Украинанинг “Одесса юридик академияси” Миллий университети томонидан ташкиллаштирилган “Янги таҳрирдаги Украина фуқаролик кодекси: асосий тамойиллар” мавзусидаги Илмий-амалий веб-конференцияда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори Аъзам Мадаминов “Ўзбекистонда фуқаролик қонунчилиги ислоҳотлари: сабаблар ва жараёнлар” мавзусида маъруза қилди.

А.Мадаминов ўз маърузасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролик кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурияти, фуқаролик қонунчилигини такомиллаштиришдан кўзланган асосий мақсад, хорижий тажрибани ўрганиш ва лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнларининг қандай ташкил қилинганлиги, лойиҳада назарда тутилаётган янгиликлар ҳақида маълумот бериш билан бирга, иштирокчилардан тушган саволарга ҳам жавоб қайтарди.

Илмий-амалий веб-конференцияда, шунингдек, Украина
ва Нидерландиялик олимлар, хусусан Украина Миллий фанлар академиясининг Интеллектуал мулк ва узатиш технологиялари тадқиқот маркази директори Капица Юрий Михайлович, Нидерландиянинг «Open University” университетининг хусусий ҳуқуқ профессори Виола Хеутгер, “Одесса юридик академияси” Миллий университети профессорлари, аспирантлари фуқаролик қонунчилигини ислоҳ қилиш масалаларида маъруза қилдилар.

Илмий-амалий веб-конференция якунлари бўйича “Одесса юридик академияси” Миллий университети томонидан Украина ва Ўзбекистон фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш масалаларида тажриба алмашишни давом эттириш таклифи билдирилди.