Жиноий жазога ҳукм қилинган шахсларда қонунга итоаткорлик, жамиятда юриш-туриш қоидаларига ҳурмат муносабатини шакллантиришда уларга таълим олиш ва  касб-ҳунар ўрганишга кўмаклашиш муҳим  омил ҳисобланади. Шу боис кейинги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни такомиллаштириш жараёнида бунга алоҳида аҳамият берилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 январдаги «Озодликдан маҳрум этилган шахсларни меҳнат билан бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 апрелдаги «Озодликдан маҳрум этилган шахслар учун умумий таълим ва касб-ҳунарга ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларида бу йўналишда амалга оширилиши зарур бўлган долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан, Тошкент вилояти ИИБ Пробация ва жазоларни ижро этиш бўлими Тарбия колониясининг 5-мактаби Зангиота тумани 35-мактаби билан бирлаштирилди. Бунинг натижасида Пробация ва жазоларни ижро этиш бўлими Тарбия колониясида мазкур мактабнинг филиали ташкил этилди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Касб-ҳунар таълими марказининг жазони ижро этиш муассасалари ҳудудидаги 4 та касб-ҳунар таълими муассасалари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига ўтказилиб, касб-ҳунарга ўргатиш марказларига айлантирилди.

Ўтган қисқа даврда озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган шахсларнинг умумий ўрта таълим олиши учун олтита жазони ижро этиш муассасаларида умумтаълим муассасаларининг фаолияти йўлга қўйилди. Яна тўртта муассасада касб-ҳунарга ўқитиш марказлари иш бошлади. Шунингдек, «Уста-шогирд» тизими асосида маҳкумларни касб-ҳунарга йўналтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Шу билан бирга, умумтаълим муассасалари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари бўлмаган жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олиши, шунингдек барча жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг олий таълим олиши учун имконият ва шароитларни яратиш заруратини юзага келтирмоқда.

Хўш, бу борада хориж мамлакати тажрибаси қандай?

Украина Республикаси Жиноят-ижроия кодексига асосан, жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар умумий ўрта таълим, касб-ҳунар таълими, шунингдек, масофавий ўрта махсус ва олий таълим олишлари мумкин. Маҳкумларга «Психология», «Ҳуқуқшунослик», «Менежмент», «Ҳисобчи», «Реклама бўйича мутахассис» ва бошқа мутахассисликлар бўйича масофавий ўрта махсус ва олий маълумот олиш имконияти яратилган.

Маҳкумлар масофадан таълим олишлари учун алоҳида махсус компьютер синфлари ва бошқа шарт-шароитларлар ташкил этилган. Шунингдек, касб-ҳунарга йўналтириш бўйича ўқитиш йўлга қўйилган бўлиб, ушбу касб-ҳунар таълими ўқиган маҳкумларга йўналиши бўйича электр устаси, сувоқчи, ёғоч ўймакорлиги, нонвой, тикувчи, сартарош ва бошқа бир қатор касблар бўйича диплом бериш амалиёти йўлга қўйилган.

Ушбу таълимнинг маҳкумлар учун афзаллиги шундаки, давлат таълим ҳужжатида маҳкумларнинг жазони ижро этиш муассасасида диплом олганлиги кўрсатилмайди.

Россия Федерациясида ҳам маҳкумларга олий таълимни масофадан  ўқиш имконияти яратилган. Россия Федерал жазони ижро этиш хизмати қатор олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик йўлга қўйган. Уларни ўқитиш бўйича реабилитация дастурлари, жисмоний тарбия ва санъат, ҳунармандчилик ва бошқа фаолият турлари жазони ижро этиш муассасасида ташкил этилган.

Америка Қўшма Штатларида маҳкумларга таълим бериш рецидив жиноятларни камайтириш ва озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазони ўтаётган ҳамда маҳкумларни озод этилганидан кейин иқтисодий имкониятларни яхшилашга қаратилган. Маҳкумларни олий таълимга ўқитиш бўйича турли дастурлар амалга оширилди. RAND Corporation томонидан ўтказилган тадқиқотларда ҳар қандай турдаги таълим рецидив жиноятни 43 фоизга камайтириши аниқланган.

Германияда маҳкумлар учун мактаб, гимназия ва университет таълимни тугатиш имконияти мавжуд. Жумладан, Германиянинг Фрейбург жазони ижро этиш муассасасида маҳкумлар мактабни, гимназияни ҳамда университетда таҳислни ниҳоясига етказишлари мумкин. Ушбу муассасасидаги маҳкумлар Германиянинг «Hagen» университетда масофавий ҳамда сиртқи таълим оладилар. Эътиборлиси,  жазо ўтаётган шахслар муассасадаги барча ишлардан озод қилиниб, ҳатто ойига 120 евро миқдорда степендия олиш имкониятига эга.

Норвегияда 1851 йилда реабилитация шакли сифатида таълимга қаратилган биринчи жазони ижро этиш муассасаси очилган. 2007 йилда Норвегиядаги ҳар бир жазони ижро этиш муассасасида маҳкумларга таълим бериш учун мактаблар фаолияти йўлга қўйилди.

Хорижий давлатларнинг айрим жазони ижро этиш муассасаларида баъзи таълим турлари тўлов асосида ташкил этилган. Масалан, Данияда бошланғич ва ўрта мактабларда таълим бепул, ўрта-махсус ва олий таълим дарслари тўлов асосида ташкил этилади. Буюк Британия ва Aвстралияда маҳкумлар кенг жамоатчиликка тақдим этиладиган ҳукумат кредитларидан фойдаланишлари мумкин. Буюк Британиядаги Education Trust каби хайрия гуруҳлари масофавий ўқишни молиялаштиришга қодир бўлмаган маҳкумларга грантлар ажратади.

Маълумотларга кўра, 2014 йилда Aнглия ва Уэльсда ўтказилган тадқиқотларга асосан 6000 нафардан кўп маҳкумларни ўрганиш натижасида таълим курсларида ўқиганларнинг қайта жиноят содир қилиш эҳтимоли
7 фоизга камайгани аниқланган.

Хорижий давлатларнинг маҳкумларга жазони ижро этиш муассасаларида барча даражадаги таълим шакллари жорий этиш амалиёти   «ўтириб чиққан»ларнинг ишга жойлашиш имкониятларини оширади, қайта жиноят йўлига киришини олдини олади.

Ижобий натижа бериши аниқ бўлган хориж тажрибасини қўллашнинг фойдаси бўлса бўладики, илло зарари йўқ. Шундай экан, бизда ҳам жазони ижро этиш муассасаларида таълимни такомиллаштириш лозим. Бунда биринчи навбатда озодликдан маҳрум этиш муассасалари билан олий таълим муассасалари ҳамкорликда маҳкумларни масофавий олий таълим бериш тизимини йўлга қўйиш талаб этилади. Шунингдек, озодликдан маҳкум этилган талабага нисбатан ўқишдан четлаштирилиши тўғрисидаги қоидани бекор қилган ҳолда унга жазони ижро этиш муассасасида масофавий таълим олишини давом эттириш имкониятини бериш керак.

Бундан ташқари жазони ижро этиш муассасаларида касб-ҳунар таълимида ўқиган маҳкумларга йўналиши бўйича диплом олиш амалиётини жорий қилиш ҳам, бизнингча, мақсадга мувофиқдир.

Равшан Нурматов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими