Ҳозирги кунда коррупция ҳақида гапирар эканмиз бу кунинг энг муҳим ва долзарб масалаларидан бири бўлиб келмоқда. Коррупция деб аталувчи ушбу иллатга қарши нафақат бизнинг мамлакат балки дунёдаги барча мамлакатлар курашиб келмоқда. Шунингдек, республикамизда коррупцияга қарши кураш доирасида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, дастурлар қабул қилинди ва улар бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Хусусан, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси “Transparency International” халқаро ташкилотининг рейтингида ўз ўрнини 7 поғонага яхшилаб, 2020 йил 180 та давлат орасида 146-ўринни эгаллади[1].

Маълумот учун: Коррупцияни қабул қилиш индексида собиқ Совет иттифоқи таркибига кирган давлатлар ичида Грузия, Арманистон ва Белорусь сезиларли ютуқларга эришган бўлса, Турманистон ва Тожикистон рейтингдан оҳирги ўринларни эгаллаган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6013-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги ташкил этилди ва Агентликнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича вазифа ва ваколатлари белгилаб берилди.

Республикамизда 2020 йил давомида коррупцияга оид содир этилган жиноятларга доир статистика қуйидаги кўринишга эга. Жумладан, Агентликнинг маълумотига кўра судлар томонидан 2020 йил давомида коррупция билан боғлиқ (ЖК 205-214, 243-моддалари) жами 2 270 нафар шахсга нисбатан 1 502 та жиноят иши кўриб чиқилган. Коррупция жинояти билан боғлиқ масалалар юзасидан айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш қуйидаги диаграммада акс эттирилган.

Ушбу диаграммадан шуни кўриш мумкинки, 2020 йилда содир этилган коррупциявий жиноятлар юзасидан 610 та шахсга ахлоқ тузатиш ишлари, 539 та шахсга озодликни чеклаш, 403 та шахсга жарима, 300 та шахсга озодликдан маҳрум қилиш, 13 та шахсга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ва 4 та шахсга нисбатан мажбурий жамоат ишлари каби жазолар қўлланган. Шунингдек, 47 та шахс шартли ҳукм қилинган, 151 шахсга жазо қўлланилмаган, 56 та шахс эса жазодан озод қилинган.

Шунингдек, ушбу иллатга қарши курашиш соҳасида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакиллантиришга қаратилган тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Шунга қарамасдан, ҳозирги кунда ҳам кўпгина соҳаларда коррупциянинг илдизи сақланиб қолмоқда.

Коррупцияга қарши курашда муваффаққиятга эришган мамлакатлар мамлакатлар тажрибасидан фойдаланиш мақсадида, “Transparency International” халқаро ташкилотининг 2020 йилги рейтингида энг юқори ўрин эгаллаган 7 та мамлакатлар тажрибаси таҳлил қилинди.

1. Дания қироллиги давлати коррупциянинг минимал даражаси бўйича дунёдаги энг яхши учта рейтингдан бирини эгаллаган бўлиб, давлат ва тижорат секторининг ўзаро таъсири орқали коррупцияга қарши курашишда энг катта ютуқларга 2000 йиллардан бошлаб эришган[1].

Натижада вазирлар ва мансабдор шахслар ўзларининг мавқейидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланишларининг олдини олиш мақсадида чет эл компанияларидаги ўз акцияларини сотишга мажбур бўлдилар.

Бироқ, ўтказилган бир қанча ислоҳотларга қарамай мамлакатда коррупция ҳолати оз бўлса ҳам сақланиб қолмоқда. Бу ҳолатлар кўпроқ Дания компанияларининг хорижий майдондаги фаолиятига боғлиқ бўлиб, давлат ва бизнес ўртасидаги коррупцияга қарши ҳамкорликнинг асосий аҳамияти халқаро савдо муаммоларига қаратилган.Маълумот учун: 2020 йилда Жаҳон банки ва Форбс журнали томонидан Дания Европада бизнес учун энг яхши жой сифатида этироф этилган. Эътиборли томони шундаки, Дания давлатида коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида ташкилот“агентлик” мавжуд эмас.

2. Грузиянинг коррупцияга қарши курашиш тажрибаси ноёб ва муваффақиятли бўлиб, унинг кўп жиҳатлари бошқа мамлакатларда мослаштирилиши ва қўлланилиши мумкин[1].

Маълумот учун: Грузия, коррупцияни қабул қилиш индексида 2004 йилда
85-ўринни, 2014 йилда эса 50 ўринни эгаллаган. Бу давр (10 йил) Грузия учун коррупция ҳолатларини камайтиришдаги энг аҳамиятли давр ҳисобланади[2].

Грузияда давлат бошқаруви тузилмасини ислоҳ қилиш ва коррупция даражасини пасайтиришда Aмерика, Италия, Янги Зеландия ва Буюк Британиянинг тажрибаси асос бўлди. Шу билан бирга, ушбу вазифаларни амалга оширишда Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси ва USAID каби халқаро ташкилотларнинг маслаҳатчилари ва экспертлари жалб қилинди.

Грузиянинг коррупцияга қарши кураш моделининг ўзига хос хусусияти шундаки мамлакатда коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида орган мавжуд эмас. Грузияда 2008 йилда коррупцияга қарши курашни мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш бўйича махсус Кенгаш тузилган, унга Aдлия вазири раҳбарлик қилади ва адлия вазирлигининг Aналитик бўлими кенгаш котибияти вазифасини бажаради.

Кенгаш 16 та аъзодан ташкил топган, бироқ Кенгашнинг ўзига хос хусусияти шундаки у ўзининг шахсий таркибига ва бюджетига эга эмас, Кенгаш аъзоларининг ваколатлари ҳукумат томонидан тугатилиши мумкин.

Малумот учун: Грузиянинг коррупцияга қарши сиёсати коррупцияга қарши курашиш стратегияси, ҳаракатлар режаси ва жиноят кодекси асосида амалга оширилади. Ҳар бир вазир ўз вазирлигига коррупцияга қарши кураш тўғрисида алоҳида ҳисобот беради.

Грузиянинг коррупцияга қарши стратегияси қуйидаги олтита устувор йўналишни ўз ичига олган:

– самарали ва коррупциядан ҳоли давлат сектори;

– рақобатдош ва коррупциядан ҳоли хусусий сектор;

– адолат тизимини такомиллаштириш;

– коррупцияга қарши қонунчиликни такомиллаштириш;

– коррупциянинг олдини олиш ва сиёсий партиялар фаолиятини молиялаштириш механизмини такомиллаштириш. Грузияда амалга оширилган ислоҳотларнинг асосий натижалари:

а) Ички ишлар органларининг йўл патруль хизмати инспекторлари 85 фоизга янгиланди ва улар сони бир неча бор қисқартирилди. Шунингдек, коррупция ҳолатларига алоқадор барча ходимлар ишдан бўшатилди ва уларнинг аксарияти қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Шу билан бир қаторда Ички ишлар органлари ролини кучайтириш дастури жорий этилди.

б) Мамлакатда олиб бориладиган ислоҳотлар натижасида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш байрам ва дам олиш кунларисиз 24 соат ишлайдиган хизмат кўрсатиш агентлиги томонидан амалга оширилади, автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш 15 дақиқа ичида амалга оширилади.

в) Давлат хизматига кадрларни қабул қилиш меритократия принципига мувофиқ амалга оширилди (бир-бирлари билан ҳеч қандай алоқаси, жумладан оилавий алоқалари бўлмаган, битта университетда ўқимаган ва ҳк).

г) Солиқ тизимида эса 25 та солиқ органлари қисқартирилиб, фақатгина 6 та солиқ бўйича орган қодирилди. Шунингдек, 2008 йилда божхона тўловлари қисқартирилди ва деярли бутунлай бекор қилинди, шунингдек қишлоқ хўжалиги ерларини хусусийлаштиришга рухсат бериш тўғрисида қонун қабул қилинди.

д) Коррупцияга қарши курашишда жуда қаттиқ чоралар кўрилди. Масалан, нафақат коррупция ҳуқуқбузарлиги учун, балки пора талаб қилган ёки таклиф қилаётган шахслар учун ҳам жиноий жазо кучайтирилди. Бундан ташқари, айб презумпцияси жорий қилинди, бунда мансабдор шахс ўз мол-мулкини қандай қилиб қўлга киритганлигини тушунтириши лозимлиги белгиланди.

ж) Коррупцияга қарши стратегияни амалга оширишда аҳолини кенг доирада хабардор қилиш, телевидениеда махсус видеофилмларни намойиш қилиш ва фуқароларни коррупцияга қарши курашда иштирок этишга жалб қилинди.

3. Жанубий Кореяда 2020 йил 15 июлда “Юқори мартабали мансабдор шахслар ўртасида коррупцияни тергов қилиш бошқармасини ташкил этиш ва унинг фаолияти тўғрисида”ги 16863-сон қонуни қабул қилинди.

Ушбу қонунга асосан, юқори лавозимда ишлаб келадиган амалдорларга қарши шикоятларни текшириш юзасидан Коррупцияга қарши тергов бошқармаси (Corruption Investigation Office – CIO) ташкил этилди.

Коррупцияга қарши тергов бошқармаси мансабдор шахслар томонидан содир этилган коррупциявий жиноятлар терговини амалга оширади.

