Дунё сиёсий харитасидаги мамлакатлар ўз бошқарувларида XX аср охири  XXI аср бошларида маъмурий ислоҳотларни ўтказдилар. Маъмурий ислоҳатлар натижасида давлат бошқарув органлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг турли моделлари шаклланди. Ривожланган давлатларда бошқарув самарадорлигини ошириш бўйича қўлланаётган замонавий концепцияларда давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, давлат органларини оптималлаштириш тўғрисидаги назарий ёндашувлар ва уларнинг ривожланиш босқичлари очиб берилган. Хусусан, New public managеment концепциясига кўра, давлат бошқарувида замонавий рақамли технологиялар жорий этилиб, ижтимоий, иқтисодий ҳамда сиёсий дастурларни амалга оширишда ҳукумат фаолияти билан бирга, фуқаролик жамияти институтлари кучига таянилади. Бошқарув ваколати айрим идораларда жамланмаслиги учун ҳокимиятлар тақсимланади ва улар бир-бирини тийиб туриш тамойили асосида иш кўради. Шунингдек давлат бошқарув органларининг фуқаролар ва иқтисодиёт устидан назорати ҳам чекланган бўлади.

Ривожланган хорижий мамлакатлар ва Ўзбекистон давлат бошқарувини қиёсий таҳлил қилганимизда мамлакатимизда қуйидагича тенденция кузатилмоқда, яъни жамиятнинг турли соҳаларида муайян масала кун тартибига чиқса ва уни ҳал қилиш зарурати юзага келганда шу муаммо билан шуғулланувчи янги давлат идораси ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси давлат бошқарувида  24 та вазирлик, 11 та давлат қўмитаси, 33 та агентлик, 6 та қўмита, 15 та инспекция, 5 та марказ  ташкил этилган. Мазкур давлат органлари марказий аппаратида жами 7 мингдан ортиқ, ҳудудий бўлинмаларда 32 мингдан ортиқ давлат хизматчиси фаолият юритади.

Молия вазирлиги маълумотига кўра, 2018 йилда давлат бошқаруви идораларини сақлаш харажатлари 2.189,8 млрд сўмни ташкил этган. 2019 йилда марказий ҳукумат органлари ҳамда суд ва прокуратура органларини сақлаш харажатлари 3.757,3 млрд сўм (жами бюджетнинг 3,5 фоизи) га тенг бўлган. 2020 йилда 131.104,5 млрд сўмлик давлат харажатларининг 5.318,6 млрд сўми давлат бошқаруви органларини сақлаш учун ажратилган.

Адлия вазирлиги томонидан йўл хўжалиги, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, ўрмон хўжалиги, туризм, табиатни муҳофаза қилиш, давлат хусусий шериклик, фармацевтика соҳаларидаги вазирлик, идораларга тегишли 48та такрорланувчи функциялар аниқланган. Шунингдек 36та давлат бошқаруви органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектлар функциясини қўшиб биргаликда олиб бориш ҳолатлари аниқланган. Хусусан, ижтимоий ҳимоя сиёсати бўйича вазифа ва функциялар кўплаб давлат идоралари ўртасида бўлинган, аммо уларнинг ўзаро ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилмагани боис, масалага комплекс ёндашиш, самарали фаолият юритишнинг имкони йўқ. 

Умумҳалқ муҳокамасига қўйилган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” ги Президент Фармони лойиҳасида 2021 йил якунига қадар давлат бошқаруви ходимлари сони ўртача 15 фоизгача оптималлаштириш белгиланган.

Давлат бошқаруви соҳасига янги моделларни жорий этиб самарадорликка эришган хорижий мамлакатлар тажрибасини таҳлил қиладиган бўлсак, бу борада ижобий натижаларга эришган Эстония давлатини келтириш ўринли.

МДҲ  таркибидаги аксарият мамлакатлар бошқарувини ривожлантиришда, такрорий функциялар ва ваколатларни қисқартиришда ҳамда органларни оптималлаштиришда ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб бошқарувнинг замонавий моделларидан фойдаландилар. Хусусан, мустақилликни қўлга киритганидан сўнг 25 йил ўтиб Эстония жаҳон IT стандартларига жавоб бера оладиган  рақамли инфратузилмани барпо этиб давлат бошқарувини ҳам ислоҳ қилди.

Эстония илк электрон сайловларни 2007 йилда ўтказганда  электрон овоз беришда шахсий идентификация смарт-картаси қўлланилган. 1999 йилдан бутун Евроиттифоқда стандартга айланган шахсни тасдиқлашнинг ID-карта усули  Эстониялик фуқароларга 2002 йилдан қўлланилган. ID-карталарни ҳар бир фуқаро олиши шарт қилиб қўйилган. Бу карта банклардаги транзакцияларни тасдиқлаш ва ҳужжатларни рақамли имзолаш учун керак бўлган.

Аҳолиси сони 1,3 миллиондан сал кўпроқ бўлган Эстония
2014 йили дунёнинг исталган мамлакати фуқаросига Эстония “электрон фуқароси” бўлиш имконини берувчи давлат дастурини ишга туширган.

Маълумотларга кўра, ҳозиргача 75 минг нафардан зиёд хорижлик Эстониянинг электрон фуқароси мақомига эга бўлган. 2025 йилда хорижлик электрон фуқаролар сонини 10 миллион нафарга етказишмоқчи. Эстониянинг бу тажрибасидан яна бир Болтиқбўйи мамлакати унумли фойдаланмоқчи, яъни
2021 йилнинг февраль ойидан Литва электрон фуқаролик жорий этилган дунёдаги иккинчи мамлакатга айланади. 

Эстония республикаси бошқа мамлакатлар учун ҳам фойдали
бўлган электрон ҳукуматнинг жорий этилишида амалий ёрдам берувчи  
e-Estonia Briefing Center га асос солган. Марказ  IT технологиялар бўйича
130 дан ортиқ мамлакат учун ечимлар тақдим этади.

БМТ ҳисоботларига кўра, COVID-19 пандемиясидан сўнг аксарият мамлакатлар электрон ҳукумат стратегиясига жиддий ёндашишни бошлади. Натижада сифатли электрон давлат хизматлари кўрсатиш бўйича ҳам ижобий натижаларга эришилмоқда.

Мамлакатлар электрон ҳукуматларини тадқиқ этиш БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти томонидан 2001 йилда бошланган. Бу кузатувлардан мақсад Электрон ҳукумат тараққиёти индекси ёрдамида БМТга аъзо мамлакатларда электрон ҳукумат борасидаги ривожланишларни кузатиб боришдир. Электрон ҳукумат тараққиёти индекси — электрон ҳукумат нуқтаи назаридан таснифлаш воситасидир. Индекс онлайн хизматлар қамрови ва сони, телекоммуникациялар инфратузилмаси ҳолати ва инсон салоҳияти каби уч асосга қурилган.

Финляндия Республикаси бошқарув шакли жиҳатидан унитар давлатдир. Мамлакатнинг энг қуйи ҳудудий ва маъмурий бирликлари — коммуналар ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқига эга. Финляндия маҳаллий бошқарув тизими бир босқичдан иборат. Мамлакатда 348 та муниципалитет (коммуналар) мавжуд.

Финляндия New Public menegment концепцияси асосида шакллантирилган давлат аппаратида марказий давлат органларини ташкил қилиш икки даражани ўз ичига олади. Биринчи даражада 17 та вазирлик ва идоралар, иккинчи даражада агентликлар фаолият юритади.

Давлат бошқарув органлари иш фаолиятида замонавий IT-технологиялар жорий этилиб “Электрон ҳукумат” га тўлиқ ўтилган. Натижада вазирлик ва идоралар персонали оптималлаштирилиб таркибий тузилмада 200-300 та давлат хизматчилари фаолият юритиши белгиланган.

Давлат бошқарувининг биринчи даражасидаги вазирлик ва идораларнинг асосий вазифаси ҳукумат томонидан қабул қилинадиган қарорлар ижросини таъминлаш, шунингдек маъмурий тузилмалар томонидан бажариладиган ишлар комплексини мувофиқлаштиришдир. Давлат органлари иккинчи даражасидаги идораларнинг бошқарув функциялари давлат хизматларни кўрсатиш ҳамда фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиб ҳал қилишдан иборат.

Финляндия New Public menegment концепциясига кўра давлат бошқарувини янада ислоҳ қилиш бўйича 21 таклифни ўз ичига олган қуйидаги йўналишлар белгиланган:

  • сиёсий ва маъмурий тизим;
  • давлат харажатларининг қисқариши;
  • давлатнинг самарали кадрлар сиёсатини олиб бориш;
  • давлат хизматларини тақдим этиш мониторингини ўтказиш;   
  • давлат бошқаруви тизимини ривожлантириш бўйича тадбирларни ташкил этиш ва режалаштириш, уларни амалга ошириш ва мониторингини ўтказиш.

Мақсадли дастурлар давлат бошқарувининг янги воситаси сифатида танланган ислоҳотлар стратегиясини “New Public menegment” акс эттиради. Финляндия ҳукумати томонидан энг муҳим қуйидаги йўналишларда давлат дастурларини амалга ошириш белгиланган:

1. Электрон ҳукуматни ривожлантириш дастури (ижро учун масъул ва координатор — Бош вазир);

2. Бандликни таъминлаш дастури (масъул ижрочи Меҳнат вазири);

3. Тадбиркорлик ва бизнесни қўллаб-қувватлаш дастури (ижро учун масъул Савдо-саноат вазири);

Жамоатчиликни давлат бошқаруви ҳамда ижро назоратига  жалб қилиш бўйича қуйидаги йўналишлар белгиланган:

• демократик тузилмалар ва усуллар;

• фуқароларни бошқарув жараёнига жалб қилиш;

• фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш;

• ижтимоий-сиёсий фаоллик.

Финляндия Ҳукумати давлат бошқарувини ислоҳ қилишнинг дастлабки натижаларини баҳолаш бўйича кенг кўламли дастурни амалга ошириш жорий қилинганида Молия вазирлиги томонидан ислоҳотлар баҳоланган ва натижалар бўйича якуний хулосалар берилган.

Давлат бошқаруви тизимидаги ислоҳотларнинг муҳим натижаси самарадорликни ошириш ва бюджет маблағларини тежаш ҳисобланади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2016-2030 йиллар барқарор ривожланишнинг “2030 йил кун тартиби” деб номланган дастури доирасида  Финляндия БМТнинг 17 та барқарор ривожланиш мақсадларининг кўпига эришганлиги натижалар кўрсаткичи билан белгиланди.

Финляндия 2030 йил дастурини амалга оширишда биринчи ўринлардан бирини эгаллаб келган. Дастур бажарилиши тўғрисида Ҳукумат ҳисоботи ҳар тўрт йилда парламентга тақдим этилади. Биринчиси 2017 йилда, энг сўнггиси 2020 йил октябрида топширилган. Парламентга ҳисоботда дастур доирасидаги ишларнинг ижроси назорат қилинадиган ва баҳоланадиган воситалар ҳам тавсифланади. Ҳукумат бу борадаги ишлар тўғрисида БМТга ҳисобот беради. 2020 йилда Финляндия ўз миллий шарҳини тақдим этган биринчи давлатлардан бири бўлди, яъни БМТга 2030 кун тартибини амалга ошириш бўйича режалари тўғрисида ҳисобот берди.

Хорижий мамлакатларда муваффқиятли синовдан ўтган давлат бошқарувининг замонавий моделларини Ўзбекистонда ҳам жорий этиш ўзининг ижобий натижасини бериши мумкин. Шунингдек ҳар йили қабул қилинаётган Давлат дастурларида ҳам бошқарувни такомиллаштиришга оид вазифаларнинг белгиланиши бу соҳадаги  ислоҳотларнинг ривожланишини жадаллаштиради.

Юқорида таҳлиллардан келиб чиқиб хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасидан фойдаланган ҳолда бошқарувга рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳисобидан иш жараёнларини оптималлаштириш ҳамда бир-бирини такрорлайдиган идоралар, функциялар ва бюрократик тўсиқларни қисқартириш, вазирлик ва идоралар фаолиятида қарор қабул қилиш жараёнларини соддалаштиришни  назарда тутувчи норматив ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш таклиф этилади.

Дилдора Анварова,
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими