#HSTI Адлия вазирилиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтиJune 16, 2020

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 19 майдаги ПФ–5997-сон Фармонига мувофиқ Адлия вазирлиги амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини мониторинг қилиш, ушбу соҳада вазирлик ва идоралар ваколати ва функцияларининг тўлиқ ва сифатли амалга оширилаётганлиги ҳамда белгиланган мақсадларга эришилаётганлигини функционал таҳлил қилиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланган.

Адлия вазирлиги 2020 йил охирига қадар 2018–2019 йилларда янги (қайта) ташкил қилинган 8 та вазирлик ва идора фаолиятини ўрганади. 

Ҳужжатда Қурилиш вазирлиги, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги алоҳида тилга олинган.

Унга кўра, Адлия вазирлиги янги (қайта) ташкил қилинган вазирлик ва идоралар, шу жумладан, улар таркибидаги алоҳида ташкилотларга (агентликлар, инспекциялар, марказлар ва бошқалар) юклатилган вазифа ва функцияларнинг самарали амалга оширилаётганлигини улар янги (қайта) ташкил қилинган кундан бошлаб камида 6 ой ўтгандан сўнг ўрганади.

Мазкур ўрганишларга тегишли масалага тааллуқлилигидан келиб чиқиб, бошқа вазирлик ва идораларнинг малакали мутахассисларини жалб қилишга ҳақли. Ўрганиш натижалари бўйича асослантирилган таҳлилий материаллар ва таклифлар тайёрлайди ҳамда Президент администрацияси ва ҳукуматга кўриб чиқиш учун киритади.

Бундан ташқари, адлия вазирлиги маъмурий ислоҳотлар доирасида вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқиладиган янги ташаббусларни кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан инобатга олиниши мажбурий бўлган хулосалар беради; вазирлик ва идоралар, шу жумладан, улар таркибидаги алоҳида ташкилотларнинг (агентликлар, инспекциялар, марказлар ва бошқалар) вазифа ва функциялари амалга оширилишининг самарадорлиги кўрсаткичларини (индикаторларини) баҳолайди ва натижаси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати мажлисида муҳокама қилиш учун умумлаштирилган ҳисобот, шунингдек, самарадорлик кўрсаткичларига (индикаторларига) эришмаган давлат органлари мансабдор шахсларига нисбатан тегишли жавобгарлик чораларини қўллаш бўйича таклиф киритади.

Шу билан бирга, президент фармонида Адлия вазирлиги зиммасига 2020 йил якунига қадар вазирлик томонидан ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун лойиҳалари сифатида қабул қилиш орқали уларнинг улушини 20 фоизга етказиш, давлат бошқаруви тизимини функционал таҳлил қилган ҳолда вазирлик ва идораларнинг камида 10 та функциясини нодавлат секторга ўтказиш бўйича таклиф киритиш, электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари улушини 12 фоизга етказиш, аҳолига давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган янги хизматлар сонини 15 тага ошириш, нодавлат нотариат шаклига айлантирилган давлат нотариал идораларининг улушини 95 фоизга етказиш, 29 та қонуности ҳужжатлари билан белгиланган жавобгарлик ва санкция нормаларини чуқур таҳлил қилиш ва тегишли қонунларга киритилишини таъминлаш каби вазифалар ҳам юклатилган.

Javob qoldiring