2021 йилнинг 26 январь куни Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан “Regional Dialogue” халқаро нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган “Фуқаролик кодексининг янги таҳрири лойиҳаси: шахсий номулкий ҳуқуқлар ҳимояси соҳасидаги янгиликлар” мавзусида халқаро илмий-амалий онлайн давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқишда қатнашган мутахассислар, Адлия вазирлиги ва бошқа идоралар вакиллари, амалиётчи ҳуқуқшунослар, Тошкент давлат юридик университети, Судьялар олий мактаби профессор-ўқитувчилари ва бошқа малакали экспертлар, турли соҳалар вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда миллий экспертлар билан бир қаторда АҚШ ва Европанинг бир қатор давлатларидан мутахассислар иштирок этдилар. Хусусан, АҚШ Халқаро савдо суди судьяси Лео Гордон, Массачусетс штати округ судининг ёрдамчиси Роберт Фаррелл, Европа Кенгаши ва Европа Комиссиясининг шахсга оид маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича эксперт, Словения Адлия вазирлиги давлат катта котиби Петр Павлин ҳамда  “Regional Dialogue” ННТ ҳуқуқшунос экспертлари Горан Клеменчич, Джеймс Иглин қатнашдилар.

Шунингдек, давра суҳбати давомида шахсий номулкий ҳуқуқларни ҳимоя қилишда фуқаролик ҳуқуқи ва оммавий ҳуқуқ ёндашувлари ҳамда исмни, тасвирни, шахсий ҳаётни ҳимоя қилиш борасидаги хорижий давлатлар амалиёти, жумладан, АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатлари тажрибаси ва шахсий номулкий ҳуқуқга оид бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Хусусан, “Regional Dialogue” халқаро нодавлат ташкилотининг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси раҳбари Петра Горьюп янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси лойиҳасида шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш борасида тўхталиб, шахсий маълумот тушунчаси доирасига кирувчи маълумотларни, айрим масалаларни шахсий маълумот деб топиш ёки топмаслик масалаларини аниқ белгилаш орқали уларни ошкор этган шахсларни жавобгарликка тортиш масаласини яна бир бор таҳлил қилишни таклиф этди.

Шунингдек, Европа Кенгаши ва Европа Комиссиясининг шахсга оид маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича эксперт, Словения Адлия вазирлиги давлат катта котиби Петр Павлин шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар томонидан қабул қилинган бир қатор халқаро ҳужжатлар ва уларнинг аҳамияти тўғрисида тўхталди. Жумладан, Петр Павлин Иқтисодий Ҳамкорлик ва Тараққиёт ташкилоти томонидан қабул қилинган 1980 йилдаги “Шахсий маълумотларнинг трансчегаравий оқимлари ва махфийлигини ҳимоя қилиш бўйича Раҳбарий қоидалар”, Европа Иттифоқининг 1981 йилда қабул қилинган “Шахсий маълумотларни автоматик равишда қайта ишлашга нисбатан шахсларни ҳимоя қилиш тўғрисисда”ги Конвенция ва бошқа халқаро ҳужжатларнинг ўзига хос жиҳатларини қайд этиб ўтди.

Давра суҳбатида экспертлар қуйидаги мавзуларда маъруза қилдилар:

  • “Фуқаролик кодексининг янги таҳрири лойиҳаси: исмни, тасвирни, шахсий ҳаётни ҳимоя қилиш борасидаги янгиликлар”;
  • “Фуқаролик ҳуқуқида шахсга оид маълумотларни ва шахсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича Европа Иттифоқи амалиёти”;
  • “Фуқаролик ҳуқуқида шахсга оид маълумотларни ва шахсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича АҚШ амалиёти”; 
  • “Шахсий ҳуқуқ доктринаси”;
  • “Шахснинг тасвирини ҳимоя қилишда фуқаролик ва оммавий ҳуқуқ ёндашувлари бўйича АҚШ амалиёти”;
  • Шахснинг тасвирини ҳимоя қилишда фуқаролик ва оммавий ҳуқуқ ёндашувлари бўйича АҚШ амалиёти.

Фуқаролик кодексининг янги таҳрири лойиҳасидаги шахсий номулкий ҳуқуқлар ҳимояси соҳасидаги янгиликларни амалиётга жорий қилиш масаласи иштирокчилар ўртасида баҳс ва мунозараларга сабаб бўлди.

Давра суҳбати иштирокчиларининг саволларига экспертлар батафсил жавоб бердилар.