Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларга эътибор тобора кучаймоқда, ёш авлодни ҳам маънан ҳам жисмонан камол топишида кенг ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да ёшлар учун яратилаётган шароитлар ва имкониятлар кўлами ошди. Куни кеча ёшлар куни муносабати билан “Ёшлар-учинчи ренессанс бунёдкорлари” шиори остида юртимизда “Ўзбекистон ёшлари
ва талабалари форуми” бўлиб ўтди. Ушбу форумда Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Форумда Президентимиз томонидан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга янги имкониятлар яратиш бўйича бир қатор таклифлар
ва ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, иқтидорли ёшлар орасидан янги авлод захира кадрлари – “Келажак лидерлари” шакллантирилиши, хориждаги нуфузли олийгоҳлардаги, илм-фан билан шуғулланувчи, йирик ва етакчи компанияларда ишловчи юксак билим ва малакага эга ёшларни Ватанига келиб ишлаши учун барча шароитларни яратилиши, уларни раҳбарлик лавозимларига асосий номзод сифатида белгиланиши, уй-жой ажратилиши, муносиб маош тўланиши бўйича янги тизимни жорий этилиши зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ҳар йили ҳоким, вазир, идора ва банк раҳбарлигига камида 2 нафардан ёш номзодлар захирасини тасдиқлаши тавсия этилди.
Бундан ташқари, иқтидорли, лекин олийгоҳда контракт асосида ўқиш имконияти бўлмаган ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим яратилади. Бунга кўра, “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг фарзандларига ОТМдаги ўқишнинг биринчи йили учун контрактни бюджетдан тўлаб бериш тартиби жорий этилиши белгиланди. Янги ўқув йилидан барча учун таълим кредити имтиёзли шартларда 7 йил муддатга, Марказий банкнинг асосий ставкасида, яъни жорий йилда 14 фоиз ставкада ажратилади. Маълумки, бугунги кунда ота-оналар фарзандини олийгоҳда ўқитиш учун 22-28 фоиз ставкада таълим кредитини 3 йил муддатга олмоқдалар. Ушбу оилаларнинг ҳар бир фарзандига ўқув қуроллари ва мактаб формаси сотиб олиш учун август ойида 500 минг сўмдан моддий ёрдам берилиши кўрсатиб ўтилди. “Дафтарлар”га кирган оилаларнинг янги турмуш қураётган фарзандларига ўз хонадонида қўшимча уй-жой тиклаб олиши учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратиш тизими йўлга қўйилади.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Президентимиз томонидан мактабда таълим олаётган ёшларнинг эртанги кунига бефарқ эмаслигини кўришимиз мумкин. Бундан буён мактабларнинг 10-11-синф ўқувчиларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб ва ҳунарларга ўқитиш тизими йўлга қўйилиши, мактаб битирувчисига аттестат беришда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган камида битта касб ёки ҳунарни эгаллаш мажбурий қоида бўлишини назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлиги алоҳида қайд этди.
Тадбирда Президетимиз ҳар бир вилоят ва туманда “Чавандозлар мактаби” фаолияти йўлга қўйилиши, жойларда спорт тўгаракларини ташкил қилаётган мураббийларга инвентар сотиб олиш учун субсидия ажратилиши, бўш турган бинолар имтиёзли асосда ижарага берилиши, камида 100 нафар ёшларни спортга мунтазам жалб қилган мураббийларга бюджетдан ойлик тўлаш тартиби жорий этилишини ҳам айтиб ўтдилар.
Ёшларни бизнесга ўқитиш,“Лойиҳалар фабрика”ларида янги ғоялар асосида инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва молиялаштириш бўйича доимий ишлайдиган ҳамда ёшларга қулай ва қизиқарли бўлган янги тизим яратилиши маълум қилинди. Хориждаги ёшларга Ватанига қайтиб ишлаш, ўз бизнесини ташкил этиш, уларни уй-жой шароитларига ёрдам беришни йўлга қўйиш мақсадида, бюджетдан қўшимча 100 миллион доллар маблағ ажратилиши, Тошкент шаҳрида ёшларни тадбиркорликка ўргатиш бўйича янги бизнес мактаб ташкил этиши белгиланди.
Эндиликда мамлакатимизда ёшларга мўлжалланган бадиий адабиётларни кўпайтириш ва уларнинг муаллифларини рағбатлантириш мақсадида “Болалар ва ёшлар учун энг яхши китоб” танловини жорий этилади. Танловда ғолиб бўлган муаллифлар учун биринчи ўринга – 100 миллион сўм, иккинчи ўринга – 75 миллион сўм, учинчи ўринга – 50 миллион сўм мукофот берилади.
Президентимиз ёшлар, айниқса, уюшмаган ёшларнинг муаммоларини ўрганиб, ҳал қилиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва спортга жалб этиш масалаларига устувор аҳамият қаратилиши зарурлигини ҳам эслатиб ўтди. Шу мақсадда Мудофаа вазирлиги ҳузурида “Ватан ўғлони” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини ташкил этиш ҳақидаги ташаббус Президентимиз томонидан қўллаб-қувватланди.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз томонидан ёшларимизнинг ҳаётий манфаатларини таъминлашга қаратилган яратилаётган имкониятлар биз ёшларнинг интеллектуал, маънавий ва жисмоний салоҳиятимизни рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Шунингдек, ҳар бир униб ўсаётган ёш кўнглида ватанга бўлган меҳр-муҳаббат, келажакка бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
маъсул ходими Ш. Маматқулов