Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Инсон ҳуқуқлари, жумладан сайлов ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатлар нормалари ҳамда халқаро стандартлар миллий қонунчиликка тизимли ҳамда босқичма-босқич имплементация қилинмоқда.

Шу пайтгача амалда бўлган 5 та алоҳида қонунлар асосида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси ва унга киритилган янгиликларнинг муҳим эканлиги 2019 йил 22 декабрда Ўзбекистонда бўлиб ўтган парламент сайловларига биринчи марта ўзининг тўлақонли кузатувчилар миссиясини юборган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси томонидан ҳам эътироф этилган.

Сайлов кодексига киритилган муҳим янгиликлардан бири сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини шакллантириш тартиби белгиланганидир. Сайлов кодексининг 28-моддасига
кўра, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ваколатли давлат органлари томонидан тақдим этиладиган ахборот негизида шакллантирилади ва янгилаб турилади, сайлов кампанияси даврида эса тегишли участка сайлов комиссиялари томонидан аниқлаштирилади.

Сайлов кодексига киритилган бу ва шунга ўхшаш бошқа кўплаб қоидалар халқаро сайлов мезонлари ва нуфузли халқаро ташкилотлар тавсияларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Шунга қарамай, Кодекснинг ўтган парламант сайловларида илк бор амалда қўлланган айрим қоидаларини янада такомиллаштиришга зарурат борлигини кўрсатди.

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси ҳам ўзининг Ўзбекистонда бўлиб ўтган парламент сайловлари юзасидан эълон қилган якуний ҳисоботида сайлов жараёнларини янада такомиллаштириш борасида бир қатор тавсиялар билдирган.

Хусусан, сайловчиларни руйхатга олиш ва эълон қилиш, сайловчилар рўйхатини текшириш натижасида унга ўзгартиришлар киритиш соҳасида қуйидаги мулоҳазалар билдирилган:

— участка сайлов комиссиялари овоз бериш кунидан 15 кун олдин сайловчилар рўйхати билан танишиш имкониятини яратган. Сайловчилар рўйхат билан танишиб, рўйхатга киритилмай қолган ёки ўзига тегишли маълумотларда хатоликлар бўлган фуқаролар мажуд камчиликларни тузатишни сўраб тегишли сайлов комиссиясига мурожаат қилишлари мумкин эди. Бироқ жуда кам сайловчилар бу имкониятдан фойдаланишган;

— Марказий сайлов комиссияси жами сайловчиларнинг сайлов округлари кесимида дастлабки рўйхатини эълон қилган, бироқ рўйхатда сайловчиларнинг сайлов участкалари кесимидаги тақсимоти кўрсатилмаган;

— Марказий сайлов комиссияси ва бошқа сайлов комиссиялари сайловчиларнинг дастлабки рўйхати эълон қилингандан сўнг овоз бериш кунигача ўтган муддатда бу рўйхатга киритилган ўзгартиришлар (сайловчилар сониниг ўзгаргани) ҳақида маълумот бермаган;

— сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати тузилганига қарамай, сайлов куни сайловчилар рўйхатидан ўз маълумотини топа олмаган фуқаролар ўзларининг мазкур участка ҳудудида яшашларига далил келтирган ҳолда ўз овозларини беришлари мумкин бўлган (Сайлов кодексининг 52-моддаси 2-бандига асосан). Бу сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини тадбиқ этиш мантиғи ҳамда халқаро стандартларга зид бўлиб, Венеция Комиссиясининг сайловлар ўтказишда тавсия қилинган нормалар Йиғинининг 1.2. бандида “сайловчилар сайлов куни сайлов участкасида рўйхатга олинмаслиги керак” деб белгиланган.

— сайловчилар рўйхатида шаффофлик ва текшириш имкониятини ошириш мақсадида сайловчиларнинг сайлов участкалари кесимидаги марказлаштирилган рўйхати Марказий сайлов комиссияси томонидан шакллантирилиши керак. Сайлов компанияси давомида сайловчиларнинг марказлаштирилган рўйхатига киритилган ўзгартиришлар ҳам сайлов участкалари кесимида кўрсатилиши керак.

Сайловчилар рўйхатини шакллантириш, рўйхатни текшириш, ундаги ноаниқликларни тузатиш ва бундай ўзгартиришлар ҳақида сайлов компаниясининг барча босқичларида эълон қилиб бориш соҳасидаги Марказий сайлов комиссияларининг бундай мажбуриятлари Грузия, Озарбайжон ва Қирғиз Республикаси сайлов кодексларида мавжуд.

Масалан, Грузиянинг Сайлов кодексига кўра, Марказий сайлов комиссияси сайловчиларнинг ягона рўйхатини шакллантириш ва рўйхатнинг эълон қилиниши керак бўлган оммавий қисмини (сайловчининг фамилияси, исми, шарифи, туғилган санаси, рўйхатдан ўтган манзили) Интернет тармоғида жойлаштириш учун маъсул ҳисобланади. Марказий сайлов комиссияси сайловлар ёки референдумга камида 5 кун қолгунича бўлган муддатда ҳар бир сайлов округи бўйича сайловчиларнинг аниқлик киритилган ягона рўйхатини, округ сайлов комиссиялари эса округ ва ҳар бир сайлов участкалари бўйича сайловчиларнинг ягона рўйхатини оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиши шарт.

Қирғизистонда сайловчиларнинг дастлабки рўйхати Марказий сайлов комиссияси томонидан овоз беришга камида 80 кун қолган муддатда танишиш ва маълумотлардаги ноаниқликларни тузатиш учун давлат порталига жойлаштирилади. Марказий сайлов комиссияси овоз бериш кунидан камида 35 кун олдин текширилган ва аниқлик киритилган сайловчиларнинг назорат рўйхатини тузади ва Участка сайлов комиссияларига юборади. Сайловчиларнинг рўйхатга кирмай қолгани ёки маълумотларида ноаниқликлар мавжудлиги ҳақидаги аризаларини қабул қилиш овоз беришга 15 кун қолганда тўхтатилади. Келиб тушган аризалар кўриб чиқилгач, Марказий сайлов комиссияси сайловчиларнинг якуний рўйхатини шакллантиради. Овоз бериш куни фақат сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларгина овоз бериш ҳуқуқига эга бўлишади.

Сайловларда қатнашган сайловчиларнинг рўйхати овоз берилган кундан 5 кундан ортиқ бўлмаган муддатда Марказий сайлов комиссиясининг расмий сайтида эълон қилинади.

ЕХҲТ ташкилоти Миссиясининг 2019 йил 22 декабрда ўтказилган парламент сайловлар юзасидан якуний ҳисоботида билдирилган тавсиялар, шунингдек айрим хорижий давлатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг сайлов кодексининг “Сайловчилар рўйхати” деб номланган 27-моддасига қуйидаги қоидаларни киритиш мақсадга муовфиқдир:

— Марказий сайлов комиссияси томонидан округ ва участка кесимида рўйхатга олинган сайловчиларнинг марказлаштирилган рўйхати юритилади ва Марказий сайлов комиссияси расмий сайтида жойлаштирилади. Мазкур рўйхат шунингдек тегишли округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан эълон қилинади;

—  Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов участкалари
ва округлари кесимидаги марказлаштирилган реестрга киритилган сайловчиларнинг умумий сони сайлов компаниясининг барча босқичларида эълон қилиниб борилади (масалан, сайловчиларнинг дастлабки рўйхати, дастлабки рўйхатга аниқлик киритилгандан сўнг ўзгаришларни ўз ичига олган рўйхат, овоз беришда қатнашган
ва қатнашмаганлиги аниқлаштирилган якуний рўйхат);

— текшириш жараёнида сайловчилар рўйхатига киритилган ўзгартиришлар ҳақидаги маълумотлар Марказий сайлов комиссияси ва тегишли сайлов комиссиялари томонидан сайлов участкалари кесимида эълон қилиб борилади;

— сайловларда қатнашган сайловчиларнинг сайлов участкалари кесимидаги рўйхати овоз берилган кундан 5 кундан ортиқ бўлмаган муддатда Марказий сайлов комиссиясининг расмий сайтида, шунингдек тегишли сайлов комиссиялари томонидан эълон қилинади.

Шу билан бирга, бир неча бор овоз беришни олдини олиш мақсадида сайловчилар рўйхатига ва марказлаштирилган реестрга кирмай қолган сайловчиларнинг сайлов куни (овоз беришга келганида) рўйҳатга олиш тартиби бекор қилиниши керак. Бунинг учун Сайлов кодексининг 52-моддасининг 2-бандини (“Бирон-бир сабабга кўра сайловчилар рўйхатига фамилияси кирмай қолган сайловчиларнинг фамилиялари сайловчининг шахси, фуқаролиги ва яшаш жойини тасдиқловчи ҳужжат асосида сайловчилар рўйхати иловасига киритилади”) чиқариш таклиф этилади.

Ўтган парламент сайловларида дастлабки синовдан ўтган Сайлов кодексига киритиладиган бундай ўзгартиришлар юқорида кўрсатиб ўтилган сайловчилар рўйхатини шакллантириш соҳсидаги камчиликларни баратараф этиб, мамлакатимиз сайлов қонунчилигини халқаро мезонларга мос бўлишини таъминлайди.

Анвар Эминов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти маъсул ходими