Ички ишлар вазирлиги академиясида ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуманда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини такомиллаштириш, замонавий тенденциялар ва амалиётдаги муаммолар атрофлича муҳокама қилинди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Адлия вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлигининг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси вакиллари, республикамизнинг етакчи олий таълим муассасаларидан мутахассислар, шунингдек Беларусь Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси делегацияси аъзолари иштирок этди. Шунингдек, Беларусь Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув академияси, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Арманистон Республикаларининг турдош олий ўқув юртлари вакиллари онлайн тарзда анжуманни кузатиб бордилар.

Илмий-амалий конференция аввалида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси ҳамда Беларусь Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув академияси ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Видеомулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг йўлга қўйилгани кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, таълим жараёнига илғор ёндашувларни кенг татбиқ этиш, ўзаро тажриба алмашинувини кенгайтириш, хусусан, ички ишлар органлари учун юксак касб маҳорати ҳамда бошқарувга доир хислатларга эга мутахассисларни тайёрлаш, ўқитишнинг инновацион методларини оммалаштиришга хизмат қилиши эътироф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Рустам Хатамов илмий-амалий анжумандан кўзланган мақсад ҳақида тўхталар экан, йиғилганлар эътиборини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг долзарб масалаларига қаратди.

Таъкидлаб ўтилганидек, жаҳонда кечаётган ўзгаришлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини замонавий тенденциялар асосида ташкил этиш, глобал таҳдид ва хатарларга қарши ҳамкорликда курашиш, мазкур йўналишда илғор ёндашувларни ўрганиш ва ўзаро тажриба алмашинувини кенгайтиришни тақозо этмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимиз ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида ҳуқуқбузарлар профилактикасининг самарали механизмлари амалиётга татбиқ этилди. Жиноятчиликни жиловлашда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда “Хавфсиз пойтахт”, “Хавфсиз шаҳар”, “Хавфсиз ҳудуд”, “Хавфсиз хонадон”, “Жиноятдан холи маҳалла” сингари концепциялар яратилди. Ҳар бир маҳаллада профилактика инспектори лавозими жорий этилиб, маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажариш профилактика инспектори зиммасига юклатилди.

Эндиликда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканларини ташкил этиш, ҳудудларда “Smart маҳалла” ахборот дастурини ишга тушириш, “профилактик-огоҳлантирувчи мурожаат” ҳамда  шахсларни профилактик ҳисобга олишнинг электрон тизимларини жорий этиш, “Хавфсиз таълим муассасаси” тамойили асосида вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишни манзилли амалга ошириш кўзда тутилган.

– Жиноятчиликка қарши курашиш, ушбу иллатнинг содир этилиши сабаблари ва бунга имкон бераётган шарт-шароитларни чуқур ўрганишни тақозо этади, – деди Р.Хатамов. – Таълим муассасамиз томонидан маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш, “илмий диагноз” қўйиш асосида мавжуд муаммоларнинг ечимини топиш борасида самарали методикалар яратилмоқда. Тажрибали профессор-ўқитувчиларимиздан иборат ишчи гуруҳлари республикамизнинг криминоген вазияти оғир ҳудудлари аҳволини таҳлилий ўрганган ҳолда жойлардаги ички ишлар органлари ходимларига амалий ёрдам кўрсатишмоқда. Ҳозирда илмий изланувчилар ва тингловчи-курсантларимиз томонидан олиб борилаётган тадқиқотлар ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноий жазолар ижросини ташкил этиш фаолиятидаги энг долзарб масалаларга йўналтирилган. Диссертация ишларида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини “маҳаллабай”, “оилабай”, “хонадонбай” ва “фуқаробай” ёндашув асосида ташкил этиш, ички ишлар органларининг секторлардаги иш фаолиятини ташкил этиш ва такомиллаштириш каби долзарб масалалар қамраб олинмоқда.

Илмий-амалий анжуман иштирокчилари “Беларусь Республикаси қонунчилигида маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чоралари”, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикасида вояга етмаганларнинг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини мониторинг қилишнинг муҳим жиҳатлари”, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари”, “Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ички ишлар органларининг ўрни ва асосий вазифалари”, “Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда судларнинг роли”, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг замонавий муаммолари” мавзуида маърузалар тингланди.

Шунингдек, соҳага доир қонунчиликни халқаро тажрибалар асосида янада такомиллаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига илмий ёндашувларни кенг татбиқ этиш, олий таълим муассасалари ўртасида илмий-амалий ҳамкорликни кучайтириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасига рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этиш, замонавий хатарларга қарши курашиш ва янги турдаги жиноятларни прогнозлаш йўналишлари бўйича ўқитишни йўлга қўйиш, турдош олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда курсантлари учун малака ошириш курсларини ташкил этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.