Мактабгача таълим ташкилотларида болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишни ташкил этиш тартиби тасдиқланади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Мактабгача таълим ташкилотларида болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Мактабгача таълим ташкилотида болаларнинг ҳаётини муҳофаза қилиш ва соғлиғини мустаҳкамлаш мактабгача таълим ташкилотининг педагог ва тиббиёт ходимлари, шунингдек мактабгача таълим ташкилотига ҳудудий соғлиқни сақлаш органлари томонидан бириктирилган тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади.

Мактабгача таълим ташкилоти директори тарбияланувчиларнинг ҳаётини муҳофаза қилиш ва соғлиғини мустаҳкамлашни ташкил этилиши учун масъул ҳисобланади.

Тарбияланувчиларнинг ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида мактабгача таълим ташкилотида телефон аппаратлари мавжуд бўлган жойларда, шунингдек барча ходимлар кириши ва кўриши мумкин бўлган жойлардаги эълонлар тахтасига ёнғин хавфсизлиги, фавқулодда вазиятлар, тез тиббий ёрдам хизматлари ҳамда ички ишлар органларининг телефон рақамлари кўрсатилган маълумотлар осиб қўйилади.

Мактабгача таълим ташкилотининг гуруҳ тарбиячисида тарбияланувчиларнинг яшаш манзили, шунингдек уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан боғланиш мумкин бўлган телефон рақамлари ёки бошқа алоқа воситалари ҳақидаги маълумотлар бўлиши зарур.

Тарбияланувчи мактабгача таълим ташкилотида бўлган вақтда соғлиғининг ёмонлашуви, шунингдек бошқа нохуш ҳолатлар кузатилган ҳолларда мактабгача таълим ташкилоти ходимлари томонидан зудлик билан тиббиёт ҳамширасига, шунингдек тарбияланувчининг ота-онасига ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга хабар берилади. Бунда тарбияланувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар етиб келгунга қадар тиббиёт ходими томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиши лозим.

Тарбияланувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсга кузатилган ҳолат ва кўрсатилган биринчи тиббий ёрдам ҳақида тўлиқ маълумот берилади.

Тарбияланувчилар мактабгача таълим ташкилотида бўлган вақтда уларни ёлғиз ва назоратсиз қолдириш тақиқланади.

Тарбияланувчиларни мактабгача таълим ташкилоти ҳудудидан ташқарига сайр ёки экскурсияларга олиб чиқиш ички ишлар органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Тарбияланувчилар учун мактабгача таълим ташкилоти ҳудудидан ташқарида сайр ёки экскурсиялар режалаштирилганда мактабгача таълим ташкилоти директори ҳамда тарбияланувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар хабардор қилиниши шарт.

Тарбияланувчилар мактабгача таълим ташкилоти ҳудудидан ташқарига сайр ёки экскурсияларга олиб чиқилганда гуруҳ камида 2 нафар ходим билан таъминланган бўлиши лозим. Бунда ходимларнинг бири сафнинг олдида, иккинчиси сафнинг орқасида ҳаракатланиб боради.

Мактабгача таълим ташкилотига олиб келишда тарбияланувчини ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахс, ота-онанинг вояга етган фарзандлари, бобоси, бувиси ёки ота-она томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган ота-онанинг вакили) уни шахсан гуруҳ тарбиячисига топшириши лозим.

Мактабгача таълим ташкилотидан олиб кетишда гуруҳ тарбиячиси тарбияланувчини унинг ота-онасига (уларнинг ўрнини босувчи шахс, ота-онанинг вояга етган фарзандлари, бобоси, бувиси, ёки ота-она томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган ота-онанинг вакилига) топшириши лозим.

Мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчилар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда улар учун зарур шароитларни яратилишини назорат қилиш мақсадида видеокузатув мосламалари ўрнатилиши мумкин.

Мактабгача таълим ташкилотининг ҳар бир қаватида ҳамма кўриши мумкин бўлган жойларда фавқулодда вазиятлар юз берган ҳолларда тарбияланувчиларни эвакуация қилиш режаси жойлаштирилади.

Тунги гуруҳи бўлган мактабгача таълим ташкилотининг навбатчиси ёки тунги тарбиячиси ҳар куни соат 19:00 дан 20:00 гача бўлган вақт оралиғида ёнғин хавфсизлиги идораларига мактабгача таълим ташкилотида мавжуд болалар ва ходимлар сони ҳақида маълумот беради.

Мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларнинг ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида:

мактабгача таълим ташкилоти ҳудудига кириш эшигига қўнғироқ ўрнатилиши;

гуруҳда мавжуд бўлган жавон, илгак, портретлар, шунингдек гул тувакларини жойлаштиришга мўлжалланган махсус мосламалар девор ёки полга маҳкамлаб қўйилиши лозим.

Мактабгача таълим ташкилоти ҳудудида, шунингдек гуруҳларда инсон учун хавфли бўлган ўсимлик ва буюмлардан фойдаланиш тақиқланади.

Javob qoldiring