Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан автотранспорт воситаларининг давлат реестри бўйича таҳлил-тадқиқот ишлари амалга оширилди. Тадқиқот натижасида қуйидагилар аниқланди:

Ўзбекистондаги мавжуд муаммо

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда жуда кўпчилик фуқаролар иккиламчи бозордан автомобиль ҳарид қилишни афзал кўради. Фуқароларимизнинг автомобилларнинг иккиламчи бозорига бўлган бундай қизиқиши ишлатилган автомобилларнинг янгисига нисбатан бирмунча арзонлиги билан изоҳланади.

Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 3 миллиондан ортиқроқ енгил автомобиллар рўйхатдан ўтган бўлиб, автомобиллар савдосининг катта қисми иккиламчи бозорда амалга оширилади.

Иккиламчи бозорнинг ҳажми йилига тахминан 2 миллиард долларни ташкил этади, бунда ҳар йили 400-500 мингга яқин автотранспорт воситаси билан олди-сотди шартномалари тузилади.

Истеъмолдаги автомашинани ҳарид қилишнинг яна бир қулай тарафи шундаки, ҳаридор арзон нархга машҳур брендга мансуб автомобил ҳарид қилиши мумкин. Бироқ, истеъмолдаги автомашиналарни ҳарид қилишда ҳаридорлар кўплаб алдовларга учраб қолмоқда. Чунки, сотувчилар ёки автомобиль олди-сотди бизнеси билан шуғулланадиган тадбиркорлар томонидан сифати паст автомобиллар баъзан қиммат нархга сотиб юборилмоқда.

Ҳаридорларнинг сифатсиз, техник талабларга жавоб бермайдиган, эксплуатацияга яроқсиз автомобилларни сотиб олишларининг асосий сабабларидан бири қуйидаги маълумотларни аниқлаштириш имконининг мавжуд эмаслигидадир, жумладан:

Автомобилнинг йўл транспорт ҳодисаларига учраган-учрамаганлиги;

Автомобилга йўл транспорт ҳодисаси натижасида қай даражада шикаст етганлиги;

Автомобилнинг қайси қисмлари қандай сабабларга кўра алмаштирилганлиги ёки таъмирланганлиги;

Автомобилни техник кўрикдан ўтказиб турилганлиги;

Автомобилнинг қанча масофа босиб ўтганлиги тўғрисидаги маълумотлар ва ҳ.к.

Юқоридаги маълумотларни аниқлаштириш имконининг мавжуд эмаслиги автомашина сотувчиларига автомобилга доир маълумотларни соҳталаштиришда қўл келмоқда, жумладан;

Автомобилнинг ҳақиқатда босиб ўтган масофасини камайтириб қўйиш;

Йўл транспорт ҳодисасига учраб, шикастланган автомашинанинг қисмларини арзон эҳтиёт қисмлари билан алмаштириш ёки таъмирлаб ҳудди янгидек қилиб қўйиш;

Автомобилнинг техник созлиги, сифати ва нархига таъсир этувчи бошқа салбий кўрсаткичларни соҳталаштириш ва ҳ.к.

Автомобиль тўғрисида маълумотларнинг яширилиши (соҳталаштирилиши) ҳаридорларнинг сифатсиз машина ҳарид қилиши натижасида кўпсонли асосли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Хорижий мамлакатларда бундай муаммоларнинг, шунингдек юзага келиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида автотранспорт воситаларининг давлат реестрлари фаолият юритади ва ушбу реестрдаги маълумотлар мобил қурилмалар орқали ҳарқандай шахс томонидан олиниши мумкин.

Халқаро тажриба

Россия Федерацияси Ҳукуматининг 2019 йил 27 декабрдаги 1874-сонли “Aвтотранспорт воситаларининг давлат реестрини юритиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори 2020 йил 1 январдан кучга кирди.

Aвтотранспорт воситаларининг давлат реестри — бу Россия Федерациясидаги барча автотранспортларнинг ягона рўйхати бўлиб, унда барча автотранспорт воситалари тўғрисида маълумотлар мавжуд.

Aвтотранспорт воситаларининг давлат реестри Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги томонидан юритилади.

Давлат реестри қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:

а) транспорт воситаси тўғрисидаги маълумотлар:

транспорт воситаси паспортининг тафсилотлари (транспорт воситасининг электрон паспорти);

давлат рўйхатидан ўтказиш рақами;

идентификация рақами;

товар ва (ёки) модель (савдо номи);

“Ғилдиракли транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги ва “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида” Федерал қонунларда ҳамда Божхона иттифоқининг техник регламентида белгиланган транспорт воситасининг тоифаси;  

автомобиль тури;

ишлаб чиқарилган йили;

двигателнинг модели, рақами, тури, қуввати ва силжиши;

транспорт воситаси асосий қисмларининг идентификацион рақами (танаси, рамкаси, кабинаси);

шасси рақами;

автомобилнинг ранги;

экологик синфи;

автомобилга газ ёқилғиси ускуналари ўрнатилганлиги;

рулнинг чап ёки ўнг тарафда жойлашганлиги;

юкларни ёки жиҳозларни ташиш учун техник жиҳатдан рухсат этилган максимал масса;

ишлаб чиқарувчи;

Автотранспорт воситалари тўғрисидаги маълумотлар “Давлат хизматлари ягона портали” федерал давлат ахборот тизимидан қоғоз ёки электрон ҳужжат шаклида олиниши мумкин.

Россия Федерациясининг “Aвтотранспорт воситаларининг давлат реестрини юритиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асносида “Автоистория” ва “Автокод” расмий интернет сайтлари фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу сайтлар иккиламчи бозордан автомашина ҳарид қилувчи фуқароларга автомашина ҳарид қилишда алданиб қолмаслиги учун хизмат қилади. Чунки ушбу сайтда автомашина тўғрисидаги барча маълумотлар яъни; Автомашинанинг юрган масофаси (километри), банкда кредит учун гаровга қўйилган-қўйилмаганлиги, автомашинанинг ўғирланган ёки ўғирланмаганлиги, йўл транспорт ҳодисаларида иштирок этгани-этмаганлиги (йўл транспорт ҳодисада иштирок этган бўлса фотосуратлари билан), автомашинанинг қайси қисмлари алмаштирилгани ва (ёки) таъмирланганлиги ҳамда автомашинани тасарруф қилишга доир қўйилган чекловлар тўғрисида маълумотларни олиш мумкин.

Дунёнинг ривожланган мамлакатларида ҳам ушбу амалиёт мавжудлигини кўришимиз мумкин. Жумладан, Америка Қўшма Штатларида “Carfax” интернет сайти фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ҳарқандай манфаатдор шахс ушбу сайт орқали ҳоҳлаган автомашина ҳақида, автомашина рақамини киритган ҳолда, барча маълумотларни олиши мумкин.

“Carfax” интернет сайти автомашиналар тарихи ҳақидаги жуда катта маълумот базасига эга бўлиб қуйидагиларни ўз ичига олади:

Йўл транспорт ҳодисаларидаги иштироки;

Қайта таъмирланганлик ҳолати;

Автоэҳтиёт қисмларида тизимли шикастланиш;

Табиий офатлардан талофат кўрган-кўрмаганлиги;

Aвтотранспорт воситасининг ўғирлангани-ўғирланмаганлиги;

Хизмат ва текширув ёзувларининг мавжудлиги;

Таъмирлаш сметалари ва ҳаражатлари

Ҳаво ёстиқчаларининг мавжудлиги;

Одометр (босиб ўтган йўл) кўрсаткичлари;

Автомашина нечта шахс эгалигида бўлганлиги тўғрисидаги ва бошқа  маълумотлар.

Бундан ташқари, “Carfax” сайти АҚШдаги мингдан ортиқ полиция, ўт ўчириш бўлимлари, автотранспорт воситаларини таъмирлаш устахоналари каби манбалардан автомашина тўғрисидаги маълумотларни қабул қилиб олади.

“Carfax” сайти маълумотлар базасида 17,5 миллиарддан ортиқ ёзувларнинг мавжудлиги ушбу сайтнинг нақадар улкан маълумотлар базасига эга эканлигини тасаввур қилиш имконини беради.

Канадада эса “AutoCheck” платформаси фаолияти йўлга қўйилган бўлиб мазкур платформа аксарият жиҳатлари бўйича “Carfax” сайти билан бир хил функцияларни амалга оширсада, улар орасида бир қатор муҳим фарқлар мавжуд.

“AutoCheck” платформаси “Carfax” интернет сайтига солиштирганда тегишли маълумотларни бирмунча тезроқ топиш имконини беради. Шунингдек, ушбу платформа орқали тегишли автомобилнинг полиция ёки такси хизматлари томонидан фойдаланилганлиги тўғрисидаги маълумотларни аниқлаш имкони мавжуд.

