Фуқароларимизнинг аксари коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида киритилган чекловларни ижобий қабул қилмоқдалар. Одамлар бу зарур ва мажбурий чоралар эканини ва уларни қабул қилмасак, оқибати аянчли бўлишини яхши англамоқдалар.

Чиндан ҳам пандемия туфайли рўй бераётган ўлим ҳолатлари сони бутун дунёда ортиб бормоқда. Вазият Европада касалликни профилактика қилиш ва назоратга олиш маркази тарқатган графикда ҳам яққол ўз аксини топган.

Коронавирусдан юзага келган аён хавфга қарамай, айрим шахслар Ўзбекистонда жорий этилган карантин чора-тадбирларини танқид қилмоқдалар. Уларнинг фикрича, Коронавирусга қарши кураш бўйича Республика махсус комиссиясининг шахсий автотранспорт воситаларидан фойдаланишни вақтинча чеклаш бўйича қарори Конститиуция ва қонунларга зид. Ва гўёки “ҳеч бир махсус тузилган комиссия, ҳар қандай яхши ният билан бўлса ҳам, инсонларнинг конституцион ҳуқуқларини чеклаш ваколатига эга эмас”.

Аммо исталган ҳуқуқшуносдан сўрасангиз, бу хулосанинг нотўғри эканини осонгина исботлаб беради.

Карантин чораларини жорий этиш асослари ва тартиби аллақачон қонунчиликда белгилаб қўйилган. Биринчи навбатда, гап “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонун ҳақида боради. Ушбу Қонуннинг 3-моддасига кўра чекловчи тадбирлар ёки карантин деганда “юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган маъмурий, тиббий-санитария чора-тадбирлари ва бошқа чора-тадбирлар” назарда тутилади.

Қонуннинг 31-моддасида кўзда тутилишича, юқумли ва паразитар касалликларнинг пайдо бўлиш ёки тарқалиш хавфи юзага келган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тегишинча Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар бош давлат санитария врачларининг, улар ўринбосарларининг тақдимномасига кўра тегишли ҳудудларда ёки объектларда белгиланган тартибда чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатда санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлашдаги ваколатлари “Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонунида ҳам белгилаб қўйилган.

Чекловчи тадбирларни жорий этган Махсус комиссия Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан бошқарилади ва асосан Ҳукумат аъзоларидан таркиб топган. Ушбу Комиссия томондан зарур чора-тадбирларнинг жорий этилиши юқорида кўрсатилган қонун ҳужжатлари талабларига мос келади.

***

Куни кеча кўплаб хорижий оммавий ахборот воситалари Лондон Империя коллежи томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларини чоп этди. Олимларнинг хулосаларига кўра, 11 та Ғарбий ва Шимолий Европа мамлакатларида коронавирусга қарши кураш доирасида фуқароларнинг ва транспорт воситаларининг ҳаракатланишига қўйилган чекловлар ҳамда ушбу мамлакатлар ҳукуматлари томонидан қўлланган бошқа чора-тадбирлар натижасида мазкур давлатларда март ойининг охирига келиб 21 000 нафардан 120 000 нафаргача инсоннинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Жаҳонгир Дадажонов,
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими