Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасига кўра, деҳқон хўжаликларининг ривожланиши давлат томонидан кафолатланиши билан бирга улар тасарруфидаги ер участкалари майдонларини мақбуллаштиришга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистонда деҳқон хўжаликлари суғориладиган ерларнинг 13 фоизини эгаллашига қарамай, уларнинг республика қишлоқ хўжалигида етиштириладиган маҳсулотлар ҳажмидаги умумий улуши 70 фоизни ташкил қилади. Хусусан, гўшт ва сут маҳсулотларининг 90-95 фоизи, картошканинг 84 фоизи ва меваларнинг 60 фоизи деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликларида етиштирилади. Ўтган йилнинг октябрь ойи ҳолатига кўра, Ўзбекистонда деҳқон хўжаликларининг умумий сони 4,7 миллиондан ошган ва йилдан йилга ўсмоқда.

Қонун лойиҳасига кўра:

  • янги ташкил қилинадиган деҳқон хўжалиги учун ер участкаларини мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан ажратиш тартиби бекор қилинади; 
  • деҳқон хўжалиги фаолияти йўналишлари белгиланган. Булар айнан деҳқончилик маҳсулотларини етиштиришдан иборат, чорва молларини боқишга қўшимча тарзда рухсат берилади;
  • деҳқон хўжалиги ўз фаолиятида ёлланма меҳнатдан доимий асосда фойдаланиши мумкин, чунки қонуннинг янги таҳририда бу таъқиқланмаган;
  • деҳқон хўжалигига 1 гектаргача ер участкалари ажратилади, фермерлардан иккиламчи ижарага олиш мумкин бўлган ер майдони эса 10 гектаргача. Бунда суғориладиган ва суғорилмайдиган ерларда ажратиладиган участкалар ўлчами бўйича чекловлар йўқ.
  • янги ташкил қилинадиган деҳқон хўжалигига ер участкалари фақат муайян муддатга ижарага берилади; Деҳқон хўжаликларига фақатгина ижара асосида ажратилиши тўғрисидаги норма ижтимоий тармоқларда муҳокама қилиниб бир қатор саволларни вужудга келтирди: Агар деҳқон хўжалиги мевазор ёки ёнғоқзор шаклида муваффақиятли кичик агробизнес ташкил қилса, кейинчалик ернинг ижара муддатини узайтиришга кафолат борми? Боғдорчилик ва узумчиликда тўпланган билим ва кўникмаларни кейинга авлодга қолдириш масаласичи, агар яратилган боғни мерос қилиб қолдиришни иложи бўлмаса? 
  • деҳқон хўжалигини ташкил қилиниши ва уни ҳисобга қўйиш марказлашган давлат хизматлари орқали замонавий услубларда амалга оширилади.
  • деҳқон хўжалиги қисқа (бир ёки бир неча мавсум) муддатга фермерлардан ер майдонларини асосий экиндан бўшаган қисмини такрорий экин учун иккиламчи ижарага олгинган ҳолларда ташкил қилиниши мумкин. Бу қишлоқ жойларда вақтинчалик иш ўринлари яратишда муҳим аҳамиятга касб этади.
  • Деҳқон хўжалиги ер участкасидан фақат белгиланган йўналишдаги қишлоқ хўжалиги экини маҳсулотларини етиштириш мақсадида фойдаланиши шарт;
  • Чорва молларини боқишга қўшимча тарзда (экин маҳсулотлари етиштириш билан биргаликда) рухсат берилади, 10 шартли чорва моллари миқдорида;
  • деҳқон хўжалиги тасарруфидаги ер участкасини олиб қўйиш масаласи суд тартибида ҳал этилади;
  • деҳқон хўжалигининг фаолиятига, шу жумладан, етиштириладиган маҳсулот турларини танлашда, унинг нархини ва маҳсулотни реализация қилишда давлат органларининг ҳамда мансабдор шахсларининг аралашувига йўл қўйилмаслиги қонуннинг янги таҳририда аниқ шаклда ифодаланган.

Деҳқон хўжалигида дастлаб танланган йўналиш ушбу табиат шароитида ва ерда фойдасиз ёки самарасиз бўлиб қолган бўлса, деҳқон хўжалигининг йўналишини ўзгартириш механизми ёки тартиби кўрсатилмаган. Бошланғич бизнес режа ҳар доим ҳам муваффақиятли бўлмайди. Деҳқон хўжалиги ўз йўналишини боғдорчиликдан сабзавот етиштиришга ўзгартиришни (ёки буни тескариси) истаган ҳолларда нима қилиши керак? 

  • деҳқон хўжаликлари томонидан тайёр маҳсулотни сотиш учун қўшимча қулайликлар ва замонавий молиявий механизмлар назарда тутилган;
  • деҳқон хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари анча кенгайтирилган, бу чора-тадбирлар деҳқон хўжаликлари фаолиятини молиялаштириш, зарур ресурслар билан таъминлаш, инфратузилмалар объектларидан фойдаланиш имкониятларини яратиш ҳамда маҳаллий ҳокимият органларининг кўмагидан тортиб, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари ҳамда бир қатор вазифаларини ўз ичига қамраб олади.

Янги ташкил этиладиган деҳқон хўжалигининг бошлиғи идорама идора юрмасдан, Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳисобга қўйилади. Шунингдек, ушбу қонун лойиҳасида деҳқон хўжалигида ишлаб чиқаришни давлат органлари томонидан қўллаб-қувватлаш доираси кенгайтирилиб, уларнинг бу жабҳадаги масъулиятлари янада оширилиши, бир қатор имтиёзлар белгиланганлиги, давлат органлари томонидан деҳқон хўжаликларига маҳсулот ишлаб чиқариш ва реализация қилиш жараёнида кўрсатилиши зарур бўлган бир қатор хизмат турларигача аниқ манзилли кўрсатилган.

Лойиҳанинг яна бир эътиборли бир жиҳати – деҳқон хўжаликларининг ривожланиши давлат томонидан кафолатланиши билан бирга улар тасарруфидаги ер участкалари майдонларини мақбуллаштиришга йўл қўйилмаслигидир.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти

Javob qoldiring