Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан суғурта муносабатларига оид ҳуқуқий таҳлил.

Икки томонлама (ўзаро) суғурта қонунчилиги: уни такомиллаштириш керакми? – Telegraph

Бугунги кунда ўзаро суғурта дунё мамлакатларида ривожланиб бораётган суғурта турларидан бири ҳисобланиб, унинг улуши жаҳон суғурта бозорида 26.7 %ни ташкил этади. Халқаро кооператив ва ўзаро суғурта федерацияси (IKMIF) томонидан эълон қилинган Global Mutual Market Share 10 ҳисоботининг 10 йиллик махсус нашрига кўра, ўзаро ва кооператив суғурта бозори глобал молиявий инқироздан кейинги 10 йил ичида (2007-2017 йиллар) суғурта саноатининг энг тез ривожланаётган қисмидир. Молиявий инқироз бошланганидан кейинги 10 йил ичида ўзаро суғурта мукофотлари умумий суғуртанинг ўсишига (17%) нисбатан 30% га ошган.

Бироқ, ҳозирги кунда мамлакатимизда атига учта ўзаро суғурта жамиятлари фаолият кўрсатмоқда. Бу кўрсаткич, албатта, республикамизда ўзаро суғурта институти ривожланмаганини англатади. Буни, авваломбор, ўзаро суғурта фаолиятини амалга ошириш учун етарлича ҳуқуқий механизм яратилмаганлиги билан изоҳлаш мумкин. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан суғурта институтининг бир тури бўлган ўзаро суғурта қонунчилиги ўрганилди.

Амалдаги қонунчиликка кўра…

Ўзаро суғурта фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 960-моддаси қоидалари билан тартибга солинади. Унга мувофиқ, фуқаролар ва юридик шахслар ўз мол-мулкларини ҳамда ушбу Кодекс 915-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган бошқа мулкий манфаатларини икки тарафлама асосда, бунинг учун икки томонлама суғурта қилиш жамиятларида зарур маблағларни бирлаштириш йўли билан суғурта қилишлари мумкин. Икки томонлама суғурта қилиш жамиятлари ўз аъзоларининг мол-мулки ҳамда бошқа мулкий манфаатларини суғурта қилишни амалга оширади ва тижоратчи бўлмаган ташкилот ҳисобланади.

Ушбу моддада ўзаро суғурта фаолиятига оид бошқа қоидалар, шу жумладан, икки томонлама суғурта қилиш бевосита аъзолик асосида амалга оширилиши, суғурта муносабатларини тартибга солувчи умумий қоидалар икки томонлама суғурта фаолиятига нисбатан ҳам қўлланилиши, жамият томонидан мажбурий суғуртани амалга оширишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилиши, жамият суғурталовчи сифатида жамиятнинг аъзолари бўлмаган шахсларнинг манфаатларини суғурта қилиши кабилар кўрсатилган бўлиб, икки томонлама суғурта қилиш жамиятлари ҳуқуқий ҳолатининг хусусиятлари ва уларнинг фаолият юритиш шартлари қонун ҳужжатлари билан белгиланиши ҳам назарда тутилган.

Аммо ўзаро суғурта жамиятининг ҳуқуқий мақоми, унинг фаолият юритиш хусусиятлари, жамият аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш ҳамда жамият аъзоларининг манфаатларини ўзаро суғурта қилиш билан боғлиқ муносабатларни  ҳуқуқий тартибга солувчи қонун ҳужжати мавжуд эмас.

Ўзаро суғурта моҳияти ва уни такомиллаштириш зарурияти

Зеро, ўзаро суғурта фаолиятининг суғурта бозорида муҳим ўрин тутишини унинг қуйидаги хусусиятлари билан баҳоланади:

Биринчидан, қонун ҳужжатларида лицензиялаш талаблари, устав капиталининг минимал миқдори ва кириш бадали йўқлиги тез ва минимал харажатлар билан янги ўзаро суғурта жамиятини ташкил қилиш имконини беради.