“AutoCheck” платформасида автомобилнинг ҳар қандай табиий офат насижасида ҳар қандай ҳужжатлаштирилган зарар кўргани, шунингдек автомашинанинг ҳар қандай қисмининг шикастланиши ёки одометрнинг шикастланиши ҳақида ҳам хабар берилади.

Ушбу платформанинг яна бир қулай тарафи транспорт воситасининг суғурта маълумотлари ёки юзага келиши мумкин бўлган зарарлар тўғрисида ҳам тегишли ёзувлар мавжуд.

Бундан ташқари, “AutoCheck” платформаси ўз фойдаланувчиларига бир вақтнинг ўзида 300 тагача операцияларни бажариш имконини тақдим этади.

“AutoCheck” платформасидан олинган баъзи маълумотлар “Carfax” сайтида мавжуд бўлмаслиги мумкин, шунинг учун ҳозирда “AutoCheck” платформасидан фойдаланувчилар сони ортиб бормоқда.

Ушбу икки сайт маълумотларидан фойдаланиш пуллик асосда амалга оширилади.

Таклифлар

Ўзбекистон ҳудудида иккиламчи бозордан автомобиль ҳарид қилишда ҳаридорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масаласида тўғридан-тўғри амал қилувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд эмас.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл-транспорт ҳодисаларини ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги
2011 йил 15 ноябрда қабул қилинган 303-сонли қарорида фақатгина ЙТҲларини рўйхатини юритиш белгиланган бўлиб бу вазифани бажариш ИИБ бўлимларига юклатилган.

Шунингдек, автомобилларнинг тарихи ҳақидаги маълумотларни фуқароларга тақдим қилиш тартиби ҳам норматив ҳужжатлар билан тартибга солинмаган. Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл-транспорт ҳодисаларини ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги 2011 йил
15 ноябрдаги 303-сонли қарорининг 6-банди 3-хатбошисига кўра йўл-транспорт ҳодисасига оид барча маълумотлар ички ишлар органлари томонидан статистик ҳисоботга асосланиб тайёрланади ҳамда вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларга белгиланган тартибда тегишли сўров асосида берилади. Бу эса фуқароларга автомашинанинг ЙТҲга учраганлиги тўғрисида маълумот тақдим этилишини истисно этади.

Фуқароларнинг иккиламчи бозордан автомашиналар ҳарид қилишида ҳуқуқларини мустаҳкамлаш мақсадида биринчи навбатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл-транспорт ҳодисаларини ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги 2011 йил
15 ноябрда қабул қилинган 303-сонли қарорига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқ бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар вазирлигига автомобилларнинг реестри ва тарихини юритиш вазифаси юкланиши тўғрисида ва автомобилларнинг тарихи тўғрисидаги маълумотларни фуқароларга тақдим қилинишининг тартиби тўғрисидаги бандлар акс эттирилиши лозим.

Бунда ДЙҲХХ ҳар бир автомобил тарихини юритиши керак бўлади.

Янги автомобиль автосалондан ҳарид қилингандан (ёки чет элдан чегарани кесиб ўтгандан) бошлаб:

Ўзгарган эгалари сони;

Автомобилнинг ўзи ва уни бошқарадиган ҳайдовчилар суғурталангани, суғурта муддати;

Ўзгарган давлат авто рақами;

Автомобилда содир этилган қоидабузарликлар;

Автомобилнинг йўл-транспорт ҳодисаларида (аварияларда) иштироки этгани-этмагани (иштирок этган бўлса тегишли фотосуратлар билан бирга);

Автомобиль билан боғлиқ суғурта ҳодисалари сони ва тўлаб берилган суғурта товони суммаси қайд этиб борилиши керак.

Шунингдек, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва уларни созлаш устахоналарида ҳам шикаст етган автомобилларнинг фотоси, уларнинг устага келтирилган ва тузатилган санаси билан ДЙҲХХнинг умумий базасида қайд этиб бориш тизимини мажбурий тарзда йўлга қўйиш керак.

Шунингдек юқорида баён қилинган сабабларга кўра мамлакатимизда “AutoCheck”, “Carfax” ва “Автоистория” сайтларига аналог сайт фаолиятини йўлга қўйиб, иккиламчи бозордан машина ҳарид қилувчилар учун уларни қизиқтирган маълумотларни жойлаштириб қўйилиши аҳоли учун фойдали бўлади.

Сардор Турдикулов,
Шакарбой Ғойибназаров,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходимлари