Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳаси ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг ижроси юзасидан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш, одил судловнинг сифати ва шаффофлигини ошириш, “Хабеас корпус” институтини қўллашни кенгайтиришга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан:

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ
ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4850-сонли Фармони билан 2017 йилнинг 1 апрелидан жиноят, жиноят-процессуал, фуқаролик процессуал ва бошқа қонун ҳужжатларига одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор муҳим ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, қамоқ тарзидаги жиноий жазо тури тугатилди, жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга, қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек жиноят ишлари бўйича дастлабки терговнинг энг кўп муддатлари 1 йилдан 7 ойга қисқартирилди. Шунингдек, жиноят ишини қўшимча тергов юритиш учун қайтариш институти бекор қилинди.

 “Хабеас корпус” институти қўлланишини янада кенгайтириш доирасида прокурорларнинг почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва эксгумация қилиш каби тергов ҳаракатларини ўтказишга санкция бериш бўйича ваколатлари судларга ўтказилди. Бундан ташқари, судларга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилганда муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш ҳуқуқи берилди ва терговнинг тўлиқ эмаслигини суд муҳокамаси жараёнида тўлдириш механизмларини жорий этиш орқали суд томонидан жиноят ишини қўшимча тергов юритишга қайтариш институти бекор қилинди.

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4966-сонли Фармони билан ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида Олий суд ва Олий хўжалик суди фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди.

Судьялар ҳамжамиятининг органи ҳисобланадиган ва Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши таъсис этилди.

Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, туман (шаҳар) маъмурий судлари ташкил этилди, шунингдек, ишларни биринчи инстанцияда кўриб чиқишга ваколатли бўлган туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилди.

Амалдаги суд мажлиси котиби лавозими тугатилиб, белгиланган умумий штат бирлиги доирасида судларда судья катта ёрдамчиси
ва ёрдамчиси лавозимлари жорий этилди.

— Дунёнинг тараққий этган давлатларининг илғор тажрибасини чуқур ўрганиш, ислоҳотлар жараёнида тўпланган бой тажриба асосида миллий қонунчиликни замонавий талабларга мослаштирилиб борилиши натижасида Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ҳамда аввал мавжуд бўлмаган янги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекслари қабул қилинди.

— Судлов ишларини юритиш самарадорлиги ва аҳолининг одил судловдан хабардорлик даражасини оширишга йўналтирилган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини судлар фаолиятида кенг қўллашни таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 30 августда “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3250-сонли Қарорқабул қилинди.

Ушбу Қарор асосида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиш орқали суд мажлисида иштирок этиш, судлар томонидан кўриладиган ишларни судьялар ўртасида автоматик тақсимлаш, суд якуний хулосаларини интернет тармоғида жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш ҳамда ижро ҳужжатларини ахборот технология воситаларидан фойдаланиб электрон шаклда юбориш амалиёти йўлга қўйилди.

— Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 4 апрелда “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Мазкур Қонун билан Жиноят кодексининг 2301-моддаси “Далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш)” ва 2302-моддаси “Тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштириш (қалбакилаштириш)” киритилди ва турли тазйиқлар остида олинган кўрсатмалардан далил сифатида фойдаланишга чек қўйилди.

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 январдаги “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4096-сонли Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузурида Судьялар олий мактаби ташкил этилди.

Қарорга мувофиқ судьялик лавозимларига 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб фақат судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида ўқишни муваффақиятли тамомлаган шахслар тайинланиши белгиланди.

— Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 14 январдаги “Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни билан жабрланувчи, гувоҳ ва жиноят процесси бошқа иштирокчиларининг ҳаёти, соғлиғи ҳамда мол-мулкини ҳимоя қилишнинг қонуний кафолатлари белгиланди.

Хусусан, Қонун билан ҳимоя қилинувчи шахс тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш, шахсни, уй-жойни ва бошқа мол-мулкни қўриқлаш, ҳимоя қилинувчи шахсга махсус индивидуал ҳимоя воситаларини ва техник воситаларни бериш, вақтинчалик хавфсиз жойга жойлаштириш, бошқа яшаш жойига кўчириш, иш ёки ўқиш жойини ўзгартириш, ҳужжатларни алмаштириш, ҳимоя қилинувчи шахс ҳақидаги маълумотлардан фойдаланишни чеклаш каби хавфсизлик чоралари белгиланди.

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли Фармони билан 2021 йил 1 январдан бошлаб судда ишларни кўришда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлик тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув институтини жорий этиш, прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш, давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш, судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиганлиги (қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари), “бир суд – бир инстанция” тамойилини жорий этиш ва шу билан боғлиқ суд тизимида бир қатор ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни амалга ошириш белгиланди.

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 августдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-6041-сонли Фармони билан тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимлари томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчидан ариза, тушунтириш ёки кўрсатувлар олишни мазкур жиноят иши юритувида бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг ёзма рухсатига асосан ва фақат ҳимоячи иштирокида амалга ошириш, ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар бўйича, шунингдек, шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганда ҳимоячининг иштирок этиши шартлигини белгилаш ва бошқа бир қатор тартиблар белгиланди.

Шунингдек, мазкур Фармон билан шахсга эълон қилинган айблов, жиноят иши суднинг қайси инстанциясида кўрилаётганлигидан қатъи назар, ярашув институти доирасига тушадиган Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддаси ёки қисмига ўзгартирилган ҳолларда ярашув институтини қўллаш тартибини ҳамда жиноят ишини судга қадар юритиш босқичида гувоҳ ва жабрланувчини оғир касаллиги ёки узоқ муддатга чет давлатга чиқиб кетиш зарурати туфайли кечроқ сўроқ қилиш имконияти бўлмаган тақдирда, уларнинг кўрсатувларини гумон қилинувчи, айбланувчи, жабрланувчи, гувоҳ, прокурор ёки адвокатнинг илтимосномасига кўра суд томонидан тарафларнинг иштирокида олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш (депонирование) тартибини жорий қилинди.

Ўз навбатида, ушбу Фармонда айбига иқрорлик бўйича келишув институтини жорий қилинди. Бунда, айрим жиноятлар тоифалари бўйича шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган ҳолларда суриштирув ва дастлабки тергов органлари билан ёзма келишув тузилиши ҳамда унга нисбатан суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан кўп бўлмаган миқдори ёки муддатигача жазо тайинлаш амалиёти йўлга қўйилди.

— 2020 йил 7 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-6127-сонли Фармони билан 2021 йил 1 февралдан илк бор судьялик лавозимига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнлари интернет тармоғи орқали онлайн тарзда ёритиб бориш амалиёти йўлга қўйилади.

Шунингдек, мазкур ҳужжатга кўра, судьялик лавозимига номзодлар
ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастури ва судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашнинг аниқ мезонлари ишлаб чиқилиб, амалиётга тадбиқ этилади ҳамда судьялар Олий кенгаши тузилмасида Судьялар дахлсизлигини ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси тузилмоқда.

Ўтган тўрт йил давомида суд-ҳуқуқ ислоҳотлари соҳасидаги юқорида кўрсатилган туб ўзгаришлар бугунги кунда ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Хусусан, ноҳақ айбланган 2,3 мингга яқин киши оқланди, адашиб жиноят йўлига кириб қолгани сабабли озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниши мумкин бўлган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга маҳалла ва жамоатчилик кафилликлари асосида енгилроқ жазолар тайинланиб, ўз оилалари бағрида қолдирилди.

Таклифлар

Суд-ҳуқуқ ислоҳатларини такомилаштириш мақсадида хорижий давлатлар (АҚШ, Германия, Россия Федерацияси) тажрибасидан келиб чиққан ҳолда судларнинг мустақиллигини тўлиқ таъминлашга эришиш ҳамда қонунчилигимизда мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича қуйидаги таклифлар илгари сурилади.

— судларда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, фуқароларга интерфаол ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш тизимини янада ошириш мақсадида ахборот-коммуникация технологияларни кенгроқ жорий қилиш, суд қарорларини электрон тарзда етказиш, ҳар бир туман, шаҳар судларида ўзининг веб-сайтларини яратиш;

— судларнинг мустақиллигини таъминлаш ва уларнинг мақомини ошириш мақсадида “Судьялар мақоми тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш;

— судларнинг ижро ҳокимияти органлари ва бошқа идораларнинг мансабдор шахслари ҳар қандай ҳолатда ташқи таъсир ўтказмаслигини белгиловчи қоидаларни назарда тутувчи қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш;

— суд раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ахборот бериши ўрнига, ҳар бир вилоят судларида ташкил этиладиган веб-сайтлар орқали суд фаолиятига доир ахборотларни даврий равишда мунтазам эълон қилиб бориш амалиётини жорий этиш таклиф этилади.

Р. Нурматов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими