Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан Тошкент давлат юридик университети ҳамда АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда ташкил этилган “Янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси лойиҳасида мулк ҳуқуқи ва тадбиркорлик масалалари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий онлайн анжуман бўлиб ўтди.

Халқаро илмий-амалий онлайн анжуманда Фуқаролик кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасидаги мулк ҳуқуқи ҳамда тижорат ташкилотлари билан боғлиқ янгиликлар   муҳокама қилинди.

Тадбирда миллий эксперт ва мутахассислардан Н.Жўраев, Р.Қурбонов ва У.Абдуллаев ҳамда илмий жамоатчиликдан профессорлар О.Оқюлов,  Ш.Рўзиназаров, Н.Имомов билан бир қаторда халқаро эксперт мутахассислар ҳам иштирок этдилар. Хусусан, АҚШ “Tetra Tech” компаниясининг ерга эгалик қилиш ва мулк ҳуқуқи соҳасидаги катта маслаҳатчи  Жон Киф ҳамда АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) нинг ҳуқуқий ислоҳотлар дастури директори Гарри Ледбеттерлар қатнашдилар.

Анжуман икки қисмли бўлиб, биринчи қисмида  “Фуқаролик қонунчилигида мулк ҳуқуқининг айрим масалалари” мавзуси, иккинчи қисмида “Фуқаролик кодекси лойиҳасида тижорат ташкилотлари масалалари” мавзуси доирасида муҳокамалар бўлиб ўтди.

Тадбир сессияларида экспертлар қуйидаги мавзуларда маъруза қилдилар:

  • “Фуқаролик кодекси лойиҳасида ашёвий (мулк) ҳуқуқи масалалари”;
  • “Тадбиркорлик ва мулк: миллий анъаналар, тажрибалар ва фуқаролик кодекси”;
  • “Фуқаролик қонунчилигида мулк ҳуқуқини тартибга солиш бўйича АҚШ тажрибаси”;
  • “Фуқаролик кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасида корпоратив ҳуқуқни ислоҳ қилиш масалалари”;
  • “Корхона фуқаролик ҳуқуқи объекти: Ўзбекистон, Германия ва Франция фуқаролик қонунчилиги таҳлилида”.

Тадбирда хусусий ва оммавий мулк ҳуқуқида мулкдор ваколатлари, мулк ҳуқуқинин ҳимоя қилиниши, ер участкаларига эгалик қилиш ҳуқуқи, қўшничилик ҳуқуқи, оператив бошқариш ҳуқуқи ҳамда корпоратив ҳуқуқни ислоҳ қилиш масалалари  иштирокчилар ўртасида баҳс ва мунозараларга сабаб бўлди. Хусусан, Н.Жўраев ўз маърузасида Фуқаролик кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси конституция нормаларига ва миллий қонунчиликка мувофиқлиги ҳамда ривожланган давлатлар фуқаролик қонунчилиги тажрибаси асосида ишлаб чиқилганлиги, шунингдек хозирги кунда ҳам кодекс лойиҳаси жамоатчилик ва эксперт мутахассислар таклифлари асосида такомиллаштирилаётганлиги ҳақида таъкидлаб ўтди. Хусусан, профессор О.Оқюлов томонидан берилган оммавий мулкка нисбатан мулкдор ваколатларини амалга ошириш асослари ва тартибига оид таклифлар лойиҳада ўз аксини топганлиги ҳам айтиб ўтилди.

Конференция иштирокчиларининг саволларига экспертлар батафсил жавоб бердилар.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси экспертлар таклифлари асосида такомиллаштирилади.