Янги таҳрирда Фуқаролик кодекси таёрлангани Ўзбекистон ҳуқуқий оламида катта ходиса ҳисобланади.

 Бу кодекс дунёнинг исталган мамлакатида ижтимоий муносабатларни тартибга солишда асосий роль ўйнайди ва бозор иқтисодиётини ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратишга имкон беради. 

Фуқаролик кодексининг лойиҳаси Ишчи гуруҳ томонидан тайёрланиб, лойиҳани такомиллаштириш ишлари Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат институтида амалга оширилди. 

Кодекс лойиҳасида интеллектуал мулк ҳуқуқига оид бир қанча янги нормалар киритилди. Шу ўринда айтиш жоизки интеллектуал мулк давлат ва жамият учун катта аҳамиятга эга. Бу соҳа янги ишланмалар, ижод намуналари, ихтиролар, фойдали моделлар, саноат наъмуналар, ноу-хаулар, дастурий маҳсулотлар ва бошқалардан иборат бўлиб нафақат фуқаролик қонунчилиги, балки кўплаб махсус қонунлар ва қонун ости ҳужжатлар билан ҳам тартибга солинади. Хусусан  интeллeктуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасида 60 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. 

Фуқаролик кодекси лойиҳасининг ишчи гуруҳи томонидан хорижий мамлакатлар қонунчилигининг соҳага оид тажрибаси қиёсий таҳлил қилиниб, мамлакатимиздаги интеллектуал мулк ҳуқуқига соҳасидаги мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб лойиҳага интеллектуал мулк ҳуқуқига оид янги нормаларни киритиш таклифи берилди.

Янги таҳрирдаги Фуқаролик кодексида интелектуал мулк ҳуқуқига оид қоидаларга қандай ўзгартиришлар киритилмоқда?

Фуқаролик Кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасининг IV-бўлими Интеллектуал мулк ҳуқуқига оид бўлиб умумий қоидалар, интеллектуал фаолият натижалари ёки шахсийлаштириш воситаларидан фойдаланиш бўйича лицензия шартномалари тўғрисидаги боблардан ташкил топган. 

Интеллектуал мулк ҳуқуқига оид бўлимига қуйидаги янги нормалар киритилди:

биринчидан, интеллектуал мулк ҳуқуқ тушунчаси киритилди. Унда интеллекул мулкнинг моҳияти, асосий белгилари, бошқа ўхшаш категориялардан асосий фарқи ўз ифодасини топган бўлиб, ушбу нормани шакллантиришда Украина Фуқаролик кодексининг 418-моддаси мазмунидан хорижий тажриба сифатида фойдаланилган;

иккинчидан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси, Иқтисодий-ижтимоий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро Пакт нормалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасига асосан интеллектуал фаолият эркинлиги тўғрисидаги норма киритилиб, унда интеллектуал фаолият билан шуғулланиш хар бир фуқаро ҳуқуқ лаёқатининг ажралмас қисми эканлиги, ҳар кимга илмий ижод эркинлиги кафолатланиши, илмий ижодий фикрларни тўғрилиги ёки нотўғрилиги олдиндан белгилаб қўйилиши мумкин эмаслиги, интеллектуал фаолият ва унинг натижаларига афзаллик берилиши белгиланди. Ўзбекистон Республикаси қонунларида муайян субъектларга муайян фаолият натижаларига, муайян фаолиятга нисбатан имтиёзлар ва афзалликлар бериш амалиёти мавжуд. Масалан, Меҳнат кодексида штатлар қисқарганда ишда қолишда афзаллик бериш асослари ёҳуд давлат иқтисодий сиёсатида импортга нисбатан экспортга афзалликлар бериш тизими мавжуд. Бинобарин, Президентимиз таъкидлаганларидек, илм-фан, инновация жараёни мамлакатимиз тараққиётини белгиловчи омилдир. Шу сабабли ҳам интеллектуал фаолият ва унинг натижаларига нисбатан бошқа фаолият унинг натижаларига қараганда имтиёз ва афзалликлар бериш мантиқий асосга эга;

учинчидан, интеллектуал мулк объектлари турлари кенгайтирилди. Хусусан интеграл микросхемалар топологиялари, тижорат сири, сунъий интеллект асосида фаолият кўрсатувчи объектлар, рационализаторлик ечимлари, географик кўрсаткичлар киритилди. 

