Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматари сифатини ошириш ҳамда бу борада фуқароларга қулайликлар яратиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Яқинда Адлия вазирлиги томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.gov.uz) жойлаштирилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли ва тадбиркорларга енгилликлар яратиш ҳамда бюрократик тўсиқларни тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони лойиҳаси бу йўналишдаги навбатдаги муҳим қадам ҳисобланади.

Ушбу фармон лойиҳасига биноан 30 турдаги давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомилларини янада соддалаштириш ва уларни электрон шаклга ўтказиш режалаштирилмоқда.

Хусусан, хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун ариза-анкетани Ягона интерактив давлат хизматлари кўрсатиш портали (ЯИДХП) орқали юбориш, бундай мурожаатни юборишда уни электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талабини бекор қилиш кўзда тутилган.

Электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талабини бекор қилиниши фуқаролар томонидан масофадан туриб ариза-анкетани электрон мурожаат орқали юбориш усулидан янада фаолроқ фойдаланишига олиб келади. Чунки, ҳозир амалда бўлган тартибга кўра Электрон рақамли имзо калитларининг сертификатларини олиш учун юридик шахслар, юридик шахс ташкил этмаган тадбиркорлик субъектлари базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи, жисмоний шахслар эса 7 фоизи миқдорида йиғим тўлашлари шарт. Бу ҳам ўз навбатида аҳолининг давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланишнинг кенг тарқалишига тўсиқ бўлаётган эди.

Шунингдек, хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш бўйича давлат божини фақат электрон тарзда тўлаш тартиби ҳам жорий қилинмоқда.

Бундан ташқари, ариза-анкетада ариза берувчининг фотосуратини жойлаштириш талаби бекор қилиниб, мурожаатчига унинг аризаси қабул қилинган вақтда тегишли суратга тушириш ва бармоқ изларини олиш учун маълумотлар йиғиш пунктига ташриф буюриш вақти кўрсатилган йўлланма берилади. Тайёр бўлган хорижга чиқиш биометрик паспорти фуқаронинг ихтиёрига кўра унинг яшаш манзилига почта алоқаси орқали юборилиши мумкин. Хорижга чиқиш биометрик паспортини фуқаронинг ҳохишига кўра яшаш манзилига етказиб бериш тартиби нафақат айрим имконияти чекланган инсонлар, балки барча учун ҳам қўшимча қулайлик яратади.

Фармон лойиҳасида шунингдек шаҳар йўловчи транспортида (таксидан ташқари) айрим тоифадаги фуқароларга бепул юриш ҳуқуқини берувчи ягона гувоҳномаларни олиш учун Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш тартибини жорий этиш белгиланган. Шу билан бирга гувоҳномани QR-код қўйган ҳолда расмийлаштириш ҳисобига дубликат тақдим этиш амалиёти ҳам тугатилмоқда.

Лойиҳада ишсиз фуқароларнинг ўзининг ишсизлигини эълон қилиши ва ўзига маъқул келган иш жойларини излаб топиши учун “Иш қидираётган ва ишсиз шахсларнинг маълумотлар портали” ва унинг мобиль версиясини ишлаб чиқиш белгиланган.

Порталга ишсиз фуқаролар мустақил равишда ўзи ҳақидаги (яшаш жойи, туғилган вақти, жойи, маълумоти, иш стажи, телефон рақами каби) маълумотларни киритишлари мумкин, барча вазирликлар, идоралар, ташкилотлар, ҳокимликлар, тадбиркорлик субъектлари ушбу маълумотлар базасидан эркин фойдаланиш имкониятига эга бўлишади.

Порталда иш қидираётган ва ишсиз шахс сифатида рўйхатдан ўтган фуқароларни белгиланган тартибда ишга жойлаштириш, ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишга доир ҳар йилги давлат буюртмасини шакллантириб бориш, заруратга кўра уларга ишсизлик нафақасини тўлаш чоралари кўрилади. Портал “Ягона меҳнат миллий тизими” базасига интеграция қилинади.

Хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш бўйича мурожаатларни электрон шаклга ўтказиш 2021 йил 1 февралдан, шаҳар йўловчилар транспортида (таксидан ташқари) айрим тоифадаги фуқароларга бепул юриш ҳуқуқини берувчи ягона гувоҳномаларни бериш тартибини енгиллаштириш 2021 йил сентябрь ҳамда, ишсиз фуқароларни қўллаб-қувватлаш механизмларини ривожлантириш 2021 йил 1 июндан жорий қилиниши белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда ушбу фармон лойиҳаси давлат хизматларини кўрсатиш аҳолининг манфаатларидан келиб чиқиб уларнинг давлат хизматларидан фойдаланишда сарфлаётган вақтини, харажатларини қисқартириш кўзда тутилган.

Аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш тизими сифатини оширишга қаратилган мазкур фармон лойиҳаси мамлакатимизда бу йўналишда амалга оширилаётган изчил ислоҳатларнинг узвий давоми сифатида хизмат қилади.

Ш.Ғайибназаров,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти маъсул ходими