Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2020 йил
30 июндаги 3269-сонли қарори билан тасдиқланган “Аҳолига ипотека кредитлари ажратилишининг ҳадли шартлари тўғрисида”ги Низомга асосан аҳолига ипотека кредити тижорат банклари томонидан тўловлилик, қайтаришлик, таъминланганлик ва муддатлилик шартларида қуйидаги мақсадларга берилади:

қурилишнинг белгиланган нормалари ва қоидаларига риоя қилиб якка тартибда уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш;

янги қурилган ёки иккиламчи бозордан якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйдаги квартирани сотиб олиш ёки ўзиникига алмаштириш;

бошқа банклар томонидан ажратилган ипотека кредитларини мижозларга қулай шартларда қайта молиялаштириш.

Ипотека кредити:

қурилаётган уй-жойни у жойлашган ер участкаси билан бирга;

ипотека кредити ҳисобига сотиб олинадиган ва белгиланган тартибда қарз олувчи мулкига ўтадиган якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйдаги квартирани;

қарз олувчининг мулки бўлган ва ипотека кредити ҳисобига реконструкция қилинаётган якка тартибдаги уй-жойни гаровга қўйган ҳолда амалга оширилади.

Муомаладан олиб қўйилган ва бегоналаштирилиши мумкин бўлмаган кўчмас мулк ипотека предмети бўлиши мумкин эмас.

Ипотека кредитининг муддати, ҳажми, фоиз ставкаси ва бошқа шартлари банкнинг ички кредит сиёсатига мувофиқ банк ва унинг мижози ўртасидаги келишувга асосан белгиланади.

Ипотека кредити ажратилишида қуйидагиларга риоя этилиши зарур:

ипотека кредити тўловида муаммо юзага келганида мавжуд қарздорликни ундириб олиш учун ҳуқуқий жиҳатдан таъминотга банкнинг талаб ҳуқуқи мавжуд бўлиши;

ипотека кредитининг фоизларини ва асосий қарзларини сўндириш учун қарздор тўловга лаёқатли бўлиши;

таъминотга қабул қилинган кўчмас мулк гарови бозор нархларидан келиб чиқиб баҳоланган бўлиши;

кредитни олишга ва мониторинг қилишга керак бўладиган барча маълумотлар банкнинг кредит сиёсатига мувофиқ ҳужжатлаштирилган бўлиши зарур.

Равшан Нурматов
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
маъсул ходими