Президентнинг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси концептуал жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Унда мамлакатимиз давлат бошқарувини ривожлантиришнинг устувор йўналишларидаги навбатдаги вазифалар аниқ ижро механизми билан чуқур ифода этиб берилди.  

Бугунги кунда хорижий мамлакатлардаги давлат бошқаруви самарадорлигини ривожлантириш бўйича ваколатли органларнинг фаолиятида кўзга ташланаётган муҳим тенденциялардан бири – мустақил лойиҳалар асосида ишлаш (лойиҳа бошқаруви) шаклига кўпроқ эътибор қаратилаётганидир.

XXI аср бошларида АҚШ, Германия, Буюк Британия каби ривожланган мамлакатларда давлат бошқаруви самарадорлигини таъминлашга оид замонавий моделларни амалиётга татбиқ қилиш учун долзарб муаммолар юзасидан лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва ижро этиш бўйича кўплаб тадқиқотлар ўтказилган.

Хорижий давлатларда лойиҳаларни амалга ошириш учун муваққат хизматчи ва мутахассисларни шартнома асосида жалб этиш имконияти яратилган. Лойиҳалар асосида ишлаш турли соҳаларга мамлакат ва хориждаги етук экспертларни жалб этиш, вазият ва талабга мувофиқ бирор бир йўналишда давлат бошқарувини осонлик билан трансформация қилишга, долзарб муаммолар бўйича асосли ечимлар топишга имкон яратади. Бундай тизим юклатилган вазифаларни бажаришда давлат хизматчиларида тезкорлик, яратувчанлик, катта ҳажмдаги мураккаб маълумотлар билан ишлаш кўникмаларини шакллантиришни талаб қилади.

Ривожланган мамлакатларда давлат бошқаруви ва сиёсати бир биридан ажралмаган ҳолда амалга оширилади. Шу сабабли бу борада давлат хизматчиларини тайёрлаб бориш мақсадида Лондон иқтисодиёт мактаби, Гарвард, Жоржтаун, Корнел каби кўплаб нуфузли университетларда “Давлат бошқаруви ва сиёсат” факультетлари мавжуд.  

Давлат бошқаруви жамият талабларини ўз вақтида қондириши учун доимий тарзда ислоҳ этилиши талаб қилинади. Чунки бугунги глобал жараёнлар авж олаётган бир пайтда ахборот технологиялари таъсирида аҳолининг сиёсий ва ҳуқуқий онги ошиб бормоқда. Натижада давлат томонидан қўлланилаётган амалдаги бошқарув механизмлари ўз самарадорлигини тез йўқотмоқда, айрим ҳолларда, айнан шу туфайли давлатлар сиёсий инқирозга юз тутмоқда.  

Табиий савол туғилади, “Нима сабабдан айрим давлатлар жадал ривожланмоқда, қолганлар эса турғунлик ҳолатидан чиқа олмаяпти?”. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, давлат бошқарувида сиёсий ва институционал ислоҳотлар ўз вақтида амалга оширилиши давлатни янада мустаҳкам қилади.Шу ўринда, масалага танқидий ёндашган ҳолда, Ўзбекистондаги давлат бошқарувига алоқадор айрим долзарб муаммолар ҳақида қуйидаги мулоҳазаларни билдириш мумкин:

Биринчидан, Ўзбекистонда ҳокимиятни вертикал номарказлаштириш, яъни ўрта ва қуйи бўғиндаги давлат хизматчиларининг масъулиятини ошириш мақсадга мавофиқдир. Бу ҳолатда республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлари назорат қилувчи эмас, балки буюртмачи сифатида ҳаракат қилиб, мамлакатни умумий ривожланиш стратегияси ва сиёсатини юритилишини таъминлайди.  

Иккинчидан, давлат бошқарувида керакли бўлган мутахассислар тақчиллиги юзага келмоқда. Самарали давлат сиёсатини амалга ошириш учун биринчи навбатда стратегик тафаккур қилиш (strategic thinking) қобилиятига эга қадрлар мавжуд бўлиши даркор ва улар доимий равишда мавжуд муаммоларни ўрганиб бориши талаб этилади. Кўплаб ривожланган давлатлар дунёдаги кучли рақобат муҳитида энг яхши кадрларни ўз сафига қўшишга бел боғлаган. Масалан, охирги йилларда Канада, Германия, Хитой, Австралия давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш мақсадида турли миллатга мансуб иқтидорли ва ноёб мутахассисларга иммиграцион визалар беришни сезиларли даражада кўпайтирди.

Президент томонидан ҳам бир неча маротаба юқори салоҳиятли ватандошларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича фикрлар билдирилган бўлиб, бу борада аниқ механизмлар ишлаб чиқилиши заруриятдир.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги юкори малакали мутахассисларни, шу жумладан хорижда яшаётган ватандошлар орасидан аниқлаш ва жалб этишда тизимли ишларни олиб бормоқда. Жумладан, Агентликнинг Қашқадарё вилояти филиали ташаббуси билан Америка Қўшма Штатлари, Канада, Жанубий Корея, Финландия каби  10 дан ортиқ ривожланган хорижий давлатлардаги 20 га яқин ватандошларимизни тажриба-синов тариқасида вилоят ҳокимининг ўринбосарларига, туман (шаҳар) ҳокимларига, давлат органлари ва ташкилотлари ҳудудий бошқармалари бошлиқларига жамоатчилик асосида, маслаҳатчи сифатида бириктириш масаласида музокаралар олиб борилаётганлиги Агентлик филиаллари томонидан ҳам бу йўналишда конструктив ишлар бошлаб юборилганлигидан далолат беради.