Жамият ўзаро суғуртани жамият аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган жамият уставига ёки умумий суғурта шартномасини тузиш орқали амалга оширади. Хусусан, жамият аъзолари томонидан суғурта суммалари, суғурта мукофотлари ва суғурта тўловлари миқдори, суғурта ҳодисалари рўйхати тасдиқланади. Ўзларининг ҳолати бўйича жамият аъзолари ҳам суғурталовчилар, ҳам суғурта қилувчилар бўлганлиги сабабли суғурта шартномаси оддий суғурта муносабатларидаги каби суғурталовчи ва полис эгаси ўртасидаги икки томонлама битим эмас, балки келишувдир.

Иккинчидан, ўзаро суғурталашдан ташқари, қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзаро суғурта жамияти фаолиятнинг бошқа турларини амалга ошириш ҳуқуқига эга. Жумладан, инвестиция киритиш (суғурта захираларини жойлаштириш), ихтисослаштирилган дастурий таъминот, ихтисослаштирилган адабиётлар сотиш, эгаликдаги мулкларни ижарага бериш кабилар.

Учинчидан, ўзаро суғурта жамияти ўз мажбуриятларининг бажарилишини таъминлаш мақсадида ўз уставида белгиланган тартибда ва шартларда олинган суғурта бадалларидан суғурта захираларини шакллантирадилар. Қабул қилинган суғурта мукофотлари тўлиқ ҳажмда суғурта захираларини шакллантиришга йўналтирилади. Жамият аъзоси тўланган суғурта мукофотини суғурта ҳодисаси муносабати билан фақат суғурта тўлови шаклида қайтариб олиши мумкин. Суғурта жамиятларидан фарқли ўлароқ, ўзаро суғурта жамияти инвестиция даромадлари ва капитални суғурта захирасини шакллантириш учун йўналтириши мумкин.

Тўртинчидан, ўзаро суғуртанинг дунёда машҳурлиги унинг тадбиркорлик субъектлари учун шубҳасиз устунликлари ва имтиёзлари билан белгиланади. Ўзаро суғурта жамиятининг нодавлат нотижорат ташкилот мақомига эга бўлганлиги сабабли даромад солиғини тўламайди. Шунинг учун уларнинг ставкалари бошқа суғурта жамиятлари нархларидан пастроқ бўлади.

Суғурта шартлари, шу жумладан суғурта тарифлари ҳажми суғуртадан тижорат фойдаси олиш учун эмас, балки ўзаро суғурта жамияти аъзолари томонидан ўзларининг манфаатларини қондириш учун белгиланади.

Шу жиҳатдан, ўзаро суғурта асосан юқори тарифлар туфайли бошқа суғурта ташкилотларида ноқулай бўлган суғурталаш сабаб кичик ва қисман ўрта бизнесга қаратилган.

Шунингдек, йиллар давомида ҳосил бўлган суғурта операцияларидан олинган даромад (тўланган бадал суммасининг суғурта тўловлари миқдоридан ошиб кетиши) суғурта ташкилоти томонидан қайтариб берилмайди, балки фақат жамият аъзоларининг манфаатларида фойдаланилади. Масалан, суғурта мукофотларини ошириш, суғурта тарифларини камайтириш ёки ўзаро суғурта жамияти аъзоларини бир ёки икки йил давомида суғурта бадалларини тўлашдан озод қилиш ва бошқалар.

Маълумот учун: 2012 йилда Қозоғистон Республикасининг барча суғурта ташкилотларида суғурта мукофотларини 211,5 млрд. тенгени, суғурта тўловлари 68,1 млрд тенгени ташкил қилган.

Бешинчидан, ўзаро суғуртанинг яна бир ўзига хос хусусияти шундан иборатки, ҳар бир суғурталовчи фонд аъзоси бўлиш билан бир қаторда жамиятнинг бошқарув, молиявий фаолиятида фаол иштирок этади. Ўзаро суғурта жамиятининг аъзолари жамиятнинг ривожланиш сиёсатини, суғурта қилинган рисклар рўйхатини, хизматларнинг нархини, суғурта захираларини шакллантиришни ва бошқаларни белгилашлари мумкин.

Шунингдек, одатда, ўзаро суғурта жамияти аъзолари бир-бирларини яхши билишади, бу эса бошқарув масалаларида, шу жумладан суғурта захира фондларидан мақсадли фойдаланиш мониторинги механизмларида юқори даражадаги ишончни таъминлайди.

Олтинчидан, ўзаро суғурта жамияти фаолиятининг энг истиқболли йўналишларидан бири бу қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини суғурталашдир. Ушбу суғурта фаолиятининг тартибга солиниши ҳозирги кунда деярли ривожланмаган суғурта сегментларидан бири қишлоқ хўжалигини суғурталашни ҳам кенг тарқалишига замин яратади. Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини суғурталаш ихтиёрий суғурта ҳисобланади. Ихтиёрий суғуртанинг суст ривожланаётганлиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларнинг суғурта мукофотларини тўлаш учун маблағлари йўқлиги, шунингдек, фермерларнинг молиявий фаровонлигини ҳимоя қилиш механизми сифатида суғурта моҳиятини тушунмаслиги билан боғлиқ.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, қишлоқ хўжалигидаги хатарларнинг аксарияти фақат ўзаро суғурта орқали тўлиқ ва ишончли ҳимоя қилиниши мумкин.

Еттинчидан, ўзаро суғурта тизими аҳолининг маънавий қарашларига яқин, чунки у ўзбек халқининг ўзига хос анъаналари ва ўзаро ёрдам ғояларига асосланади. Биламизки, маҳаллий аҳоли орасида ихтиёрий жамоат ўзаро ёрдам кенг тарқалган бўлиб, одамлар доимий равишда жамият аъзоларидан бирига унинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш учун ёрдам беришади. Бу ушбу суғурта турини янада кенг тарқалишига ёрдам беради.

Бундан ташқари, ўзаро суғурта фаолиятининг асосий иқтисодий принциплардан бири бу жамият аъзоларининг суғурта фаолияти натижалари учун жавобгарлигининг биргаликдаги табиатидир. Яъни, суғурта тизими миллий бирдамликка асосланади.

Кўриниб турибдики, юқорида санаб ўтилган хусусиятлар Фуқаролик кодекси қоидаларида ўз аксини топмаган. Бу эса, ўзаро суғурта фаолиятига оид муносабатларни махсус тартибга солишга қаратилган қонун қабул қилиш заруриятини кўрсатади.

Хориж тажрибаси

Ўзаро суғурта жамиятлари дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатлари бозорларида алоҳида ўрин тутади. Юқорида келтирилганларга қўшимча сифатида айтиш мумкинки, ўзаро суғурта Япония, АҚШ, бир қатор Европа мамлакатларининг суғурта бозорларида ўз ўрнига эга. Ҳозирги вақтда дунёда энг катта ўнта ўзаро суғурта жамиятлари мавжуд бўлиб, улардан олтитаси Японияда фаолият юритади. Япониянинг суғурта бозори йиғилган мукофотлар ҳажми бўйича дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради ва ҳаётни суғурталаш бўйича Япония бозорида ушбу сегментда йиғилган суғурта мукофотларининг 16 фоизини ташкил этади.

