Жорий йилнинг 17 март куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси (JICA) билан ҳамкорликда “Иқтисодиётни либераллаштириш ва ҳуқуқларни ҳимоя қилишда суд ролини ошириш” мавзусида онлайн семинар ўтказди.

Мазкур семинар Япониянинг “Иқтисодиётни либераллаштириш ва ҳуқуқларни ҳимоя қилишда суд ролини ошириш” номли техник кўмаги доирасида ташкил этилди.

Ушбу семинарда Ўзбекистон ва Япониялик ҳуқуқшунослар ва бошқа соҳа мутахассислари ўз маърузалари билан қатнашадилар. Жумладан, Япония Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тадқиқот ва малака ошириш институтининг Халқаро алоқалар департаменти директори Таро Моринага “Бозор иқтисодиётига ўтиш даврида фуқаролик ҳуқуқи”, Халқаро алоқалар департаменти профессори Кота Куроки “Бозор иқтисодиётида фуқаролик суд ишларини юритиш принциплари” номли маърузалари билан иштирок этишди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ходими А.Сафарова “Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш масалалари” мавзусида маъруза қилди.

Тадбирда судьялар, профессор-ўқитувчилар ҳам қатнашиб, режали иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтишда фуқаролик қонунчилиги, бозор иқтисодиёти шароитида фуқаролик процессининг асосий тамойиллари, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексини такомиллаштириш каби масалалар кенг муҳокама қилинди.