Учинчидан, ҳар қандай узоқ муддатга мўлжалланган давлат дастури ва қарорлар илмий асосларга таянган ва эксперт хулосалари билан шарҳланган бўлиши зарур. Шунинг учун аввал турли давлатлардаги мавжуд давлат бошқаруви моделлари ва тизимлари чуқур ўрганилиши керак.

Давлат сиёсатини ишлаб чиқишнинг турли моделлари мавжуд бўлиб, улар орасида америкалик сиёсатшунослар М.Хоулетт ва М.Рамеш томонидан таклиф қилинган беш босқичли модель эътиборга молик. Мазкур моделда амалга оширилиши белгиланган ишлар кун тартибини аниқлаш (agenda setting)дан бошланиб, тегишли чора-тадбирларни белгилаб олиш (policy formulation), қарорларни қабул қилиш (decision making), амалга ошириш (implementation) босқичларидан сўнг, натижаларни баҳолаш (evaluation) билан якунланади.

Ўзбекистонда ҳам илғор хорижий тажрибани ва энг яхши амалиётлар
(best practices) ни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу албатта фойдали, лекин муаммога ечим топиш учун бунинг ўзи етарли эмас. Яхши амалиётлар ҳар доим ҳам барча давлатларда бир хил натижа бермайди. Шу ўринда, инқирозга юз тутган давлатларнинг аянчли тақдири ҳам мамлакатда беқарорлик омиллари ва йўл қўйилган хатоликларни олдини олиш нуқтаи назаридан ўрганилиши фойдадан ҳоли бўлмайди.

Тўртинчидан, мамлакатимизда у ёки бу йўналишда давлат сиёсатини ишлаб чиқишдан аввал, ўрта ва қуйи бўғин идораларининг қарор қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кенгайтириш талаб этилади. Шу сабабли мустақил таҳлил марказлари (think-tanks)ни ташкил этиш, бу жараёнга катта малакага эга бўлган тадқиқотчилар, собиқ элчилар, тажрибали давлат хизматчилари ёки академик соҳа вакилларини кенг жалб этиш мақсадга мувофиқ.

Республикамизда давлат бошқарувига жамоатчиликни кенг жалб этиш мақсадида замонавий модделларни қўллаш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада Президент Мурожаатномасида қабул қилинган ҳужжатлар ижросини ташкил этишда жамоатчилик иштироки ва назоратининг кенг йўлга қўйилиши, жумладан, “жамоатчилик эшитувлари” ва “жамоатчилик мониторинги” тизими жорий қилиниши, бу жараёнга фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролар ҳам фаол жалб этилиши бўйича вазифаларни белгилаб бердилар.

Президентимиз томонидан коррупцияга қарши курашишнинг самарали воситаларидан бири сифатида кадрларни танлаш ва ишга қабул қилишнинг очиқ тизимини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди. Кадрларни танлашда эски усуллардан воз кечиб, уларнинг интеллектуал салоҳиятини, маънавий фазилатларини баҳолайдиган очиқ ва ошкора танлов тизими жорий этилиши зарурлиги айтиб ўтилди.

Портал фаолиятида “ягона дарча” тамойили асосида электрон тарзда ҳужжат топширилгани учун номзодларни давлат фуқаролик хизматига қабул қилишда инсон омили минималлаштириш мақсадига эришилган.

Таъкидлаш жоизки, ушбу тизимнинг жорий этилиши ва ривожлантирилиши ёшлар учун қулай имкониятларни яратиш билан бир қаторда, уларнинг билим ва кўникмаларига қўйилган талабларни бир мунча оширади ҳамда давлат бошқарувига малакали мутахассисларнинг жалб этилишига эришилади. Давлат хизматчиларининг замонавий технологияларни эгаллаган бўлиши, таҳлилий фикрлаш, креатив ёндашув, ғояларни шакллантириш, самарали қарор қабул қилиш, фаол ижтимоий муносабатлар, мослашувчанлик, ўз устида ишлаш каби кўникмаларга эга бўлиши самарадорликни оширишнинг муҳим жиҳати ҳисобланади.

Мамлакатимизда ислоҳотларнинг тўлиқ амалга оширилишини таъминлашга, ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва самарали ҳал этишга қодир бўлган, инновацион ривожланишнинг умумжаҳон тенденцияларига жавоб берадиган давлат бошқаруви тизимини янгилашни қуйидагилар орқали амалга ошириш лозим:

ортиқча ва ўзига хос бўлмаган вазифа, функция ва ваколатларни бартараф этиш, такрорлаш ва параллелизмни тугатиш;

давлат бошқарувини бюрократиядан холи қилиш ва унинг сарф-харажатларини пасайтириш, бошқарув қарорлари қабул қилиш тизимининг фаолият самарадорлигини ва шаффофлигини ошириш;

лойиҳа бошқаруви, стратегик режалаштириш, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар тизимини жорий этиш;

бошқарувнинг соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ва аҳолининг ишчанлик фаоллигини оширишга қаратилган бозор механизмларини кенгайтириш;

жамоатчилик ва парламент назоратининг, энг аввало, коррупция кўринишларининг олдини олишга қаратилган самарали шаклларини жорий этиш.

Юқорида таҳлиллардан келиб чиқиб хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасидан фойдаланган ҳолда мамлакатимизда давлат бошқарув органлари вазифаларини, уларни амалга ошириш механизмлари ва жавобгарлик соҳаларини аниқлаштириш, органларни ташкил этиш ва тугатишнинг аниқ мезонлари ҳамда тартиб-таомилларини жорий қилиш, вертикал бошқарув тизими ва ижро ҳокимияти органлари ўртасида яқин ҳамкорликни таъминлайдиган усул ва услубларни такомиллаштиришни назарда тутувчи қонун ҳужжатларини қабул қилиш мақсадга мувофиқ.

Дилдора Анварова,
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими