Қонун ҳаммага баробар бўлиши керак деймизу, кўпинча бунга ўз ҳиссамизни қўшгимиз келмайди. Ўзимиз гувоҳ бўлиб қолган ҳуқуқбузарлик ҳақида тегишли органларга хабар беришга, хатто у жиноят бўлса ҳам, ўзимизча “ор” қиламиз.
Буни “сотқинлик” ва яна бир бало сўзлар билан номлаб олган ҳуқуқбузарлар, жиноятчиларга фикран эргашаётганимизни ўзимиз ҳам сезмаймиз.
Аслида, ҳар қандай мамлакатда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш
ва бартараф қилишда нафақат давлат органлари, балки ҳар бир фуқаронинг иштироки муҳим аҳамиятга эга.
Ҳуқуқбузарлик ҳақида оддий аҳоли томонидан хабар берилишининг энг яхши томонларидан бири шуки, бу ҳолатда тегишли орган ҳуқуқбузарлик содир этган фуқарони, у ким бўлиши ва мансабидан қатьий назар, жазога тортишга мажбур бўлади. Яъни, таниш-билишчилик қилиб жазодан қутулиб кетиш эҳтимоли жуда ҳам паст. Буни йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузганлар мисолида кўриб турибмиз.
Шу сабабли, сўнгги йилларда, хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда ҳам айрим соҳаларда ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган фуқароларни рағбатлантириш механизми жорий этилди.
Миллий қонунчилик
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 сентябрдаги 747-сонли қарори билан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторлар шунингдек, видеокузатув ва тасвирга олиш техника воситалари ҳамда мобиль қурилмалар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Ушбу Низомга кўра, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс эттирилган видеоёзувларни “ejarima.uz” веб-сайти орқали ички ишлар органларига юборган шахслар ҳуқуқбузардан ундирилган жарима ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг беш фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4845-сонли Қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 январдан бошлаб аҳоли томонидан Давлат экология қўмитасининг интернет тармоғидаги махсус ахборот тизимига юборилган экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари тўғрисидаги фотосуратлар
ва видео ёзувларни юборган шахслар ҳуқуқбузардан ундирилган жарима миқдорининг ўн беш фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги 829-сонли қарори билан “Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган
ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Низомга кўра, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахслар бир марталик пул мукофоти (БҲМнинг 3 бараваридан 25 бараваригача) билан рағбатлантирилади.
Агар пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати БҲМнинг юз бараваридан кўп бўлса, мукофот қуйидаги фоиз ҳисобида ҳисобланади.

  • анча миқдор учун – мулк қийматининг 15 фоизи миқдорида;
  • кўп ва жуда кўп миқдор учун – мулк қийматининг 10 фоизи миқдорида.
    Шунингдек, шахс коррупцияга қарши курашишга муносиб ҳисса қўшганлиги учун давлат мукофотига ҳам тавсия этилиши мумкин.
    Бошқа соҳаларда ҳам ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш тартибини жорий қилиш режалари мавжуд. Масалан, Давлат солиқ қўмитаси томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган “Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ва хуфиёна иқтисодий фаолиятни амалга ошириш фактларини аниқлашда ёрдам берган шахсларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарори лойиҳасида солиққа оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашда ёрдам берган шахсларни пул маблағлари билан рағбатлантириш назарда тутилган.
    Хорижий тажриба
    Кўплаб хорижий мамлакатларда ҳуқуқбузарликларга қарши курашда жамоатчилик иштирокини таъминлаш мақсадида “whistleblowing” институти жорий қилинган. Бу институтнинг қисқача мазмуни ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар беришдир.
    “Whistleblower” (сўзма сўз таржимаси “ҳуштак чалувчи”) – бу давлат идораси, жамоат, хусусий ёки тижорат ташкилоти ходимлари томонидан содир этилган фирибгарлик ёки бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларини фош қилувчи фаол фуқаро ҳисобланади. Бундай хабарчилар ҳуқуқбузарликлар ҳақида ёки муайян ташкилотнинг ичида ёхуд ташқарига (инспекторларга, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига, оммавий ахборот воситаларига ёки манфаатдор шахсларга) хабар берадилар. Хабарчилар ўзлари текширув ташаббускори бўлишлари ёки маълумотларни тарқатиш имкониятига эга бўлган воситачиларга беришлари мумкин.
    Хорижий мамлакатларда давлат ва хусусий секторларида турли хил жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни фош қилиш мақсадида фуқароларни рағбатлантириш услубидан ҳам кенг фойдаланилади.
    АҚШ, Буюк Британия, Германия, Канада, Корея, Руминия, Сербия, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа давлатлар қонунчилигида ҳам коррупцияга қарши курашишнинг самарали механизми сифатида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш тартиби белгиланган.
    Америка Қўшма Штатларининг 1986 йилги фирибгарликлар тўғрисидаги федерал қонунига кўра, бюджет маблағларига оид фирибгарлик ҳолатлари ҳақида хабардор бўлган шахслар, давлат манфаатлари учун даъво ариза билан судга мурожаат қилишлари мумкин. Ушбу ҳолатда даъво берувчи шахс умумий даъво миқдорининг 15 фоизидан 25 фоизигача улуши суд томонидан рағбатлантирилади. Шунингдек, амалдаги қонунларга кўра, молия бозори иштирокчисининг ҳар қандай ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берган шахс ушбу ҳуқуқбузарлик учун суд томонидан белгиланган жарима миқдорининг 10 фоизидан 30 фоизигача мукофот пулини олиши мумкин.
    Россия Федерациясининг 07.02.2011 йилдаги “Полиция тўғрисида” ги Федерал Қонунида шахснинг полицияга жиноятни очишда ишончли маълумотларни тақдим этганлиги ва айбдорларни қамоққа олишда ёрдам берганлиги учун рағбатлантириш назарда тутилган.
    Украина қонунчилигига 2019 йилда коррупция фактлари тўғрисида хабар берувчи “фош этувчи” тушунчаси киритилган. Шахс ҳуқуқбузарликлар тўғрисида аноним равишда коррупциянинг олдини олиш миллий агентлигига ишонч телефони ёки электрон почта орқали хабар бериши мумкин. Қонунчиликка кўра, агар коррупция фактидан давлатга етказилган пора ёки зарар миқдори камида энг кам иш ҳақи миқдорининг беш минг бараварини ташкил қилса, у маълумот учун пул мукофотини талаб қилиши мумкин.
    Хабарчиларга бепул юридик ёрдам, ҳаёт ва соғлиққа таҳдид бўлган тақдирда ҳимоя қилиш, адвокат учун харажатларни қоплаш кафолатланади.
    Хусусан, Қозоғистон Республикасида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунга кўра, коррупция билан боғлиқ жиноятлар ҳақида хабар берган шахслар пул маблағлари билан мукофотланиш билан бир қаторда давлат томонидан ҳимоя қилинади. 2017-2019 йилларда Қозоғистон Республикасида давлат бюджетидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берганлик учун 708 нафар шахс 99 млн. тенге (2,4 млрд. сўм), жорий йил 1-чорагида 44 нафар шахс 7,2 млн. тенге (176,6 млн. сўм) билан рағбатлантирилган.
    Қирғизистон Республикасининг “Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига кўра, коррупция тўғрисида хабар берган шахс ушланган суммадан келиб чиққан ҳолда рағбатлантирилади.
    Таъкидлаш лозимки, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясида ҳам коррупция билан боғлиқ жиноятлар ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш чораларини кўриш белгиланган.
    Хулоса қилиб айтиш мумкинки, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш
    ва бартараф қилишда жамоатчилик иштироки кенгайтирилиши, ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бериш рағбатлантирилиши мамлакатда ҳуқуқбузарликлар камайишига, қонун устиворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Равшан Нурматов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
етакчи маслаҳатчиси