2021 йил 28 июль куни Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилотининг Тошкент шаҳридаги филиали билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикасининг қонун устуворлиги индексидаги позициясини яхшилашга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий омиллар ва уларни йўқ қилиш йўллари” мавзусида халқаро илмий семинар ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги ва бошқа мамлакатда ҳуқуқ устуворлигини таъминлашга масъул бўлган давлат органларининг вакилллари иштирок этди.

Шунингдек, тадбирда нуфузли халқаро экспертлар, миллий тадқиқот институтлари ва академик доиралар мутахассислари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг иштироки таъминланди.

Семинар давомида Ўзбекистонда ҳуқуқ устуворлигини мустаҳкамлашга салбий таъсир кўрсатувчи ҳуқуқий омиллар ва уларни бартараф этиш йўллари, шунингдек мамлакатда халқаро рейтинг ва индексларда ўз мавқеини мустаҳкамлаш учун ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Хусусан, семинарда Ўзбекистоннинг сўнгги 7 йил ичидаги ўрни World Justice Project халқаро нодавлат ташкилоти томонидан тузиладиган Ҳуқуқ устуворлиги индексининг 44 индикаторидан 34 тасида сезиларли даражада мустаҳкамланганлиги таъкидланди.

Шу муносабат билан халқаро экспертлар томонидан қонунчиликни либераллаштириш, оммавий ахборот воситалари ўрни ва жамоат назорати механизмларини кучайтиришда фуқаролик жамияти институтларининг аҳамиятини оширишга қаратилган ислоҳотларнинг натижалари юқори баҳоланди.

Илмий-амалий семинар натижаларига кўра хорижий ва миллий экспертлар томонидан ҳуқуқ устуворлигини мустаҳкамлаш ва халқаро майдонда Ўзбекистоннинг ўрнини ошириш соҳасида илғор халқаро стандартларни жорий этиш бўйича тавсиялар ва таклифларни ишлаб чиқилди.