Коррупция бугунги кунда Ўзбекистон ҳукуматини ташвишга солаётган энг муҳим муаммолардан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг расмий веб-сайтидан олинган маълумотларга кўра, 2019 йилда республика бўйича порахўрлик билан боғлиқ (Жиноят кодекси 210-212-моддалари) 1 269 та жиноят иши, шундан пора олиш билан боғлиқ (Жиноят кодекси 210-моддаси) 176 та жиноят ишлари кўриб тамомланган.

Коррупцияга қарши курашиш ҳар бир соҳада ҳам муҳим, албатта. Лекин, коррупция ҳолатларига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан судлар фаолиятида тўлиқ барҳам бериш бу ўта муҳим ва биринчи навбатдаги вазифадир.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раисининг мамлакат судьяларга мурожаати қабул қилиниб, мурожаат орқали судни коррупциядан батамом холи қилишга ва одил судлов самарадорлигини оширишга хизмат қилиш мақсадида барча судья ва суд тизими ходимлари ўртасида умуман, суд тизимида коррупцияга қарши ялпи муросасиз кураши эълон қилинган.

Суд тизимида коррупцияга қарши курашишнинг самарадорлигини ошириш мақсадида Судьялар олий кенгаши ва Олий суди томонидан қўшма қарори билан суд тизимида коррупцияга қарши курашишнинг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланган.

Кўрилаётган чораларга қарамасдан, судлар фаолиятида коррупция тўлиқ йўқ қилинди дея олмаймиз. Хусусан, 2018-219 йилларда Урганч, Қарши, Чиноз туманлараро судлари фаолиятида коррупция билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида ОАВларда хабар қилинган эди.

Судлар тизимидаги коррупция бу судьялик мақомини суиистеъмол қилиш, ташкилий ва ҳокимият ваколатларидан фойдаланишда ифодаланиб, ҳуқуқий, ташкилий, бошқарув ва ахлоқий характердаги бир қатор муаммолар оқибатида вужудга келади.

Суд тизимида коррупциявий омиллар сифатида қандай вазиятлар юзага келиши ёки қандай омилларга боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирганда, ушбу омилларни 2 тага ажратган бўлар эдик.

Биринчидан, судьянинг шахсий манфаатлари билан боғлиқ омиллар:

а) пора олиш — судья томонидан ўз ваколатларидан фойдаланиш эвазига судья томонидан бериладиган шахснинг илтимосини бажариш учун пул ёки бошқа қимматликларни олиш натижасида адолатсиз суд қарорларини чиқариш, шунингдек моддий манфаат эвазига бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда процессуал тўсиқларни яратиш, судьянинг ўз ваколати доирасида бошқа ҳаракатларни қонунга зид равишда бажариши тушунилиши мумкин.

б) Судьянинг маълум жиноий уюшмалар манфаатларини ҳимоя қилиши, суд раиси ёки судьялар билан келишувга биноан суд орқали уюшган жиноий гуруҳ фаолиятининг айрим босқичларида улар томонидан содир қилинган қонунга зид фаолиятларини яратишда қулай муҳит яратиб бериш ҳам тушунилиши мумкин. Бу эса давлат органларининг самарали бошқарувини издан чиқаришга ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқарувнинг асосларини бузишга олиб келиши мумкин.

Иккинчидан, судьянинг шахсий манфаатлари билан боғлиқ бўлмаган омиллар:

а) судья томонидан хизмат вазифасига боғлиқ бўлган шахснинг (ижро этувчи ҳокимият органлари, суд раҳбарияти ва ҳк.) илтимосига биноан судья томонидан содир этилган қонунбузарликлар (адолатсиз қарор ёки ҳукм чиқариш) ёки судьянинг қонунда белгиланган моддий имтиёзлари эвазига олинган имтиёзлар, агар бунда фуқароларнинг ва қонун билан қўриқланадиган ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларига зарар етказилишига олиб келса.

б) судья томонидан ваколатларини шахсий масалалар бўйича суиистеъмол қилиш — судья ўз лавозимидан шахсий номулкий фойдалари учун фойдаланиши, қандайдир тарзда қонуний равишда чекланган маълумот олиш, қариндошлари ва дўстларига беғараз ёрдам бериш ва ҳ.к. тушунилиши мумкин.

