Ишсизлик, иқтисодий ва ижтимоий пасайиш — буларнинг барчаси коронавирус пандемияси билан боғлиқ бўлмоқда. Шу ўринда, дунё бўйлаб карантин чекловлари жорий этилган пайтда жиноятлар сони ошадими ёки камаядими, деган табиий савол туғилади.

Бу савол, қонун жиноятларга қарши курашиш учун доим “шай” туришини, амалиётчилар, тадқиқотчилар, олимлар томонидан билдирилаётган таҳлилларга асосланиб, коррупция орқали муайян соҳаларда юзага келадиган жиноятчиликка қарши кураш кучайтирилиши ёки жиноятларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар кўрилишини мақсад қилади.

“Табиий офатлар криминологияси” фавқулодда вазиятлар пайтида жиноий хатти-ҳаракатларни ўрганади. Унга кўра, фавқулодда вазиятлар шароитида қонунчилик назорати сусаяди ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими издан чиқади, юз минглаб одамлар барча мавжуд воситалар билан тирик қолиш учун курашишга мажбур бўлади ва оқибатда жиноятчилик ортади.

Пандемия даврида жиноятларнинг умумий сони нисбатан камаяди, бироқ айрим турдаги жиноятлар ўсишда давом этади.

Албатта, карантин даврида одамлар ихтиёрий равишда ўзини ўзи изоляция қилиши натижасида ижтимоий алоқалар, яъни жиноятлар содир этилиши мумкин бўлган манбалар камаяди. Қуйида ўсиши ёки камайиши эҳтимоли юқори бўлган жиноят турларини қисқача кўриб ўтамиз:

Авваламбор, карантин чекловларини назорат қилиш бўйича давлат ташкилотлари ва идораларига қўшимча ваколатлар берилиши ёки давлатнинг муайян фаолият турлари устидан назоратнинг сусайиши коррупция жиноятларининг сони ошишига сабаб бўлади.

Албатта, ҳеч бир давлат коррупциядан бутунлай қутулмаган. Улар бир-бирига нисбатан фарқ қилади, холос.

Пандемия шароитида эса, асосан, йирик ва майда коррупция турлари ўсади дейиш мумкин.

Хусусан, ноқонуний пул айланмалари йирик коррупцияга йўл очиб берса, карантин чекловларини назорат қилишда, жумладан, турли рухсатномалар беришда, ноозиқ-овқат маҳсулотларининг сотуви, транспорт воситалари ҳаракатланишининг чекланишини назорат қилишда майда коррупция ҳолатлари юзага келиши мумкин.

Иккинчидан, белгиланган карантин чекловлари сабабли оиладаги зўравонлик ҳолатлари кўпайиши ҳақида ҳам эслатиб ўтиш жоиз. Карантин сабабли агрессия ва спиртли ичимликлар ичишга мойил бўлганлар энди кафега ёки дўстлари ёнига бормайди. Ушбу турдаги маиший жиноятчиликнинг ошаётганлигига кўплаб мамлакатлар гувоҳ бўлиб улгурган ва унинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Хусусан, оммавий карантин чораларини биринчи бўлиб қўллаган Хитойда бу даврда уйдаги зўравонлик бўйича даъволар сони уч баравар кўпайганлиги қайд этилган. Мамлакатда аллақачон ажралишлар сони кўпайган.

Учинчидан, карантин даврида ўғирлик ва фирибгарлик жиноятлари даражасини ҳам таҳлил қиладиган бўлсак, жиноятчиликка оид ўз статистик маълумотларини эълон қилган давлатларнинг маълумотларига кўра, ўғирлик муайян даражада камайган. Бироқ бу кўрсаткич карантиннинг давом этиш пайтига боғлиқ бўлишидан қўрқишмоқда. Ўғирликнинг ортиши асосан, ижтимоий ҳимояга муҳтожликдан ёки турли корхоналар, савдо ва умумий овқатланиш объектларининг ёпилиши билан боғлиқ бўлади. Бундай пайтда, қаровсиз объектлар ва машиналар учун хавфли вазият юзага келади. Шу сабабли кузатув камераларига нисбатан талаб ошади.

Фирибгарлик жинояти эса карантин пайтида одамларда шаклланиб улгурган раҳмдиллик, ишончни суиистеъмол қилиш, тақиқларни чеклаб ўтиш истагидаги шахсларга ёрдам кўрсатиш орқали содир этилишини таҳмин қилиш мумкин. Айниқса, карантин даврида онлайн хизматларга бўлган талабнинг ошиши хизматлар кўрсатиш ёки бошқа яширин мақсадлардаги онлайн фирибгарликлар сонини оширади. Бундай шароитда, айниқса, кекса кишиларнинг фирибгарлик “қурбон”ига айланиши эҳтимоли кўпроқ.

Тўртинчидан, умумий овқатланиш корхоналарининг (кафе, ошхона, ресторан) ёпилиши мастлик ҳолатида содир этиладиган жиноятлар, хусусан, турли даражадаги тан жароҳати етказиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар  сонини камайтиради. Бундан ташқари, қотиллик жиноятлари даражаси ҳам тушади.

Бешинчидан, гиёҳванд воситалар савдоси билан боғлиқ жиноятчилик даражасини таҳлил қиладиган бўлсак, Гуардианнинг (Guardian) маълумотларига кўра, ўрнатилган чекловлар гиёҳванд воситаларига бўлган талабни камайтирмаган ва Буюк Британиянинг Жиноятга қарши кураш миллий агентлиги 2020 йилда уларнинг айланмаси билан боғлиқ жиноятларни 50 фоизга ўсганлигини қайд этган.

Шунингдек, карантин давридаги коррупция ҳолати ва жиноятлар кўрсаткичи карантин тугаганидан сўнг шу ҳолатда қолади деб айта олмаймиз.

Гап шундаки, табиий офатлар ва эпидемиялар узоқ вақт давомида жиноий вазиятни ўзгартира олмайди.

Пандемиядан кейинги дунёда коррупция ва жиноятчиликнинг кучайишини кутишимиз керакми?

Албатта, пандемия натижасида дунё бўйлаб миллионлаб одамлар ишларидан, жумладан, даромад манбаидан айрилади. Тўғри, бойлик – коррупция – жиноятчилик тушунчалари ўртасида боғлиқлик бўлса-да, воқелик анча мураккаб. Криминологик тадқиқотлар ушбу муносабатлар ўртасидаги боғлиқлик ҳали тўлиқ тушунилмаган мураккаб эканлигини бир неча бор исботлаган. Назарий жиҳатдан, даромаднинг пасайиши порахўрлик ва мулк билан боғлиқ жиноятларнинг кўпайишига олиб келиши мумкин, аммо баъзи ҳолларда бундай бўлмаган. Масалан, 2008 йилдаги глобал иқтисодий инқироз “жиноятчиликнинг кескин пасайиши”ни тўхтата олмаган.

Бироқ кўпгина экспертлар ўз таҳлилларига таяниб карантиндан кейин жиноятчилар жамиятга “оч” ҳолда чиқиши эҳтимоли юқори эканлигини, бу эса, коррупциянинг кучайиши ҳамда жиноятчиликнинг бир қанча турлари кўпайишига сабаб бўлишини таъкидлашган.

Албатта, ушбу таҳлиллар карантиндан кейинги даврда давлат органлари фаолиятининг янада шаффофлигини таъминлаш ҳамда давлат хизматчиларининг тизимдаги ротациясини амалга оширишни талаб этади. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар назорат функциясини кучайтириш ҳамда фуқароларнинг жабрланувчиларга айланиб қолмасликлари учун онлайн ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш лозимлигини билдиради.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, карантин бу вақтинчалик чеклов. Айни шу дамларда, жиноят содир этиш инсониятга хос бўлмаган жиҳат дейиш мумкин. Биздан бирлашиш, бир-биримизга ёрдам кўрсатиш талаб этилмоқда. Ўзимизни, яқинларимизни асрайлик.

Адиба Сафарова,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат
тадқиқот институти масъул ходими

Javob qoldiring