2019 йил 31-майдаги 145-сон буйруғи билан тасдиқланган Коррупцияга қарши кураш Дастури қабул қилинган ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича идоравий комиссия таркиби шакллантирилган.

2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг Дастурига мувофиқ қуйидаги чора-тадбирлар 2019 йилда амалга оширилган бўлиб, айрим тадбирларни 2020 йилда амалга оширилиши белгиланган:

1) Давлат геология ва минерал  ресурслар қўмитаси раисининг 2019 йил 5 августдаги 189-сон буйруғи билан Антикоррупцион тадбирларни баҳолаш Методикаси қабул қилинган бўлиб соҳадаги коррупция хавфи, давлат хизматчилари фаолиятида манфаатлар тўқнашуви кабилар ҳар олти ойда баҳолаб борилиши жорий қилинган;

1) Соҳа ходимлари ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида ҳуқуқшунос олимлар, амалиётчи юристлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакилларини жалб қилиш орқали “мулоқотлар майдони” яратилган;

2) Бош прокуратура билан Давлат геология қўмитаси ўртасида тузилган меморандумга асосан манфаатлар тўқнашувини бартараф қилиш ва коррупцияга қарши курашишнинг бошқа йўналишлари бўйича ўқув курсларини ўташ тартиби жорий қилинди;

3) Коррупцион фактлар тўғрисида хизмат текширувлари ўтказиш орқали тегишли қонуний чоралар кўрилишини таъминлаш;

4) Геология соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш самарадорлигини ошириш мақсадида тадбиркорлар ўртасида ижтимоий сўровлар ўтказиш орқали коррупцияга кўпроқ мойил бўлган йўналишлар фаолиятини мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда;

5) Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида қўмитага ахборот бериш механизмларини такомиллаштириш мақсадида электрон ва мобил воситалари – Қўмита ишонч телефонлар ва Call-марказлари жорий қилинган;

6) Пора берилиши ҳақида хабар қилган давлат хизматчилари, шунингдек коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш механизмлари ишлаб чиқилган;

7) Коррупциянинг олдини олиш чора-тадбирларини амалга ошириб боришни таъминлаш мақсадида Қўмитанинг рағбатлантирувчи жамғармаси жорий этилди;

8) Коррупция ҳолатларини аниқлашга ёрдам кўрсатувчи “холис фуқаро” тизимини жорий этиш, бунда жамоатчилик назорати ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини ошириш;

9) Соҳадаги муносабатларда вужудга келган муаммоларни бартараф этиш мақсадида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида сайёр учрашувлар ташкил қилинмоқда.

10) Давлат ва хусусий сектор ўртасидаги муносабатларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида ҳамкорликдаги инсон омили қисқартирилиб муносабатлар рақамлаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси Президентнинг 2017-йил 30-августдаги ПФ-5174-сон “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини Давлат инспекциясини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2017-йил 30-августдаги ПҚ-3249-сон “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини Давлат инспексияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” ги Қарори асосида фаолияти жорий этилган. Инспекция ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 январдаги 68-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси тўғрисида Низом”  асосида амалга оширади.

Инспекция марказий аппарати ходимларининг чекланган штат бирлиги — 70 нафар, шу жумладан бошқарув ходимлари — 30 нафарни ташкил қилади. Инспекция томонидан жисмоний ва юридик шахсларга 6 та давлат хизматлари кўрсатилади, 2 та хизмат сертификат ва рухсатнома беришга интерактив кўрсатилади:

1) Карантин рухсатномасини бериш;

2) Фитосанитар сертификатни бериш.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси коррупцияга қарши кураш сиёсати.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси раисининг 2020 йил 29-январдаги 28-п-сонли буйруғи билан тасдиқланган Коррупцияга қарши кураш Дастури қабул қилинган. Дастурга мувофиқ қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилган:

1) Инспекция тизимида коррупция ҳолатларини аниқлаш ва мониторинг қилиш мақсадида ҳар 6 ойда бир маротаба аноним сўровлар ва социологик тадқиқотлар ўтказиш белгиланган (Ўзбекистон республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси кенгаши ва Олий Мажлиси Сенати кенгашининг “Коррупцияга қарши курашиш соҳасида парламент назорати самарадорлигини ошириш тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 30 сентябрдаги   2782-III/ҚҚ-610-III-сон қўшма қарори ижроси таъминлаш юзасидан). Мазкур тадбир ижросини бажариш юзасидан “Ўздавкарантин” Инспекциясига келиб тушган мурожаатлар асосида Инспекция марказий аппарати ходимларидан ташкил қилинган ишчи гуруҳ томонидан жойларда текширувлар олиб борилиб, ходимлар ўртасида аноним сўровлар ўтказилди;

