Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2020 йил декабрь ойида Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида маҳаллий ҳокимлик ва кенгашлар бундан 27 йил аввал, яъни, ҳокимлик институти жорий этилган дастлабки пайтда қабул қилинган Қонун асосида ишлаётганлиги, бу ҳужжат бугунги ислоҳотлар талабларига мутлақо жавоб бермаслигини ҳисобга олиб, уни тубдан янгилаш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Жорий йилнинг 10 апрель куни Наманган вилоятида, 14 апрлеь куни Қашқадарё вилоятида, 15 апрель куни Жиззах вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Адлия вазирлиги, Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматларини тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш” қўшма лойиҳаси ва Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини муҳокамаси” бўйича  давра суҳбати ташкил қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати,  Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти, “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти, сенаторлар, Наманган вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари вакиллари, халқ депутатлари вилоят ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, хусусий сектор ва мустақил экспертлар, шунингдек бошқа бир қатор ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.

Давра суҳбатида иштирокчилар маҳаллий ижроия ва вакиллик органлари фаолиятида бир қатор тизимли муаммоларнинг ҳал этилиши, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги ҳуқуқий нормаларнинг такомиллаштирилиши юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.

Тадбир давомида ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган тақдимот ва маърузалар эшитилди. Хусусан, ишчи гуруҳ аъзоси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори А.Мадаминов ва бўлим бошлиғи Н.Норбаев томонидан  маҳаллий ижро ва вакиллик органлари фаолиятининг бугунги кундаги мавжуд муаммолари, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, ҳукумат қарорларида маҳаллий давлат ҳокимиятига қўйилаётган вазифалар, маҳаллий ижро ва вакиллик органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича Европа Иттифоқи ва бошқа илғор хорижий давлатлар қонунчилик тажрибаси, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонун лойиҳасининг асосий йўналишлари бўйича тақдимотлар ўтказилди.  Шунингдек, турли қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш борасида қатор таклиф ва тавсиялар муҳокама учун тақдим этилди.

Давра суҳбати сўнггида тақдимот бўйича қизғин муҳокамалар ва савол-жавоблар бўлди. Ишчи гуруҳи аъзолари қатнашчилар саволларига ҳар томонлама жавоб бердилар, муҳокама натижасида маъқул деб топилган тавсияларни қонун лойиҳасини такомиллаштришда фойдаланилишини таъкидладилар.