Шунингдек, суд тизимида коррупциявий омиллар сифатида қонунчиликда белгиланган жазонинг минимал ва максимал даражадаги ўртасидаги тафовутни қайта кўриб чиқиб, жазо ўртадаги тафовут камайтириш таклиф этилади. Жазонинг юқори ва қуйи чегаралари ўртасида фарқ қанчалик катта бўлса, фуқаро шунчалик пора беришга тайёр бўлади. Шу сабабли фуқарога нисбатан содир қилинган қилмиши учун жазо турини танлашда кодексда белгиланган жазонинг минимал ва максимал даражадаги ўртасидаги тафовут камроқ бўлиши коррупциявий омилнинг камайишига юзага келтиради.

Суд тизимидаги коррупция муаммоси ўта муҳим аҳамиятга эга. Чунки коррупция намоён бўлиши хавфли жиноий ҳодиса бўлиб, давлат ҳокимияти ва бошқарувнинг асосларини бузади, ҳокимиятнинг обрўсига путур етказади ва фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларига таъсир қилади. Коррупция ҳаётининг турли соҳаларига кириб борган шароитда ушбу ҳодисанинг хавфи ортади. Суд идоралари фаолиятига тажовуз қилиш билан порахўрлик каби ҳуқуқбузарлик тури унинг обрўсига путур етказади, бу ваколатни обрўсизлантиради ва ижтимоий адолат тамойилининг бузилишига олиб келади.

Судлар фаолиятидаги коррупциявий омилларни бартараф этиш долзарб масала ҳисобланади. Бундай масалалардан бири судьяларнинг мустақиллиги билан боғлиқ. Судьяларнинг ҳуқуқий мақомини оширмасдан ва уларнинг мустақиллигини тўла таъминламаслик судлар фаолиятида коррупциявий вазиятнинг пайдо бўлишига олиб келади.

Авваламбор, судьяларнинг моддий таъминоти, судьялар мустақиллигининг кафолатлари, уларнинг фаолиятига аралашишга йўл қўймаслик тамойиллари кучайтирилиши лозим. Судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш учун уларнинг мақомини ошириш лозим. Фикримизча, хориж тажрибасини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг «Судьялар мақоми тўғрисида»ги қонунни ишлаб чиқиш зарур.

Шунингдек, судлар фаолиятида коррупциявий омилларнинг вужудга келишини олдини олиш мақсадида судьялар томонидан ўз даромадлари ва оиласининг даромадларининг шаффофлигини таъминлаш керак. Ўз навбатида нафақат судьянинг балки унинг оила аъзолари томонидан сотиб олинган барча мол-мулклар ҳамда улардан фойдаланишдаги мулклар ҳам декларация қилиниб, шаффофлик таъминланса мақсадга мувофиқ бўлади.

Асосий вазифа коррупциянинг суд тизимига «сингдириб олиш»ни олдини олиш. Агар бу рўй берса аксарият фуқаролар «адолатсизлик» хавфи остида қолишади. Шу сабабли, ушбу муаммони ҳал қилиш жамият учун ҳам, давлат учун ҳам жуда муҳимдир.

Судлар мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциявий омилларни олдини олиш бўйича судьяларнинг хизмат вазифасини бажаришда ёки хизматдан ташқари пайтдаги мажбуриятларни белгиловчи қоидалар муҳим аҳамиятга эга. Ушбу қоидалар Судьяларнинг одоб-ахлоқ Кодексида мустаҳкамланган бўлиб, унда, судья ўз мақомидан ўзи учун, қариндошлари ва бошқа шахслар учун бирон-бир манфаат, хизмат, тижорат ёки бошқа фойда олиш мақсадида фойдаланмаслиги, шахсий масалалар юзасидан турли давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхона, муассаса ва ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро муносабатларда ўз мавқеидан фойдаланмаслиги шартлиги мустаҳкамланган.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашнинг муваффақияти, биринчи навбатда, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар натижасига бевосита боғлиқ эканлигини ҳар биримиз чуқур масъулият билан идрок этишимиз лозим.

Отабек Тошев,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими

Javob qoldiring