2017-2020 йилларда “Жаҳон одил судлов лойиҳаси” халқаро ноҳукумат ташкилоти эълон қилиб келаётган Қонун устуворлиги индексининг 44 та индикаторидан 33 тасида Ўзбекистон Республикаси ўрни сезиларли даражада яхшиланган бўлганига қарамасдан, мазкур индекснинг 11 та индикатори бўйича ҳолат ўзгармаган.

Хусусан, ҳукумат ваколатларининг суд томонидан самарали равишда чекланганлиги, одил судловнинг коррупциядан холилиги, суд тизимининг ҳукумат ноўрин таъсиридан холилиги каби индикаторларда Ўзбекистон ўрни турғунлигича қолмоқда.

Бу эса мамлакатимизда судларнинг мустақиллигини таъминлаш борасида амалий ишларни бажаришни ва судни ташқи таъсирлардан муҳофаза қилишни тақозо этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6127-сонли Фармоннинг қабул қилиниши судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш ҳамда судларда коррупциянинг олдини олиш борасида муҳим ўзгаришларни белгилаб берди.

Мазкур Фармон асосида судларнинг мустақиллигини ва судьялар дахлсизлигини таъминлашга қаратилган бир қатор тартиблар белгиланди.

Жумладан, эндиликда судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик ҳолатлари юзасидан Судьялар олий кенгаши раиси томонидан киритилган тақдимнома прокуратура органлари томонидан бир ой муддат кўриб чиқилиб, жиноят иши қўзғатилганлиги ёки қўзғатиш рад этилганлиги ҳақида Кенгашга прокуратура томонидан хабар бериш тартиби ўрнатилмоқда. Бу эса судьяларнинг дахлсизлигига таъсир қилувчи ҳар қандай ҳаракатлар учун текширув амалга оширилишини келтириб чиқаради.

Шунингдек, судьяларнинг дахлсизлигини кучайтириш мақсадида судьяларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга тегишли малака ҳайъатларининг розилиги талаб қилиниши белгиланди.

Ўз навбатида, Судьялар олий кенгаши томонидан суд ҳокимияти мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва тизимда коррупцияга қарши курашиш ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига йил якуни бўйича ахборот тақдим этиб борилади.

Судларда коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни тизимли равишда бартараф қилиш ва қарши курашиш самарадорлигини ошириш борасида Судьялар олий кенгаши таркибидаги судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси негизида Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси тузилмоқда. Бу эса судларда коррупцияга қарши курашиш борасида суд инспекциянинг маъсулиятини оширмоқда.

Шунингдек, мазкур Фармон асосида давлат сиёсатининг асосий йўналиши сифатида судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятида ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали ҳимоя қилиш ҳуқуқий механизмларни яратиш белгиланмоқда.

Судларнинг мустақил фаолият олиб боришини таъминлаш борасида қўйилган дастлабки қадамлар ўз натижасини бераётганини оқланган шахслар мисолида ҳам кўриш мумкин. Маълумки, 2016 йилгача судларда оқлов ҳукми чиқариш амалиёти деярли бўлмаган. Кейинги уч йилда эса 1 705 нафар инсон суд ҳукми билан оқланди.

Суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга қатъий амал қилиш ва одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминланиши судлар томонидан адолатли қарорлар чиқарилишининг муҳим кафолатидир.

Судьяларнинг дахлсизлиги ва суд органларининг мустақиллиги мамлакат Конституцияси, қонунлари ва сиёсати томонидан кафолатланиши керак ва амалда ижроия ҳокимияти, унинг идоралари ва вакиллари томонидан, шунингдек ҳокимиятнинг қонунчилик тармоғи томонидан бажарилиши зарур.

Маълумки, судьялар ҳуқуқий мақомини белгиланишида судлар мустақиллиги тамойили катта роль ўйнайди ва дунё мамлакатларининг деярли барчасида бу тамойилнинг ҳуқуқий асослари асосий қонун билан мустаҳкамланган.

“Судларнинг мустақиллиги” тушунчаси институционал ва шахсий мустақиллик мазмунга эгадир.

Институционал мустақиллик шуни англатадики, судьялар суд ҳокимиятнинг ҳар қандай бошқа тармоғидан мустақил, яъни улар ҳеч қандай бошқа давлат органларига, жумладан, қонун чиқарувчи ва ижроия ҳокимиятига бўйсунмайди ва улар олдида жавоб бермайди.

Суд ҳокимиятининг шахсий мустақиллиги судьяларнинг бошқа давлат ва нодавлат тузилмалар ҳамда уларнинг мансабдор шахсларидан, фуқаролар ёки юқори инстанция судьяларидан мустақиллиги бўлишини англатади.

Судларнинг мустақиллигини амалда таъминлаш ва судлар фаолиятига ҳар қандай бевосита ёки билвосита ташқи таъсирлар, босим ёки аралашишларнинг олдини олиш ва судларни ижро ва қонунчилик ҳокимият органларидан мустақил ҳолда фаолият олиб бориш имконияти яратилиши зарур.

Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятида ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали ҳимоя қилиш юзасидан қуйидаги омилларни бартараф этиш лозим. Хусусан:

“Судлар тўғрисида”ги ва “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунларда, вилоят, туман ва шаҳар суди раислари томонидан фуқаролар ва юридик шахслар ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш фаолияти тўғрисида тегишли халқ депутатлари Кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши белгиланган.

Судларнинг алоҳида сиёсий партиялар манфаатларини ҳимоя қилувчи депутатлар олдида, шунингдек айни бир вақтда тегишли ҳудуддаги вакиллик ва ижроия ҳокимияти раҳбари бўлган ҳокимлар олдида ахборот беришлари ижро ҳокимият органларига бўйсунишни келтириб чиқаради.

Шунингдек, судьяликка номзодларни тайинлаш бўйича ваколатли бўлган Судьялар олий кенгаши органи таркибида Олий Мажлис депутати ва ижро ҳокимияти органлари вакилларининг судьяни тайинлашда қатнашиши мустақил судьяни тайинлашда қонунчилик палатаси депутати ва ижро ҳокимияти органларининг таъсирини келтириб чиқаради.

Суд ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ҳокимиятдан мустақил ҳолда иш юритиши таъминланиши зарур. Судлар фаолияти устидан Парламентнинг қўмиталари томонидан парламент назорати ўрнатилиши ёки ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш мақсадида судларда парламент текшируви амалга оширилиши суд органининг алоҳида мустақил ҳокимият сифатида фаолиятига аралашиш ҳисобланади.

Судьяларнинг мустақил фаолият олиб боришлари учун ички таъсирлардан ҳам ҳимоя қилиниши лозим. Вилоят суд раиси айни бир вақтда судьяларнинг малака ҳайъати раиси сифатида судьяни интизомий жавобгарликка тортиш, маъмурий жавобгарликка тортишга розилик бериш ва судьялик ваколатини тўхтатиб туриш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ва муддатидан илгари ваколатини тугатиш ҳақида хулоса бериш каби жазолаш ваколатларининг мавжудлиги эса судьянинг мустақил ҳолда ишни кўришда ўз таъсирини келтириб чиқаради.

Шунингдек, судьяларга интизомий иш қўзғатиш тўғрисидаги қарорни Олий суд раисининг ўзи қабул қилиш ваколатининг мавжудлиги эса ушбу функцияни коллегиал равишда амалга оширишнинг халқаро стандартларга зид келади.

Натижада судья кўраётган иши бўйича юқори турувчи суд раисининг кўрсатмаларини бажаришга ва руҳий босим остида ўз фикрига зид равишда қарорини чиқаришга мажбур бўлади.

Халқаро стандартларга кўра, барча судлар ижроия ва қонунчилик ҳокимиятидан, ёки суд жараёни томонларидан мустақил бўлиши керак. Бу шуни англатадики, суд ҳокимияти ҳам, уни ташкил этувчи судьялар ҳам давлат ҳокимиятининг бошқа тармоқларига ёки суд процессининг томонларига қарам бўла олмайди.

Судларнинг мустақиллигига дахл қилувчи ташқи ва ички таъсирларнинг олдини олиш бўйича қўйидаги таклифлар илгари сурилади:

биринчидан, судларнинг мустақиллигини таъминлаш ва уларнинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш, чет эл тажрибасини инобатга олган ҳолда “Судьялар мақоми тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш;

иккинчидан, судьяларни лавозимга тайинлашда Судьялар олий кенгаши таркибидан ижро ҳокимияти ва қонунчилик палатаси депутати аъзоларини чиқариб ташлаш;

учинчидан, судларнинг ижро ҳокимияти органлари ва бошқа идораларнинг мансабдор шахслари ҳар қандай ҳолатда ташқи таъсир ўтказмаслигини белгиловчи қоидаларни назарда тутувчи ўзгартиришларни қонунчиликка киритиш;

тўртинчидан, суд раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ахборот бериши ўрнига, ҳар бир вилоят судларида ташкил этиладиган веб-сайтлар орқали суд фаолиятига доир ахборотларни даврий равишда мунтазам эълон қилиб бориш амалиётини жорий этиш;

бешинчидан, судьяларнинг мустақил равишда иш кўришларини таъминлаш мақсадида суд раисининг судьяларни жазолаш ва судьяларга нисбатан интизомий иш қўзғатиш бўйича Олий суд раисининг ваколатларини бекор қилиш ва судьяга нисбатан интизомий иш қўзғатиш масаласини кўриб чиқиш учун Судьялар олий кенгашига тақдим этиш ҳуқуқини бериш;

олтинчидан, судлар фаолиятида коррупциявий омилларнинг вужудга келишининг олдини олиш мақсадида судьялар томонидан ўз даромадлари ва оиласининг даромадларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида судья ва унинг оила аъзолари томонидан сотиб олинган барча мол-мулклар ҳамда улардан фойдаланишдаги мулклар ҳам декларация қилиниши таклиф этилади.

Ушбу Фармон асосида жорий қилинган тартиблар судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлашга ҳамда фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини оширишга хизмат қилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга ошириб келинаётган изчил, тизимли ва кенг кўламдаги ислоҳотлардан пировард мақсад – бу суд ҳокимиятининг мустақиллигини амалда таъминлашдир. Жамиятда суд ҳокимиятининг мустақиллиги амалда таъминланмас экан, адолатли одил судловни амалга оширишда тўсиқлар пайдо бўлади ва бу судларнинг адолатли қарорлар қабул қилинишига ўз таъсирини ўтказади.

Отабек Тошев,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти бўлим бошлиғи