Маълумки, кишиларнинг ҳуқуққа нисбатан бўлган хатти-ҳаракатларини юридик адабиётларда икки гуруҳга ажратиб қабул қилинган. Биринчиси ҳуқуқни бажарувчи хатти-ҳаракатлар ва иккинчиси, ҳуқуққа хилоф ёки бошқача қилиб айтганда ҳуқуқбузарлик хатти-ҳаракатларидир.

Ҳуқуқбузарликлар ҳам ўз навбатида ижтимоий хавфлилик даражасига ва қайси ҳуқуқ тармоғи нормаси бузилаётганлигига қараб бир-бирларидан фарқланади.

Турли ҳуқуқ тармоқларида тартибга солинадиган ва қўриқланадиган ижтимоий муносабатларни айбдор шахс томонидан бузганлик учун юридик жавобгарлик назарда тутилади. Юридик жавобгарлик айбдор шахсга нисбатан муайян жазо қўллашда намоён бўлади. Масалан, меҳнат интизоми бузилганда – интизомий жазо, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилганда – маъмурий жазо, жиноят содир этилганда – жиноий жазо қўлланилади.

Маъмурий жазо – маъмурий мажбурловнинг бошқа чораларидан фарқли равишда ҳуқуқбузар томонидан маъмурий қонунчилик ҳужжатлари билан қўриқланадиган ижтимоий муносабатларга тажовуз қилинганда, яъни, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилгандагина қўлланиладиган ўзига хос мақсадга эга жазо санкциялари бўлиб, маъмурий-процессуал тартибда амалга оширилади. Маъмурий жазо – мақсадига кўра маъмурий мажбурлов чораларининг бир тури бўлиб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 22-моддасида маъмурий жазонинг мақсади тўлиқ ўз ифодасини топган ва унга кўра маъмурий жазо жавобгарликка тортиш чораси бўлиб, у маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни қонунларга риоя этиш ва уларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, шунингдек ана шу ҳуқуқбузарнинг ўзи томонидан ҳам, бошқа шахслар томонидан ҳам янги ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади1.

Шу боис жазолаш – маъмурий жазонинг асосий мақсади эмас, балки ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни Конституция ва қонунларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, ушбу шахснинг ўзи ва бошқа шахслар томонидан янги ҳуқуққа хилоф қилмишлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади.

Шу билан бирга маъмурий жазо, маълум бир маънода, жиноятларнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади2.

Маъмурий жазо – маъмурий қонунчиликка асосан, ҳуқуқбузарлик содир этишда айбли деб топилган шахсга нисбатан давлат номидан ваколатли орган мансабдор шахс томонидан қўлланиладиган ва ҳуқуқбузарни қонунда назарда тутилган муайян ҳуқуқ ва эркинликлардан маҳрум қилиш ёки уларни вақтинча чеклашдан иборат мажбурлов чораси бўлса-да, ҳуқуқбузарни қийноққа солиш, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этиш мақсадини кўзламайди.

Бунинг исботи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 8-моддасининг қоидасида ўз аксини топган, яъни, маъмурий ҳуқуқбузарлик учун ҳеч ким мамлакатимиз Конституциясидан келиб чиқувчи қонунчилик ҳужжатларида белгиланган асослар ва тартибдан бошқача тарзда таъсир кўрсатиш чорасига тортилиши мумкин эмас. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш қонунийликка риоя қилиш асосида олиб борилади.

Республикамизда барча соҳаларда, шу жумладан, ҳуқуқий соҳада кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бундай ислоҳотлар орасида маъмурий қонунчилик тизимини такомиллаштириш, ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан қўлланиладиган маъмурий жазоларни қайта кўриб чиқиш, маъмурий жазо чораларини либераллаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор берилмоқда.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун тайинланадиган жазо инсонпарварлик принципига тўлиқ мос бўлиши керак. Яъни ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва янги ҳуқуқбузарлик содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши керак.