Бошқарма қуйидаги мансабдор шахслар томонидан содир этилган коррупцияга оид жиноятлар юзасидан тергов ҳаракатларини олиб боради:

– Президент;

– миллий йиғилиш раиси ва унинг аъзолари;

– бош вазир;

– Олий суд, Конститутциявий суд раислари;

– бош прокурор;

– судьялар ва прокурорлар;

– ички ишлар органлари мансабдор шахслари;

– миллий хавфсизлик бошқармаси, Президент хавфсизлик хизмати
ва бошқалар (тўлиқ рўйҳат қонуннинг 2-моддасида кўрсатилган).

Шунингдек, бошқарма қуйидагилар юзасидан суриштирувни амалга оширади:

– Корея ЖКнинг 122-133 моддаларида назарда тутилган, мансабдор шахсларнинг вазифаларини бажариш билан боғлиқ жиноятлар (пора олиш, мансаб ваколатини суистеъмол қилиш, расмий сирларни хусусий компанияларга ошкор қилиш);

– ЖКнинг 144, 225, 227, 227-2, 229 моддаларида назарда тутилган мансаб соҳтакорлиги ҳамда ҳужжатларни қалбакилаштириш билан боғлиқ жиноятлар;

– ЖКнинг 355, 357, 359 моддаларида назарда тутилган ўғирлик ва мансабга совуққонлик билан қараш жиноятлар;

– “Aдвокатлар тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган воситачилик учун пора олиш ва бошқа жиноятлар.

Бошқарма нафақат ушбу жиноятларни содир этганликда гумон қилинган юқори лавозимли мансабдор шахсларни, балки қуйидагиларни ҳам текшириши мумкин:

– юқори лавозимли мансабдор шахсларга пора берган шахсларни;

– юқори лавозимли мансабдор шахсларнинг оила аъзоларига пора берган шахсларни; – юқори лавозимли мансабдор шахс ёки унинг оила аъзоси томонидан содир этган жиноят тўғрисидаги маълумотларни яширган шахсларни (масалан, жиноятчига бошпана бериш, қочиш, ёлғон гувоҳлик бериш, далилларни йўқ қилиш);

– юқори лавозимли мансабдор шахсларни юқорида санаб ўтилган жиноятларни содир этганликда ёлғон айблаган шахсларни.

Коррупцияга қарши тергов бошқармаси фақат тергов олиб боради ва тўпланган маълумотларни прокуратура органларига юборади.

Коррупцияга қарши тергов бошқармаси бошлиғи Президент томонидан тайинланади ва унинг таркибига 25 прокурор ҳамда 40 тадан кўп бўлмаган терговчилар киради.

Маълумот учун:Жанубий Кореяда коррупцияга қарши тергов бошқармасини яратиш жараёни 20 йилдан ортиқ давом этган. Бундай органни ташкил этиш бўйича биринчи қонунчилик ташаббуси 1996 йилда пайдо бўлган.

Бразилияда 2013 йилда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги 12.846-сон қонуни қабул қилинган бўлиб, ушбу қонун юридик шахсларни (компаниялар, корхоналар) уларнинг ҳодимларини коррупцияга оид хатти-ҳаракатларни содир этганлиги учун жазолашни назарда тутади.

Ушбу қонунга биноан компания ходимлари коррупцияда айбдор деб топилганда компанияга нисбатан қуйидаги чоралар қўлланилади:

– компаниянинг йиллик ялпи даромадининг 0,1 фоизидан 20 фоизигача миқдорда жарима (агар бундай даромад миқдорини белгилашни иложи бўлмаса, судья 6 минг реалдан 60 миллион реалгача бўлган миқдорда жарима солишга ҳақлидир);

– коррупциявий фаолият натижасида етказилган зарарни ундириш;

– коррупцияда айбдор деб топилган компания ҳодимининг қилмишларини суднинг кучга кирган қарори асосида оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш;

– давлат молия институтларидан ресурсларни (кредитлар, субсидиялар, имтиёзлар) олиш ҳуқуқини 1 йилдан 5 йилгача бўлган муддатга чеклаш;

– жазо муддати давомида шартномалар тузишни тақиқлаш;

– компания фаолиятини вақтинча тақиқлаш ва бошқалар;

4. Голландияда ҳам Данияда бўлгани каби коррупцияга қарши кураш самарали йўлга қўйилган. Мамлакатда коррупция ҳолатларини аниқлаш бўйича муҳим ваколатларга эга “Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат хавфсизлиги” тизими яратилган .

Жумладан, коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш тадбирлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

– ҳар йили аниқланган коррупция фактлари ва коррупцияга алоқадор шахсларни жазолаш бўйича кўрилган чоралар тўғрисида парламентга ҳисобот тақдим этиш;

– коррупция ҳаракатини содир этганлик учун асосий жазо тури сифатида ижтимоий нафақаларни тўхтатган ҳолда давлат ташкилотларида ишлашни таъқиқлаш;

– коррупция ҳаракатини содир этганлик учун жарима тўлаш

ва вақтинчалик ҳизматдан четлаштириш;

– коррупция нуқтаи назаридан хавфли бўлган лавозимларга шахсларни танлашни ташкил этиш;

– коррупция жиноятларига оид барча материалларни жамоатчилик муҳокамасига етказиш (миллий хавфсизлик тизимига таъсир қилувчи ҳолатлар бундан мустасно);

– мансабдор шахсларни коррупциянинг зарарини тушунтириш бўйича махсус ўқув курсларида ўқитиш;

Маълумот учун: 2020 йилги коррупцияни қабул қилиш рейтингида Голландия дунё бўйича 9-ўринни эгаллаган.

5. Германия Федератив Республикасида кўп йиллардан буён давлат органларида коррупцияни олдини олиш учун ротация амалга оширилмоқда. Германия қонунчилигида коррупцияга мойил бўлган лавозимларда ишлайдиган давлат хизматчиларини ротация қилиш назарда тутилган. Бундай лавозимларда хизмат муддати 5 йил қилиб белгиланган. Мамлакатда назорат гуруҳлари иштирокида ротация жорий этилиши билан коррупция даражаси камайганлигини тасдиқлаган тажриба ўтказилди. Германия олимларининг фикрига кўра, коррупция даражаси пасайишининг асосий сабаблари қуйидагилар ҳисобланади: жисмоний шахс ва давлат хизматчисининг қайта учрашиш эҳтимоли камлиги; пора таклиф қилиши мумкин бўлган шахс келажакда берилган совғалар янги ходимлар томонидан инобатга олинишига ишонмаслиги; ва бундан ташқари, пора таклифига янги тайинланган давлат хизматчиси қандай муносабат билдиришини жисмоний шахс билмайди.

6. Россия Федерациясида “Тасодифий коррупция” ҳақидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда мақулланди.
Ушбу қонун лойиҳасида, агар коррупцияга қарши нормалар инсон назорати остида бўлмаган ташқи ҳолатлар натижасида бузилган бўлса, у ҳолда шахс жавобгарликдан озод қилиниши мумкин деб белгиланди. Жумладан, лойиҳада мансабдор шахсларни, прокурорларни, ҳарбий хизматчиларни ва бошқа тоифадаги фуқароларни коррупцияга қарши

нормаларни бузганлик учун, агар бу давлат хизматчиларига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар туфайли содир этилган бўлса жазодан озод қилиниши белгиланди.

Шунингдек, “Россия Федерациясининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини такомиллаштириш бўйича ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги 1078992-7-сон қонуни биринчи ўқишда маъқулланди[1].

Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатга берилган тушинтириш хатида:

Aгар чеклашлар ва тақиқларга риоя қилмаслик унга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар оқибати деб тан олинса, коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги қонунларни бузганлиги учун жисмоний шахслар жавобгарликдан озод қилиниши кўрсатилди.

Шунингдек, белгиланган чекловларга риоя қилишга тўсқинлик қиладиган, унга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар тугатилган кундан бошлаб, қонунбузарликларни бартараф этиш учун шахсларга бир ой муддат берилади.

Маълумот учун: “Transparency International”(Халқаро коррупцияга қарши курашиш ташкилоти)нинг 2020 йилги маълумотига кўра Россия Федерацияси коррупцияни қабул қилиш индексида 180 мамлакат ичида 129-ўринни эгалаган.

7. Швеция давлати эсакоррупцияга қарши курашда давлат хизматчиларига юқори иш ҳақи тўлаш ҳамда самарали жамоатчилик назорати асосида юқори натижаларга эришган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида қуйидагилар таклиф этилади:

– амалдорларнинг шахсий даромадлари ва мол-мулклари тўғрисида ахборотлар очиқлаш мажбуриятини юклаш;

– коррупцияга қарши курашда аниқ бир органга боғлиқ бўлиб қолмай, барча давлат органларини жалб қилиш;

– содир этилган коррупцияга оид жиноятлар юзасидан юридик шахсларнинг жавобгарлигини белгилаш;

– коррупция ҳолатларини содир этган ва жазо тайинланган шахсларга жазони ўташ муддати давомида давлат молия институтларидан ресурсларни (кредитлар, субсидиялар, имтиёзлар) олишга 1 йилдан 5 йилгача бўлган муддатга чеклаш ва шартномалар тузишни тақиқлаш;

– коррупция билан боғлиқ чеклашлар ва тақиқларга риоя қилмаслик унга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар оқибати деб тан олинса, жисмоний шахсларни жавобгарликдан озод қилиш;

– коррупция ҳаракатини содир этганлик учун ижтимоий нафақаларни тўхтатган ҳолда давлат ташкилотларида ишлашни таъқиқлаш.

Сардор Турдикулов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти маъсул ходими