2) Инспекцияда шартномаларни оферта усулида тузиш механизми жорий қилинади;

3) Карантин соҳасидаги рухсат берувчи ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги “он-лайн” тарзида аниқлаш имконини берувчи QR-код жорий этилиши белгиланган;

4) Тадбиркорлик субъектлари ҳамда фуқаролар мурожжатларини қабул қилиш мақсадида Чегара ва ТИФ постларида “Ишонч телефонлари” ишга туширилди;

5) Ходимлар ўртасида манфаатлар тўқнашуви ва коррупция хавфини олдини олиш мақсадида ўзаро қариндош ҳамда бир-бирига бўйсуниш тартибида ишловчи ходимлар ротация қилинмоқда. Масалан, Инспекцияга келиб тушган мурожаатларни ўрганиб чиқиш жараёнида Тошкент шаҳар Ўсимликлар карантини давлат Инспекциясида бири иккинчисига бевосита бўйсунувчи, инспекция бошлиғи Муратов Жамшид Саидвалиевич ва 1-тоифали агроном инспектори Муратов Жасур Саидвалиевичлар бир тизимда ишлаётганликлари аниқланиб, тегишли кўрсатмалар асосида Ж.С.Муратов “Тошвилдавкарантин” Инспекциясига ўтказилди.

Юқоридаги таҳлиллардан келиб чиқиб давлат бошқарув органлари ходимлари фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш тартиби доирасидаги чора-тадбирлар ўрганилганда қуйидаги ташкилий ҳуқуқий механизмлар аниқланди:

а) Коррупцияга қарши курашиш бўйича ички идоравий ҳужжатлар мавжудлиги — Қурилиш вазирлиги, Давлат геология ва минерал   ресурслар қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекциясида Коррупцияга қарши кураш Дастури қабул қилинган;

б) Давлат бошқарув органлари ходимлари фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиёти қабул қилинганлиги —  Давлат геология ва минерал   ресурслар қўмитасида ишлаб чиқилган бўлиб (Қўмит раисининг 2019 йил 5 августдаги 189-сон буйруғи билан тасдиқланган), Қурилиш вазирлиги ва Ўсимликлар карантини давлат инспекциясида бундай услубиёт мавжуд эмас;

в)   Коррупцияга қарши курашиш учун масъул шахслар ва бўлинмалар мавжудлиги — Қурилиш вазирлигида коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилган ишларни мувофиқлаштирувчи масъул ходимга координаторлик вазифаси юклатилган; Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ва Ўсимликлар карантини давлат инспекциясида бундай масъул ходим белгиланмаган;

г) Коррупцияга қарши курашга оид лойиҳалар мавжудлиги — Қурилиш вазирлигида “коррупциясиз соҳа” лойиҳаси амалга оширилган;

д) Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар статистикаси шакллантирилганлиги  Қурилиш вазирлигида соҳадаги коррупцияга оид жиноятларни таҳлил қилиш, статистик маълумотларни жамлаш ва умумлаштириб  натижаси бўйича тизимли муаммолар рўйхати  шакллантирилган;

е) Коррупция хавфига учраган соҳалар, йўналишлар, лавозимлар бўйича ўтказилган сўровномалар — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси тизимида коррупция хавфларига дучор бўладиган йўналишлар бўйича ҳар 6 ойда сўров ўтказиб бориш йўлга қўйилган;

ё) “Антикоррупцион комплеанс назорат” жорий этилганлиги — Қурилиш вазирлигида коррупцияга қарши курашиш чораларини кучайтиришга қаратилган “комплаенс назорат”ни жорий этиш ҳамда “комплаенс назорат” тизими самарадорлигини мониторинг қилиб бориш белгиланган;

ж) Коррупция хавфи ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш механизмлари мавжудлиги — Давлат геология ва минерал   ресурслар қўмитасида пора берилиши ҳақида хабар қилган давлат хизматчилари, шунингдек коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш механизмлари ишлаб чиқилган;

з) Ходимларни коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқув курсларида ўқитиш йўлга қўйилганлиги —  Бош прокуратура Академиясида касбий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, манфаатлар тўқнашувини бартараф қилиш ва коррупцияга қарши курашишнинг бошқа йўналишлари бўйича ўқув курслари ташкил этилиб, капитал қурилиш соҳаси мутахассислари ўқитилиши йўлга қўйилган;