Бугунги кунда сунъий интеллект интеллектуал мулкнинг алоҳида объекти сифатида бутун дунё ҳуқуқ тизимида ўз мужассамини топмоқда. Сунъий интеллект интеллектуал мулк объекти сифатида қуйидаги хусусиятларга эга:

1) у мураккаб таркибли объект ҳисобланади. Уни таркибини ташкил этувчи илмий ишланмалар, ихтиролар, фойдали моделлар, саноат наъмуналар, ноу-хаулар, дастурий маҳсулотлар ва бошқалардан иборат.

2) сунъий интеллект ўзини-ўзи мустақил равишда ривожлантирувчи инсонга боғлиқ бўлмаган ҳолда мустақил равишда мавжуд бўла оладиган субъект шу маънода у ақлий қобилияти ўта юқори ижодий фаолият субъекти ҳисобланади. Ўз-ўзидан сунъий интеллект томонидан яратилган ижодий фаолият натижалари кимга тегишли бўлиши тўғрисида ҳам масалалар вужудга келади.

3) сунъий интеллект ақлий қобилият билан биргаликда муайян ҳис-туйғулар эмоционал сигментлар асосида фаолият юритиши ҳам мумкин. 

Шу вақтга қадар сунъий интеллект манфаатга ва эрк–иродага эга эмас. Шу сабабли ҳам ҳуқуқ субъекти ҳисобланмайди деган концептуал ғоя тўғридек бўлиб кўринган эди. Бироқ бугунги кунда хорижий мамлакатлар тажрибаси шундан далолат бермоқдаки, юксак ақл ва ҳис-тўйғулар ўзаро уйғунликда ўзини англашни ўз манфаатларини шакллантиришни ва шу йўлда қатъий тизимли сай-ҳаракатларни амалга ошириш механизми негизида ётувчи эрк-иродани вужуда келтиради. Шу сабабли ҳам сунъий интеллект инсоннинг қатъий назоратида фаолият юритувчи махсус объект бўлиши лозим. Бундай махсус объект давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт. Юқорида таъкидланганидек, унинг таркибида ноу-хау, ошкор этилмаган ахборотлар иштирок этиши мумкин. Сунъий интеллект устидан назорат уни яратувчиси, фойдаланувчиси зиммасига юклатилишдан ташқари улардан мустақил равишда махсус назорат тизими ҳам бўлиши лозим. Ушбу тизим тўлақонли самари ишлаши учун сунъий интеллект асосини ташкил этувчи барча таркибий қисмлар, шу жумладан ноу-хау билан танишувга имкон берилиши шарт. Бу ҳолат сунъий интеллект ҳуқуқий режимини белгиловчи қонун ҳужжатларида ўз ифодасини топиши лозим.

4) сунъий интеллект оширилган хавф манбаи ҳисобланади ва бу ҳолат ўз ифодасини топиши лозим.

Янгилик даражаси локал бўлган муайян корхона доирасида фойдаланадиган ижодий фаолият натижаси бўлиб ҳисобланади. Рационализаторлик таклифларини ҳуқуқий муҳофазаси бўйича маҳсус низом мавжуд.  Рационализаторлик ечимини интеллектула мулк объекти сифатида мустаҳкамланиши оддий ҳодимларни ўз меҳнат фаолиятига ижодий креатив ёндашувини таъминлайди, меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилади. Ўзбекистон Республикасида 1991 йилда қабул қилинган, Белоруссия Республикасида 2010 йилда қабул қилинган рационализаторлик тўғрисида махсус низомлар мавжуд. 

Лойиҳа географик кўрсаткичлар деб номланган янги интеллектуал мулк объекти билан тўлдирилмоқда.  Мазкур объект муайян жўғрофий ҳудуддан келиб чиқадиган ва асосан келиб чиққан жой билан боғлиқ бўлган алоҳида хусусиятлари, обрўси ёки ўзига хос омилларига эга бўлган  товарларда акс этадиган белги сифатида намоён бўлади. 

Географик кўрсаткичларнинг ҳуқуқий муҳофазаси халқаро шартномалар, шунингдек миллий қонунлар билан амалга оширилади. Тегишли қонунларни қабул қилиш Интеллектуал мулк ҳуқуқининг савдо жиҳатлари бўйича битим (ТРИПС)да   назарда тутилган. ТРИПС халқаро шартнома бўлиб, ЖСТни ташкил этиш ҳақидаги ҳужжатлар тоифасига киради. Географик кўрсаткичлар билан боғлиқ масалаларни тартибга соладиган қонунлар Европа Иттифоқи мамлакатлари, Азарбайжон, Арманистон, Беларусия, Грузия, Козоғистон, Молдова, Россия ва Украина каби давлатларда қабул қилинган. 

Шунингдек, сўнгги қисм халқаро шартномаларига мувофиқ равишда муҳофаза қилиниши тўғрисидаги норма билан тўлдирилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Белгиларни халқаро рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Мадрид битимига баённома (1989 йил 27 июнь) ва Патент кооперацияси тўғрисидаги шартнома (Вашингтон, 1970 йил 19 июнь)ларнинг иштирокчиси ҳисобланади. Ушбу халқаро шартномалар доирасида ҳуқуқий муҳофаза (товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари, ихтиролар) Ўзбекистон ҳудудида Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ) томонидан амалга ошириладиган халқаро рўйхатдан ўтказиш орқали берилади;

тўртинчиданинтеллектуал мулк ҳуқуқининг субъектлари тушунчаси киритилди. Интеллектуал мулк ҳуқуқи объектининг яратувчиси (яратувчилари) (муаллиф, ижрочи, ихтирочи ва бошқалар) ва  қонун ёки шартномага мувофиқ шахсий номулкий ва (ёки) мулкий ҳуқуқлар тегишли бўлган бошқа шахслар интеллектуал мулк ҳуқуқининг субъектлари ҳисобланади. Интеллектуал мулк объектлари ўзини яратувчилари, фойдаланувчилари бўйича фарқланади. Яратувчилар мулкий ҳуқуқлардан ташқари шахсий ҳуқуқларга эга бўладилар ва алоҳида ҳуқуқий мақом эътироф этилади. Муаллифликка бўлган ҳуқуқ яратувчининг асосий ҳуқуқи ҳисобланади. Интеллектуал мулкнинг фуқаролик муомаласида бўлиши билан боғлиқ равишда вужудга келадиган ҳуқуқий муносабатларнинг кўпчилик иштирокчилари ўз ҳуқуқ-мажбуриятлари ҳажми бўйича интеллектуал мулк ҳуқуқининг субъекти сифатида махсус эътироф этишга лойиқ. Бу хорижий давлатлар фуқаролик кодекларида ўз ифодасини топган. Жумладан, Украина Фуқаролик кодекси 421-моддасида бу тўғрисида махсус норма мавжуд.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки янги таҳрирдаги Фуқаролик  Кодексига киритилган интеллектуал мулк ҳуқуқига таллуқли янги ҳуқуқий институтлар ва нормалар амалиётга жорий этилганда фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий бўшлиқлар ва коллизияларни бартараф этади. 

Дилдора Анварова,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот 
институти бош маслаҳатчиси

(Мазкур мақола Ишчи гуруҳининг таҳлил ва таклифлари асосида тайёрланди)