Ҳозирда Ўзбекистонда ва қўшни мамлакатларда бир неча юз минг ҳайдовчилар машҳур “Яндекс.Такси”(Uber) дастури билан ҳамкорлик қилиб, ўз иш фаолиятларини амалга ошириб келишмоқда.

Бугунги кунда, такси хизматларини кўрсатиш соҳасида мобил илова ўзининг ўстинлигини кўрсатиб келмоқда ва бу мобил иловалар тегишли агрегаторлар учун махсус яратилган бўлиб, ушбу агрегаторлар такси буюрмаларини тез ва осон топишда ёрдам беради.

Агрегатор онлайн такси хизматини кўрсатувчи транспорт компанияси бўлиб, мобил илова ёрдамида йўловчи ва буюртмаларни топишга имкон беради.

Хусусан, “Яндекс.Такси” иловаси Ўзбекистон Республикасида
2018 йилдан буён ўз фаолиятини олиб бормоқда. “Яндекс.Такси” иловаси ёрдамида буюртмачи (мижоз) такси ҳайдовчисини чақирганда, унинг келиши ва манзилга олиб боришини илова ёрдамида кузатиб туради. Такси хизмати учун тулов нақд ва банк картаси орқали амалга оширилади.

“Яндекс.Такси” Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ, лицензияга эга бўлган ҳайдовчилар билан ишлаши керак, бироқ амалда бу талаб бажарилмайди. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилига асосан йўловчиларни авто-транспорт воситаларида ташиш фақат лицензияга эга юридик шахсларга берилган бўлиб, такси ҳайдаш ниятида бўлган автотранспорт эгалари юридик шахс бўлган таксопарк билан шартнома тузиши ва ишлаши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, ҳайдовчиларининг мамлакат ҳудудида ўзининг шахсий енгил авто транспорт воситаси билан йўловчи ташиш учун уюшмага аъзо бўлиб, қонуний киракашлик қилиши учун ҳайдовчи ҳисобидан қуйидагилар сўралади:

1) 430.000 сўм – шахсий авто транспорт воситасини уюшмага ижарага берганлик тўғрисида нотариус орқали тасдиқлаб бериш;

2) 1.000.000 сўм – авто транспорт воситасини сариқ ранга бўяш;

3) 700.000 сўм – МРОдан уюшмани давлат рақамини ва тех паспортини олиш;

4) 223.000 сўм – транспорт вазирлиги аризани кўриб чиқиши;

5) 44.000 сўм – авто транспорт воситасини мажбурий суғурта қилиш;

6) 661.000 сўм – йўловчи ташиш суғуртасини олиш;

7) 4.5-5 млн сўм атрофида – шашка, наклейка, яшил чирок ва таксометр.

Юқоридаги сўммаларни жамлаб хисоблайдиган бўлсак, ушбу сўмма 7.558.000 сўмни ташкил қилади.

Барча туловлар амалага оширилгандан сўнг, уюшма аъзосига айланиш мумкин бўлади. Уюшма эса меҳнат дафтарчасига фақат иш стажини ёзади холос. Бундан ташқари, уюшмага 33.000 сўмдан ўз шахсий авто транспорт воситасини ўзи ижарага ҳайдаганлиги учун ҳам тўлаб борилади.

2020 йил 19 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 май куни тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Ушбу йиғилишда 60 дан зиёд касблар қаторида таксистлар ҳам ўзини-ўзи банд қилган фуқаролар сифатида даромад солиғидан озод қилинишини таъкидлаганди аммо кейинчалик тасдиқланган касблар рўйхатидан (ПҚ-4742-сон 08.06.2020) негадир таксичилик тушиб қолди Президент бу топшириқни берганига салкам 1 йил бўлда ҳалигача бажарилмади.

Ҳозирда мазкур фаолият билан шуғулланиш имкониятини жисмоний шахсларга ҳам бериш режалаштирилмоқда. Ўзбекистонда 2021 йил 1 январдан жисмоний шахсларга ўз шахсий авто-транспорт воситаларида йўловчиларни ташишга рухсат бериш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентнинг “Яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони лойиҳасида қайд этилган бўлиб, 2021 йил 1 январдан бошлаб, жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида 5 кишидан кўп бўлмаган ўриндиқли (ҳайдовчини ҳисобга олган ҳолда) енгил шахсий автотранспорт воситаларида йўловчи ташиш фаолиятини амалга оширишга рухсат берилиши кўзда тутилмоқда.

Бунда ўзини ўзи банд этувчи шахслар енгил автотранспорт воситасида йўловчиларни ташиш фаолиятини мобил иловалар – агрегаторлар орқали амалга оширганларида олинган даромадларга ижтимоий солиқни тўлаш билан бир қаторда жисмоний шахслардан даромад солиғи белгиланган тўлов ставка бўйича олинган даромад суммаси 50 фоизга камайтирилган ҳолда солиқ солинади.

Маълумот учун. Ўзбекистон Республикасида ноқонуний йўловчи ташиш ҳолатлари бўйича 2019 йилда 54 мингга яқин фуқаролар маъмурий жавобгарликка тортилган бўлиб, йўловчиларни енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолиятида яширин иқтисодиётнинг улуши қарийб 60 фоизга етган.

Такси хизматларини кўрсатиш бўйича яна бир таниқли агрегатор
бу — “Uber” компанияси ҳисобланади.

Маълумот учун. Uber Technologies Inc.; Uber (Убер) – ушбу компания АҚШнинг Сан-Франсиско шахрида жойлашган бўлиб, “Uber” номли дастурни яратди. Ушбу дастур ёрдамида такси ҳайдовчиларини онлайн чақириш ҳамда етказиб бериш хизматларидан фойдаланиш мумкин.

Хусусан, бу дастур ёрдамида буюртмачи (мижоз) ҳайдовчига эга авто транспорт воситасини захирага олади ва унинг ҳаракатини белгиланган нуқтага келгунга (етказиб бергунга) қадар кузатиб туради. Ҳайдовчилар ушбу дастур билан ишлаш учун ўз шахсий авто транспорт воситасидан фойдаланадилар. Амалга оширилган буюртмалардан тушган пул маблағларининг 67 % ҳайдовчиларга, 33 % “Uber”га тушади. Такси хизмати учун тулов нақд ва банк картаси орқали амалга оширилади.

Таъкидлаш жойизки, “Uber” такси хизматининг пайдо бўлиши кўпгина ҳайдовчилар ўртасида катта норозиликларни келтириб чиқарган[1]. Хусусан, “Uber”компанияси бир қатор мамлакатларда ўз позициясини мустахкамлай олмаган. Бу мамлакатлар қуйидагилар:

– Болгариятакси хизмати сифатида рўйхатдан ўтишнинг иложи йўқ;

– Венгрияинтернеторқали ишлайдиган диспетчерлик хизматларига таъқиқ қўйилган;

– Хитой – катта рақобат ва аниқ нормаларнинг йўқлиги сабабли сервис ўз хизматини “ДИДИ такси” хизматига сотган.

– Даниятакси ҳайдовчиларига таксометр ўрнатиш мажбурий бўлганлиги сабабли “Uber”компанияси ўз хизматини олиб боролмаган.

– Италия“адолатсиз рақобат” туфайли аксарият шаҳарларда иловадан фойдаланиш қисман таъқиқлаб қўйилган;

– Германия, Франсия, Нидерландия мамлакатларида давлатнинг қонуний талаблари бажарилмагунича вақтинчалик блоклаб қўйилган.

Маълумот учун: ҳатто жуда ривожланган ва кенг имкониятларга эга солиқ аппарати мавжуд бўлган АҚШ ҳукумати ҳам “Uber”ни АҚШдаги барча солиқларни тўлашга мажбур қила олмаган.

Ҳорижий мамлакатларда таксилар фолиятини ўрганиш қуйидагиларни кўрсатди:

Россия Федерациясида “Яндекс.Такси”нинг ишлаш принципи қуйидагича:

– йўловчи таксини мобил илова орқали чақиради;

– йўловчи такси хизмати учун карта ёрдамида тўловни амалга оширади ва бу пуллар агрегаторга тушади;

– агрегатор тўғридан-тўғри хайдовчи жисмоний шахслар билан ишламайди ва фақатгина “яндекс ҳамкор”лар ва “тадбиркор”лар (МЧЖ
ва якка тартибдаги тадбиркор) билан ишлайди. Бунга сабаб, агрегатор йўловчилардан тушган тўловларни ўзига тегишли комиссиясини ушлаб қолади ва қолган қисмини “Яндекс ҳамкор”га ўтказиб беради;

– “Яндекс ҳамкор” ҳам ўзига тегишли бўлган комиссия қисмини ушлаб қолиб, йўловчилардан тушган тўловларни хайдовчига ташлаб беради.

Шу тариқа маблағлар қуйидаги схема бўйича айланади:

1. “Йўловчи – агрегатор – хайдовчи”, хайдовчи якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган ҳолларда;

2. “Йўловчи – агрегатор – яндекс ҳамкор – хайдовчи” хайдовчи жисмоний шахс яндекс ҳамкор билан шартнома тузган ҳолларда;

“Яндекс.Такси”тизимида хайдовчилар даромад солиғини тўламайди, сабаби “Яндекс агрегатор” йўловчилардан келиб тушган суммадан ўзининг 20% комиссиясини олади, “Яндекс ҳамкор” эса, ўзининг 10% комиссиясини олади.

Барча агрегаторлар яндекс ҳамкорлар билан шартнома асосида ишлайди. Шартномада агрегаторлар транспорт, лицензия ҳамда йўловчилар учун жавобгар бўлмайди: у фақат буюртма ҳақидаги маълумотларни узатади ва тизим орқали пулни қабул қилади.

“Яндекс ҳамкор”нинг ҳам йўловчи ташишда хеч қандай жавобгарлиги йўқ, чунки ҳайдовчи билан тузилган шартномада у фақат агент эканлиги ва “яндекс агрегатор” дан ҳайдовчига маълумот узатиш вазифасини бажаради.

“Яндекс.Такси”агентлик шартномаси:

Aгентлик шартномаси — бу бирон бир сабабга кўра ваколат ёки функцияларни учинчи шахсларга топшириш зарур бўлган ҳолларда томонлар ўртасида тузилган ҳужжат. Уни имзолаган воситачи компания юридик шахс номидан маълум фаолиятни амалга оширади.

“Яндех.такси” агентлиги шартномаси қоидалари Россия Федерацияси Фуқаролик Кодексининг 437 ва 438-моддаларига мувофиқ, пудратчи
ва буюртмачи ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш тартибига асосан белгиланади. Шартномага кўра пудратчи буюртмачи номидан битимлар тузиш ва агентлик шартномасида кўзда тутилган бошқа ҳуқуқий ҳаракатларни амалга ошириш ваколатига эга.

“Яндекс.Такси” билан ўз — ўзини банд қилган шахсларнинг солиқ тўлови ва имтиёзлари[2].

Россия Федерациясининг 2018 йил 27 ноябрдаги N422-FZ сонли Қонунига асосан ўзини-ўзи банд қилган шахслар (такси ҳайдовчилари) солиқ ставкаси камайтирилган тартибда солиқ тўлайдилар. Жисмоний шахсларнинг буюртмалари учун 4 %дан, юридик шахсларнинг буюртмалари учун эса 6 %дан солиқларни тўлайдилар.

Ушбу қонунга мувофиқ, солиқ даромад миқдоридан олинади, буюртма амалга оширилмаган ҳолларда солиқлар олинмайди.

“Менинг солиғим” иловасидан рўйхатдан ўтиб, ўзини — ўзи банд қилган шахс “Яндекс.Такси”билан тўғридан-тўғри ишлаш ҳуқуқини қўлга киритади, яъни тизим ҳамкори билан шартнома тузиши ва тизим ҳамкорига комиссия тўлаши талаб этилмайди. Ўзини-ўзи банд қилган шахслар ҳар ойнинг
25 санасига қадар солиқ тўлашлари керак бўлади.

Ўзини-ўзи банд қилган шахслар мажбурий суғурта бадалларини ўз хоҳишига кўра амалга ошириши мумкин. Масалан, келажакдаги пенсияни шакллантириш, таксидаги даромад ҳисобга олиниши ва бошқалар.

Маълумот учун. Москва шахрида4000 та яндекс такси ҳайдовчилари “менинг солиғим” иловаси орқали ўзини-ўзи банд қилиш учун рўйҳатдан ўтган.

Қозоғистон Республикасида давлат идоралари “Яндекс.Такси” хизмати билан 2018 йилда ўзаро ҳамкорлик доирасида Меморандум имзолади.

Ушбу меморандум, “Яндекс.Такси”(хусусий такси) ҳайдовчилари томонидан солиқ мажбуриятларининг бажарилишини таъминлашда ёрдам беради. Бундан ташқари, яндекс такси тизимида ишлайдиган ҳар бир таксопарк солиқ идораларига хусусий такси ҳайдовчилари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.

Қозоғистон Солиқ кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, 2019 йилдан бошлаб ушбу тоифадаги солиқ тўловчилар бюджетга тўловни амалга оширишлари учун якка тартибдаги тадбиркор ҳамда солиқ тўловчи сифатида давлат рўйхатидан ўтиб олган даромадларининг 1 %ни, ёки солиқ тўловлар рўйхатидан ўтмасдан ҳар ойда минимал иш ҳақининг бир баравари миқдорида солиқ тўлаган ҳолда ўз фаолиятларини амалга оширадилар.

Солиқ миқдорини ҳисоблаш тартиби қуйидагича:

1. Минимал иш ҳақининг 1 баравари миқдорида 2525 тенге
(62.774,28 сўм) Қозоғистон Республика миқёсидаги шаҳарлар ва пойтахт ҳайдовчилари учун.

2. Минимал иш ҳақининг 0,5 баравари миқдорида 1263 тенге
(31.399,57 сўм) қолган аҳоли пунктларидаги ҳайдовчилар учун.

Хусусан, яндекс ҳайдовчилари агрегатордан норози эканликаларини миттинг орқали намойиш қилишди. Бунинг сабаби, “Яндекс.Такси”тариф ставкаларининг 12 % дан 15 % гача кўтарилганлиги, агрегатор бесаб ҳайдовчиларининг рейтинг миқдорини тушириб юборганлиги ва бензин нархи кўтарилиб, уларнинг топаётган даромадларига таъсир кўрсатишидан норози бўлишди ва митинг якуни бўйича барча ҳайдовчилар соат 7:00 дан 10:00 гача тиғиз вақт оралиғида буюртмаларни қабул қилмасликларини такидлашган.

“Яндекс.Такси”бу ҳолатга шундай баҳо берди: Биз уларнинг кимлигини ёки хизматга уланганлигини ҳам билмаймиз. Хизматнинг ишлаши одатдагидек
ва ҳайдовчилар сони етарлеча. Компания, яндекс ҳамкорлар билан доим алоқадамиз дея жавоб берди.

Маълумот учун. 2019 йил 1 февралдан бошлаб “Яндекс.Такси”ҳайдовчиларидан солиқ йиғиш бошланган. Яндекс такси хизмати Қозоғистон Республикасининг 20 та шахрида ўз фаолиятини олиб боради.

Қирғизистон солиқ органлари яндекс такси ҳамкорлари учун 10 % миқдорда солиқ ундириш режалаштирилмоқда.

Қирғизистон Республикасида “Яндекс.Такси”рўйхатдан ўтмаган ҳолда (Нидерландияда рўйхатдан ўтган) маҳаллий компаниялар, яъни яндекс ҳамкорлари орқали иш олиб боради.

Қирғизистон Республикаси Солиқ кодексининг 223-моддасигабиноан, Қирғизистон Республикасидаги доимий муассаса билан боғлиқ бўлмаган чет эл ташкилоти томонидан Қирғизистондаги манбалардан олинган даромадлар солиқ агентлари томонидан 10 % миқдорда солиққа тортилади.

Бундан ташқари йўловчи ташиш хизматларини кўрсатиш учун барча такси ҳайдовчилари (“Яндекс.Такси”иловасидан фойдаланишидан қатъий назар) патент ва суғурта полисига эга бўлиши шарт.

Маълумот учун. Қирғизистон Республикасида “яндекс ҳамкорлар” сони
30 тани ташкил этади.

Украина Республикасида ноқонуний такси ҳизматларини кўрсатиш давлат иқтисодиётига катта миқдордазарар етказмоқда.[3] Шунга кўра, ушбу зарарларни камайтириш мақсадида Украина Инфратузилмаси вазирлиги (Министерство инфраструктуры) янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Вазирлик маълумотига кўра, Украинада йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланадиганлар сони қарийб 220 минг кишини ёки иқтисодий фаол аҳолининг 1,1 % ташкил этади. Уларнинг 98 % тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтмаган, норасмий банд бўлган шахслардир.

Ушбу қонун лойиҳаси қуйидагиларни ўз ичига олади:

–  электрон кабинет орқали йўловчи ташувчи сифатида “Автотранспортда ташувчилар” ягона реестрида рўйхатдан ўтиш, бунда ушбу рўйҳатдан ўтмаганлар мазкур турдаги хизматларни кўрсатишга ҳақли эмас;

– йўловчиларни мамлакат ичкарисида таксиларда ва бошқа махсус автотранспорт воситаларида ташиш учун лицензияга эга бўлиш шартини бекор қилиб, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчиларнинг мутасадди органларни ўз фаолияти тўғрисида хабардор қилиши лозим;

Маълумот учун. Украинада йўловчи ташиш хизматларини кўрсатишга доир лицензия олиш учун 1921 грн (724.089 сўм) тўланади, қолаверса лицензия олиш тартиби жуда мураккаб.

– йўловчиларни ташиш фаолиятини амалга ошириш учун бир ойлик  ёки бир йиллик патент олиш лозим, бунда бир йиллик патент нарҳи 5 минг грн (1.884.667 сўм), электромобиллар учун эса ушбу сумманинг 0,5 % ташкил этади;

– йўловчиларни мажбурий суғурта қилиш, хизматлар сифати
ва хавфсизлигини ошириш;

Шу билан бирга, қонун лойиҳасида автотранспорт воситаларини  реестрга киритмасдан фаолият олиб борганлиги учун диспетчерлик хизматларига нисбатан минимал ойлик иш ҳаққининг 200 баравари миқдорида, яъни 3,4 минг грн (1.281.574 сўм) миқдорда жарима қўллаш назарда тутилган.

Ушбу қонунни амалга тадбиқ қилиниши натижасида ҳар йили
800 миллион грндан (3.015.467.228 сўм) 1 миллиард грнгача (3.769.334.035 сўм) миқдорда бюджетга маблағлар келиб тушиши кутилмоқда.

Украинада “Uber” такси платформаларнинг операцион ва маркетинг эҳтиёжларини қўллаб-қувватловчи МЧЖ сифатида фаолият олиб боради
ва шу ҳисобидан солиқ тулайди.

Бироқ, асосий пул оқими (платформнинг комиссияси ҳар бир буюртма учун 25-30 %) солиқ тизимини четлаб ўтади.

Маълумот учун. Украинада “Uber” таксининг пул айланмаси 2018 йил декабрь ойи учун, 600 минг грн (226.160.042 сўм), йўловчи “Uber” хизмати учун
60 миллион грн (22.616.004.212 сўм) тўлаган. Бу рақамлар 2019 йилда 32 мил. грнни (12.061.868.913 сўм) ташкил этди.

Юқоридаги суммалардан Украинада солиқлар олинмайди. “Uber” нинг барча комиссияси Нидерландияга тушади.

Буюк Британияда “Uber” компанияси ҳайдовчилар ҳуқуқлари бўйича судда ютқазганлиги сабабли, энди ҳайдовчилар ўзини-ўзи банд қилувчилар ўрнига компаниянинг тўлақонли ишчилар деб тан олинди, шунга кўра эндиликда ҳайдовчилар энг кам иш ҳақи, таътил учун тўлов ва бошқа тўловлари олишлари мумкин.

Британия Олий суди ўз қарорида “Uber” компанияси фаолиятининг қуйидаги жиҳатларига эътибор қаратган, жумладан.[4]

– “Uber” компанияси ким қанча пул ишлашини белгилайди;

– компаниянинг ўзи шартнома шартларини белгилайди ва ҳайдовчилар овоз бериш ҳуқуқига эга эмас;

– ҳайдовчилар буюртмаларни рад қилганлиги сабабли “Uber” уларни буюртмалардан чеклаш ҳуқуқига эга;

– “Uber” ҳайдовчиларни рейтинг бўйича кузатиб боради ва улар билан шартномавий муносабатларини тўхтатиш ҳуқуқига эга.

Маълумот учун. 2017 йилда Буюк Британияда компания томонидан йўловчи ташиш хавфсизлиги таъминламаганлиги сабабли “Uber”нинг лицензияси бекор қилинган, 2018 йилда эса қайтариб берилган, 2019 йилда эса яна бекор қилинган ва 2020 йилнинг сентябарь ойидан бошлаб, ўз фаолиятини яна бошлаган.

Лондон ҳудудида “Uber” ҳайдовчилари сони 30 000 га яқин бўлиб, бутун мамлакат бўйича ҳайдовчилар сони 40 000 ни ташкил қилади. Таҳминан 2 000 000 киши йўловчи сифатида “Uber” иловасидан рўйҳатдан ўтган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Яндекс такси” ҳайдовчилари фаолиятини легаллаштириш мақсадида, қуйидагилар таклиф этилади:

1.Ҳайдовчиларга бюджетга тўловни амалга оширишлари учун якка тартибдаги тадбиркор ҳамда солиқ тўловчи сифатида давлат рўйхатидан ўтиб олган даромадларининг 1 %ни, ёки солиқ тўловлар рўйхатидан ўтмасдан ҳар ойда минимал иш ҳақининг бир баравари миқдорида солиқ тўлаган ҳолда ўз фаолиятларини амалга ошириш тартибини жорий қилиш ва ушбу тартибга кўра, Ўзбекистон Республикаси миқёсидаги шаҳарлар ва пойтахт ҳайдовчилари учун минимал иш ҳақининг 1 баравари миқдорида тулов,. қолган ҳудудлардаги ҳайдовчилар учун минимал иш ҳақининг
0,5 баравари миқдорида тулов белгилаш;

2. “Яндекс.Такси” билан тўғридан-тўғри ишлаш ҳуқуқини қўлга киритган шахсларни ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида солиқ органларидан рўйхатдан ўтишни жорий қилиш ва ўзини-ўзи банд қилган шахслар ҳар солиқ тўлавларни амалга оширганлиги боис пенсия олиш тартибини белгилаш.

Сардор Турдикулов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ходими