Кўплаб мамлакатларда COVID-19ни баратараф этишда ижтимоий узоқлашув ва карантин тадбирлари энг тўғри усул сифатида қўлланилди.

Бугунга келиб, коронавирус пандемиясининг чўққига чиққан даврини ўтказган Европа давлатларида карантин чоралари юмшатилмоқда.

Германияда ҳукумат босқичма-босқич қуйидаги тадбирлар орқали чекловларни юмшатишини маълум қилган:

  • мамлакатда майдони 800 квадрат метргача бўлган дўконларнинг, майдонидан қатъи назар китоб дўконлари, автосалонлар ва велосипед савдоси ва таъмири билан шуғулланувчи шохобчалар ишлашига 20 апрелдан рухсат берилди, супермаркет ва савдо марказлари эса ёпиқлигича қолмоқда;
  • ўқувчи ва талабаларнинг босқичма-босқич таълимга қайтиши белгиланган бўлиб, гимназия ва бошланғич синф ўқувчиларига 4 майдан ўқув даргоҳларига қайтишига рухсат берилди;
  • жамоат жойларида фуқароларнинг 1,5 метр масофани сақлаган ҳолда ҳаракатланиши белгиланди;
  • кафе ва ресторанлар фаолиятига рухсат берилмади;
  • маъданий, диний ва спорт тадбирлари, шунингдек, мусиқа фестиваллари, концерт ва бошқа оммавий тадбирларнинг мамлакат бўйлаб ўтказилиши 31 августгача тақиқланди.

Мамлакат ҳукумати юмшатилган карантин чораларининг қандай натижаларга олиб келиши кузатилишини, агар натижалар ёмон бўлса, янада узоқроқ давом этувчи карантин чораларига тайёр туриши ҳақида аҳолини огоҳлантирган.

Данияда ҳам карантин чораларини юмшатиш тартиби белгиланган бўлиб, мактабгача таълим муассасалари ва бошланғич синф мактаблари 15 апрелдан иш бошлаган бўлса, юқори синф ўқувчиларининг мактабга қайтиши 10 майдан амалга оширилиши белгиланган. Кўнгилочар муассасалар, жамоат жойларига оид тақиқлар эса сақланиб қолган.

Энг қатъий карантин чоралари ўрнатилган Испанияда ҳам 26 апрелдан 14 ёшдан кичик бўлган болаларнинг ота-онаси ҳамроҳлигида кўчага чиқишига рухсат берилди. Бошқа юмшатишлар май ойининг иккинчи ярмидан амалга оширилиши мумкинлиги маълум қилинди.

Полшада ҳам эпидемиянинг ортга чекина бошлагани хабар қилинган

ва нормал ҳаётга қайтиш секинлик билан йўлга қўйилиши режалаштирилган. Аҳолининг дўконларга ва ҳиёбонларга чиқишига рухсат берилган.

Швейцарияда мактабларнинг очилиши 11 майга қадар режалаштирилган бўлса, бар ва ресторанлар эса камида 8 июнга қадар фаолият кўрсатмайди.

Россияда вазият оғирроқ. Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашконинг маълум қилишича, бу мамлакатда карантин чекловларини босқичма-босқич бекор қилиш режалаштирилган бўлиб, бу жараён коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқилгунга қадар давом этиши ҳам мумкин. Шунингдек, “Роспотребнадзор” раҳбари Анна Попова эса энг охирги бўлиб оммавий тадбирларга ўрнатилган тақиқ бекор қилинишини маълум қилган.

Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев 5 май кунги йиғилишда Махсус комиссияга уч кун муддатда стикерларни бекор қилиб, барча транспорт воситалари ҳаракатланишига рухсат бериш бўйича топшириқ берган эди.

Бундан ташқари, эпидемиологик вазият яхши бўлган ҳудудларда ноозиқ-овқат дўконлари, тиббий диагностика, такси хизмати, уй таъмирлаш, тикувчилик, маиший техника ва пойабзал тузатиш, сартарошхоналар фаолияти бўйича кучайтирилган санитария талабларини белгилаган ҳолда, иш бошлаши учун ҳам рухсат берилди.

Вазият ёмонлашса, карантин чоралари қайта тикланиши белгиланган.

Фикримизча, Ўзбекистонда ҳам хорижий мамлакатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда карантин режимидан босқичма-босқич чиқиш тўғри бўлади. Жумладан, карантин чоралари юмшатилгандан сўнг камида икки ой қуйидаги чораларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ:

  • фуқароларнинг жамоат жойларида фақат ниқоб таққан ҳолда ҳаракатланишини белгилаш;
  • таълим муассасаларида масофадан (онлайн) ўқитиш тизимини давом эттириш;
  • жамоат транспортида бир вақтнинг ўзида одамлар кўпайиб кетмаслиги чораларини ишлаб чиқиш, хусусан тана ҳарорати юқори бўлган йўловчиларни аниқлаш тизимини жорий қилиш;
  • давлат хизматлари кўрсатиладиган ташкилотлар (давлат хизматлари марказлари, ички ишлар бошқармаларининг визалар ва рўйхатдан ўтказиш бўлимлари ҳамда автотранспорт воситаларини рўйхатга олиш бўлимлари, коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари ва бошқ.)да одамлар тўпланмаслигини таъминлаш, жумладан, бу соҳаларда интерактив хизматлардан фаол фойдаланиш;
  • умумий овқатланиш жойлари, кафе, бар, тўйхона, ресторан, чойхона, концерт заллари, стадионлар, тунги клублар фаолиятига рухсат бермаслик;
  • халқаро ва маҳаллий даражадаги конференциялар, форумлар, концертлар ва бошқа ҳар қандай оммавий тадбирларни, шу жумладан, давлат ташкилотларида 10 кишидан ортиқ одам билан йиғилишлар ўтказилишини тақиқлаш;
  • Ўзбекистон ҳудудига чет элдан кириб келган ҳар бир шахсни 14 кунлик назоратга олиш (кузатув ёки карантин режимида).

Бундай чоралар коронавирус эпидемиясининг иккинчи тўлқини содир бўлишининг олдини олишга хизмат қилган бўлар эди.

Javob qoldiring