Фақат асосли ва одилона жазо тайинлаш орқалигина жамиятни ножўя ҳаракатлардан самарали ҳимоя этиш, ҳуқуқбузарларни ахлоқан тузатиш ва қайта тарбиялашга эришиш, қоидабузарлик содир этган шахслар томонидан янги ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга эришилади.

Шу сабабли ҳуқуқбузарга тайинланадиган жазо адолатли бўлиши, ҳар бир ҳолатда ҳуқуқбузарликнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши лозим.

Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги ПФ–6155-сон Фармони билан тасдиқланган «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 27-бандида Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суд, Ички ишлар вазирлиги ҳамда манфаатдор ташкилотларга маъмурий жазолар миқдорини маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг хавфлилик даражасидан келиб чиқиб мақбуллаштириш вазифаси юклатилди.

Давлат дастурининг мазкур банди ижросини таъминлаш мақсадида, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида» Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ишлаб чиқилган қонуни лойиҳасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган айрим тоифадаги маъмурий ҳуқуқбузарлик учун тайинланадиган маъмурий жарима жазоларининг миқдори маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг хавфлилик даражаси ҳамда илғор хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб либераллаштирилмоқда.

Хусусан, маъмурий жарима жазосининг либераллаштирилиши маъмурий ҳуқуқбузарликнинг энг кўп учрайдиган транспортдаги, йўл хўжалиги ва алоқа соҳаларидаги ҳуқуқбузарликлар учун тайинланадиган маъмурий жарималарни аксариятлари камайтирилмоқда.

Жумладан, юк ташиш қоидаларини, худди шунингдек шатакка олиш қоидаларини бузганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдоридан уч баравари миқдорига;

Кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали, шунингдек теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қопламали транспорт воситаларидан фойдаланганлик учун тайинланадиган жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдоридан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорига;

Автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланганлик учун фуқароларга тайинланадиган жарима миқдори йигирма бараваридан юз бараваригача базавий ҳисоблаш миқдоридан базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари миқдорига ҳамда мансабдор шахсларга тайинланадиган жарима миқдори эллик бараваридан юз эллик бараваригача жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорига;

Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларини бузганлик учун тайинланадиган жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан учдан бир қисмига миқдорига қисқартирилмоқда.

Шунингдек, ҳайдовчиларнинг транспорт воситасини бошқариш вақтида bluetooth, қулоқчин ва бошқа қўлни банд қилмайдиган гарнитуралардан фойдаланган ҳолатларда маъмурий жавобгарлик белгиланмаслиги қонун лойиҳасига киритилди.

Ўз навбатида, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабабчи бўлаётган ҳайдовчилар томонидан транспорт воситаларини белгиланган ҳаракат тезлигидан ошириб бошқарганда муаммоли вазиятларнинг олдини олиш мақсадида тезликни ўлчайдиган махсус ускуналар ва транспорт воситалари спидометрлари кўрсаткичларидаги йўл қўйилиши мумкин бўлган жами нуқсонлар ҳисобга олиниб, тезликни ўлчайдиган махсус ускуналар қайд этган тезликдан соатига 5 километр айириб ташланган ҳолда ҳисоблаш тизими моддага киритилмоқда.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида бир қатор хорижий мамлакатлар, жумладан Россия, Украина, Литва, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва бошқа давлатларнинг тажрибасидан кенг фойдаланилди.

Хулоса қилиб айтганда ушбу Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маъмурий жазо чоралари тизимини либераллаштирилиши шунингдек, маъмурий жарима жазосининг миқдорларини камайиши инсонпарварлик, одиллик тамойилларига тўла мос бўлиб, маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жазо тайинлаш институтида коррупциявий омилларнинг бартараф этилишига, фуқароларнинг қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялашга, Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг айтганидек «Ислоҳот ислоҳот учун эмас балки халқ манфаатларига хизмат қилмоғи лозим» деган чуқур ғоясини амалда таъминлашга хизмат қилади десак муболаға бўлмайди.

Шуҳрат Мадиёров,
Адлия вазирлиги масъул ходими.
Отабек Тошев,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги