Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан 2021 йил 26 январь куни соат 17:00 да “Фуқаролик кодексининг янги таҳрири лойиҳаси: шахсий номулкий ҳуқуқлар ҳимояси соҳасидаги янгиликлар (исмни, тасвирни, шахсий ҳаётни ҳимоя қилиш)” мавзусида халқаро илмий-амалий онлайн давра суҳбати ташкил этиш режалаштирилган.

Давра суҳбатида янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқишда қатнашган мутахассислар, Адлия вазирлиги ва бошқа идоралар вакиллари, амалиётчи ҳуқуқшунослар, Тошкент давлат юридик университети, Судьялар олий мактаби профессор-ўқитувчилари ҳамда хорижий экспертлар сифатида Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг, “Regional Dialogue” халқаро нодавлат нотижорат ташкилотининг вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

Онлайн давра суҳбати давомида Фуқаролик кодексининг янги таҳрири лойиҳасидаги шахсий номулкий ҳуқуқлар ҳимояси соҳасидаги, хусусан исмни, тасвирни, шахсий ҳаётни ҳимоя қилишга оид янгиликлар ҳамда бу борадаги ривожланган давлатлар, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар, АҚШ тажрибаси қиёсий-ҳуқуқий таҳлил қилинади.

Давра суҳбати якунлари юзасидан “Фуқаролик кодексининг янги таҳрири лойиҳаси: шахсий номулкий ҳуқуқлар ҳимояси соҳасидаги янгиликлар (исмни, тасвирни, шахсий ҳаётни ҳимоя қилиш)номли халқаро илмий-амалий онлайн давра суҳбати тўплами чоп этилади.

Тўпламда мақоласини чоп этишни истаганлар ўз мақолаларини
2021 йил 30 январга қадар Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтининг tadqiqotinstituti@adliya.uz электрон почта манзилига юборишлари керак.

Мақолалар қуйидаги йўналишлар бўйича қабул қилинади:

1. Фуқаролик ҳуқуқида шахсга оид маълумотларни ва шахсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича хорижий давлатлар амалиёти.

2. Шахснинг номулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фуқаролик
ва оммавий ҳуқуқ ёндашувлари.

3. Ўзбекистонда жисмоний шахсларнинг исмини, тасвирини, шахсий ҳаётини ҳимоясини таъминлаш билан боғлиқ ҳуқуқий муаммолар.

4. Фуқаронинг шахсий номулкий ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ва уларга нисбатан жавобгарликни белгилаш масалалари.

Мақола ва тезислар матни MS Word дастурида, Times New Roman шрифтида, 14 ўлчамда, 1,5 интервалда, 4-6 бет ҳажмида бўлиши ҳамда улар илгари чоп этилмаган ёки бошқа нашрга кўриб чиқиш учун ва чоп этиш учун тақдим этилмаган бўлиши лозим. Шунингдек, барча чизмалар ва жадваллар рақамланган, номланган ёки расм ёзувлари билан кўрсатилган бўлиши, графика ва диаграммалар рангли, қора ва оқ рангларда тайёрланиши керак.

Тўплам учун мақола ва тезислар ўзбек ёки инглиз тилида қабул қилинади.