и) Давлат хизматларини кўрсатишда к“сирли мижоз” тадбири — Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасида коррупция ҳолатларини аниқлашга ёрдам кўрсатувчи “холис фуқаро” тизимини жорий этишда жамоатчилик назорати ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш йўлга қўйилган;

й) Манфаатлар тўқнашувини олдини олиш тадбирлари — Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси тизимида ходимлар ўртасида манфаатлар тўқнашуви ва коррупция хавфини олдини олиш мақсадида ўзаро қариндош ҳамда бир-бирига бўйсуниш тартибида ишловчи ходимлар ротация қилинмоқда.

Ўтказилган тадқиқотимиз натижасида аниқланган ҳолатлар юзасидан қуйидаги тавсияларимизни илгари сурамиз:

1) Давлат бошқаруви органлари томонидан олиб борилаётган коррупцияга қарши кураш тадбирлари самарадорлигини ошириш мақсадида ҳар бир орган томонидан идоравий баҳолаш услубиёти соҳавий хусусиятларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилиб коррупцияга қарши курашувчи ваколатли орган билан келишилгандан сўнг тасдиқланиши;

2) Идоравий баҳолаш услубиёти асосида давлат хизматчилари фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш жараёнидаги жамоатчилик назоратини кучайтириш;

3) Давлат хизматчилари даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиб бориш тартибини жорий этиш;

4) Идоравий антикоррупцион комплаенс назорат самарадорлигини давлат хизматчилари ва компания ходимларининг коррупцияга қарши курашишга оид белгиланган талабларни бузганликлари учун ўтказилган хизмат текширувлари шунингдек қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилганлигига оид маълумотларга асосланиб белгилаш;

5) Давлат бошқарув органлари томонидан коррупцияга қарши кураш натижалари юзасидан ҳисоботлар ҳар чоракда коррупцияга қарши курашувчи ваколатли орган томонидан мониторинг қилинишини жорий этиш.

Мамлакатимиздаги коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги мавжуд ҳолатлар ўрганилиб, ушбу соҳадаги энг самарали ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмларни давлат бошқаруви органлари фаолиятидаги коррупция хавфини минималлаштириб бартараф этилишида қўлланишини жорий этиш учун баҳолаб бориш услубиётини яратиш зарурияти мавжудлигини кўрсатади.

Юқоридаги таҳлиллардан келиб чиқиб, республикамиз коррупцияга қарши кураш соҳасида “Антикоррупцион мониторингни баҳолаш услубиёти” ни  жорий этишни таклиф қиламиз. Мазкур Услубиётни ушбу соҳадаги ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмлар самарадорлигини аниқлаш мақсадида қўллаш мумкин. Баҳолаш коррупциявий хавфни юзага келтириши мумкин бўлган ҳолатларни, манфаатлар тўқнашувини аниқлаш, уларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда тегишли чоралар кўриш мақсадида амалга оширилади.

Антикоррупцион баҳолаш Услубиётини жорий қилиш ҳамда ваколатли орган томонидан мазкур услубиёт асосида баҳолашни амалга ошириш учун қуйидаги тавсиялар илгари сурилади:

— коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмларнинг самарадорлигини баҳолашнинг институционал тузилмасини ташкил қилган ҳолда, унинг асосий фаолият йўналишларини, вазифа ва функцияларини белгилаш;

— давлат бошқаруви органлари ташкилий тузилмасидаги ҳамда функцияларидаги ўзгаришлар ҳамда бошқа ички ва ташқи омилларнинг коррупцияга қарши курашиш тизимига таъсирини таҳлил қилиш, шунингдек амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини таъминлаш;

—  коррупцияга қарши курашиш тизимининг ишончлилигини ҳамда баҳолаш жараёни шаффофлигини таъминлаш мақсадида бу жараёнга фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат ташкилотларни ҳам жалб этиш;

— мониторинг ўтказиб бориш орқали давлат хизматчилари томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича талабларга риоя қилинишини назорат қилиш;

— коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги мавжуд ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмлар самарадорлигини ошириш учун мониторинг натижалари асосида юқори кўрсаткичли соҳаларнинг ходимларини рағбатлантириб бориш тартибини жорий этиш.

Д.Анварова,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот

институти етакчи маслаҳатчиси

Javob qoldiring