Ғарбий Европа, АҚШ, Канада ва Шарқий Осиё давлатларида ўзаро суғурта соҳаси ҳуқуқий тартибга солинган. Хусусан, Канаданинг “Ўзаро суғурта жамиятлари тўғрисида”ги қонунида ўзаро суғурта жамиятлари, уларни ташкил этиш, фаолият юритиш усуллари ва уюшмаларга бирлашишига оид нормалар, шунингдек, ўзаро суғурта жамиятлари нотижорат ташкилотлари ҳисобланиши ва ҳаёт суғуртаси соҳасида ҳам фаолият юритиши мумкинлиги белгиланган. Бундан ташқари, қонунда ўзаро суғурта жамиятлари вақтинча бўш бўлган суғурта захиралари маблағларини фаол равишда инвестиция қилишлари учун зарурий шароитларни яратувчи ҳуқуқий меъёрлар ҳам акс этган.

Шунингдек, такафул (араб тилида “ўзаро кафолат” деган маънони англатади) деб аталган ўзаро суғурта бугунги кунда кўплаб мусулмон давлатларида жуда ривожланган. Бундай молиявий воситанинг жаҳон амалиётида ишлаб чиқилиши ва қўлланилиши нафақат ушбу мамлакатлар ичида фойдаланилмаётган ресурсларни жалб қилиш, балки жаҳон молия бозорини диверсификация қилиш имкониятини яратди.

Такафул ёки Ислом суғуртаси бу ўзаро ёрдам (таавун) ва ихтиёрий бадаллар (табарра) тамойилларига асосланган тизим бўлиб, у гуруҳ аъзолари ўртасида хавфларни жамоавий ва ихтиёрий равишда тақсимлашни таъминлайди.

МДҲ давлатларида ўзаро суғуртани тартибга солиш борасида ҳуқуқий асослар яратилган. Жумладан, Қозоғистон Республикасида ўзаро суғурта суғурта хизматларининг нисбатан янги тури бўлиб, 2006 йил 5 июлда “Ўзаро суғурта тўғрисида” ги қонун қабул қилиниши билан расмий равишда бизнес айланмасига киритилган. Қонуннинг 1-моддасига биноан, ўзаро суғурта ташкилоти бу истеъмолчилар кооперативи ташкилий-ҳуқуқий шаклидаги юридик шахс сифатида ташкил этилган ўзаро суғурта жамияти бўлиб, Қозоғистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (108-модда) истеъмолчилар кооперативи мазмунига мувофиқ, ўзаро суғурта жамияти устав капиталига эга бўлмаган нотижорат ташкилоти ҳисобланади, яъни муассислар фақат жамиятни ташкил этиш ва таъминлаш учун зарур бўлган мол-мулк ва пул улушларини (бадалларни) қўшадилар. Қозоғистон Республикасида ўзаро суғурта жамияти қишлоқ хўжалигини суғурталашда алоҳида ўрин тутади.

Россия Федерациясида ўзаро суғурта фаолияти2007 йил 29 ноябрдаги286-ФЗ-сонли “Ўзаро суғурта тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинади. Мазкур Қонуннинг 2-моддасига кўра, ушбу Федерал қонуннинг тартибга солиш предмети ўзаро суғурта жамияти аъзоларининг мулкий манфаатларини ўзаро суғурта қилиш, шунингдек жамият ҳуқуқий ҳолатининг хусусиятлари, унинг фаолият юритиш шартлари, жамият аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш билан боғлиқ муносабатлардир. Шунга кўра, қонун билан ўзаро суғурталаш тартиби, ўзаро суғурта жамияти тушунчаси ва уни ташкил қилиш, жамият устави, жамият аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жамиятнинг бошқарув органлари ва уларнинг ваколатлари каби муносабатлар тартибга солинган.

Юқорида келтирилганлар мамлакатимизда ҳам ўзаро суғурта соҳасини ривожлантиришга туртки берувчи, уни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга замин  яратувчи, хорижий давлатларда мавжуд камчиликларни бартараф этган ҳолда,  ўзаро суғурта соҳасини тўғридан-тўғри тартибга солувчи қонун лойиҳаси яратилиши заруриятини келтириб чиқаради.

Адиба Сафарова
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими

Javob qoldiring