Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йилнинг 24 июль куни яна бир муҳим ҳужжат – “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар одил судлов жараёнида фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасини янги босқичга олиб чиқди.

Фармонда бир қатор устувор вазифалар, шу жумладан, Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича алоҳида судлов таркибини тузиш, вилоятлар миқёсидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда ягона умумюрисдикция судларини ташкил этиш, айрим туман судларини тугатиш ва айрим туманларда янги судларни ташкил қилиш, шунингдек Олий суд, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмасига мутлақо янги таркибий тузилма (лавозим)лар киритилиши назарда тутилди.

Инвестициявий низоларни ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби: мақсад ва вазифалар…

Фармонга мувофиқ Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича алоҳида судлов таркиби ташкил этилди ва унга йирик инвесторларнинг ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати берилди.

Судлов таркиби янги институт. Чунки илгари Олий суд тузилмасида бундай судлов таркиби бўлмаган. Бундан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш, инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, уларнинг ишончини мустаҳкамлашдир.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комиловнинг таъкидлашича, бунда шундай тартиб ўрнатилади, йирик инвесторлар, ўз хоҳишига кўра, бевосита Олий суд Судлов таркибга ёки умумий тартибда вилоят судларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бошқа инвесторлар эса, ўз хоҳишига кўра, бевосита Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судига ёки умумий тартибда туманлараро иқтисодий судларга мурожаат қилиши мумкин.

Инвестициявий низолар бўйича судлов таркибнинг ташкил этилиши натижасида инвесторлар ўз низоларини ҳал қилиш учун турли суд инстанциялари ўртасида 5-6 ойлаб сарсон бўлиб юришининг олди олинади ва уларнинг барча муаммолари битта суд доирасида ҳал қилиниши таъминланади.
Бундай кафолатли суд ҳимояси чет эллик инвесторларнинг ишончини мустаҳкамлаш орқали мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлиги янада ошишини таъминлайди.

Умум юрисдикция судлари ташкил этилади…

2021 йил 1 январдан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилади. Бу судлар вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда тузилади.

Суд органларининг амалдаги тузилишига бундай ўзгартириш киритилиши фуқароларнинг судга мурожаат этиш имкониятларини янада кучайтириш билан бевосита боғлиқ. Чунки сўнги пайтларда фуқаро ва тадбиркорлар томонидан судлардаги оворагарчиликларга нисбатан кўплаб эътирозлар билдирилди. Сабаби вилоятларда жиноий, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судлар алоҳида фаолият юритади, ишларни бир-биридан мустақил кўради.

Бир қатор ривожланган хорижий давлатлар Франция, Италия, Канада, Жанубий Кореяда шуни кўриш мумкинки, ўрта бўғин умумюрисдикция судлари ягона суд сифатида фаолият юритади.
Жорий этилаётган суд тузилишидаги бу ўзгаришлар халқаро стандартлар талабларига мос келади ҳамда одил судлов сифати ва самарадорлигига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Янги тузилмада битта раис ва унинг жиноят, фуқаролик ҳамда иқтисодий ишлар бўйича қатъий ихтисослашган ўринбосарлари бўлади.

Бу судларнинг бошқарув тизимини такомиллаштиради, фуқароларнинг муаммоси шу вилоятнинг ўзида ҳал бўлиши таъминланади.

Айрим туман судлари тугатилиб, айрим туманларда янги судлар ташкил этилади…

2021 йил 1 январдан Амударё, Нуробод, Бойсун ва Пастдарғом туманлари иқтисодий судлари тугатилади. Фуқаролик ишлари бўйича Янгийўл туманлараро суди, фуқаролик ишлари бўйича Ургут, Сўх, Хатирчи, Пахтакор туманлари судлари, Пастдарғом туманлараро иқтисодий суди, жиноят ишлари бўйича Бўзатов, Тахиатош, Бандихон, Тупроққалъа туманлари судлари ташкил этилади.

Олий суд раиси К.Комиловнинг маълум қилишича, суд тизими тузилмаси аҳолининг талаб ва эҳтиёжлари, шунингдек, судларнинг иш юкламаси инобатга олинган ҳолда такомиллаш-тирилмоқда. Фармонга кўра, тегишли туман (шаҳар) аҳоли сонидан ва судларнинг ҳақиқий иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда 2021 йил 1 январдан Амударё, Нуробод, Бойсун ва Пастдарғом туман иқтисодий судлари тугатилиб, бу ҳудуддаги иқтисодий низоларни кўриш вазифаси яқин туманлардаги судлар зиммасига юклатилади.

Чунки ушбу туманларнинг аҳолиси сони нисбатан кам ва иқтисодий судларнинг иш юкламаси ҳам унчалик юқори эмас. Масалан, Бойсун туман иқтисодий суди 2020 йилнинг ўтган 6 ойи давомида 21 та иш кўрган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмасига янги таркибий тузилма (лавозим)лар киритилади…

Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмасида қуйидаги таркибий тузилма (лавозим)лар киритилишига розилик берилди:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий суди тузилмасида: Ўзбекистон Республикаси Олий суди аппарати раҳбари лавозими; Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси; Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси.
2. Вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмасида матбуот хизматлари.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди аппарати раҳбари Олий суд раисининг тақдимномасига асосан Олий суд Пленуми томонидан лавозимига тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади. Унга Олий суд бошқармалари фаолиятини ташкиллаштириш ва мувофиқлаштириш вазифаси юклатилади, Суд аппарати раҳбари Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумига ҳисобдор бўлади.
Фармон билан яна бир қанча вазифалар белгиланган бўлиб, ушбу қўйилган вазифаларнинг амалга оширилиши, келажакда суд ҳимоясини таъминлаш борасидаги бюрократик тўсиқларни янада бартараф этишга, инвесторлар ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясида бўлишини таъминлашга, суд органларининг амалдаги тузилмасини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ бўлишига хизмат қилади.


Сардор Авезов,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтиУмумий бўлим бошлиғи

Javob qoldiring