Сифат менежменти тизими (СМТ) – бу корхона мутлақ ишлаб чиқариш-хўжалик фаолиятида якуний мақсад бўлган сифатни мўлжаллаб бошқаришдир. СМТ – бу бошқарув тизими бўлиб, у сифат соҳасида сиёсатни ва мақсадларни доимий шакллантириш ва бу мақсадларга эришиш учун яратилади.

Самарали ва натижавий СМТ асосий элементлари:

•Сифат соҳасида сиёсат ва мақсад;

•Ресурслар мавжудлиги (ишчилар, моддий, молиявий ва ахборот таъминоти)

•Мақсадга эришишнинг баён этилган алгоритми (жараёнлар, босқичлар ва ҳужжатлар)

•Ташкилий тузилма.

ISО 9001 Сифат менежменти тизими дунёдаги энг машҳур сифат менежменти тизими стандарти бўлиб, дунё бўйлаб 180 мамлакатларидаги миллиондан ортиқ ташкилотларни сертификатлаштирган. 9001 стандарти Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (ISO) томонидан эълон қилинган 9000 церийали стандартлардан мувофиқликни баҳолаш учун ишлатилиши мумкин бўлган ягона стандартдир.

ISO 9001 Сифат менежменти тизими – бу дунё миқёсида қабул қилинган сифат менежменти тизими бўлиб, мижозлар талаблари, эҳтиёжлари ва тартибга солувчи талабларини қондириш орқали мижозлар эҳтиёжини оширишни назарда тутади.

ISO 9001 стандарти асосан бошқариш механизмидир.

Ушбу стандартнинг мақсади – хатолар ва нуқсонларни камайтириш, йўқ қилиш ва олдини олишдан иборатдир. Стандарт маҳсулот ва хизматларнинг сифати билан эмас, балки бошқарув тизимининг сифатига бевосита боғлиқдир.

ISO 9001 стандарти мураккаб бўлмаган умумий талабларни ўз ичига олади. У катта ёки кичик миқёсидан қатъи назар, ҳар қандай секторга қўлланилиши мумкин.

Бундан кўзланган асосий мақсад шундан иборатки, агар самарали сифат менежменти тизими яратилса ва жорий этилса, мижозлар эҳтиёжларини қондириш учун сифатли маҳсулотлар ва хизматлар ишлаб чиқарилади.

Хорижий тажрибани ўрганиш шуни кўрсатдики, ISO 9001:2015 давлат органлари томонидан қўлланиладиган энг машҳур стандарт ҳисобланади.

У 1984 йилда ишлаб чиқилган ва тўрт марта қайта кўриб чиқилган (1994, 2000, 2008 ва 2015 йй.), халқаро стандартнинг энг сўнгги версияси сифатида тан олинган ва давлат органлари фаолиятини яхшилашга қаратилган иш оқимини бошқаришнинг баҳолаш мезони ҳисобланади.

Мисол учун Францияда барча давлат бошқарув органларининг 85% ISO 9001 халқаро стандарти талаблари бўйича сертификацияга эга.

АҚШда сифат менежменти тизимини жорий қилиниши давлат хизматчилари сонининг 250 мингтагача оптималлаштиришга имкон берди. Уларда аксарият муниципалитетларда сифат менежменти тизими қабул қилинган ва сертификатланган.

Канадада биринчилардан бўлиб, сифат менежменти тизимини жорий қилган идора Квебек округи маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органи ҳисобланади.

Бирлашган Араб Амирлиги ҳам ўзининг давлат бошқарувида сифат менежменти тизимини бир неча ўн йиллардан буён самарали жорий қилиб келаётган давлатлардан ҳисобланади.

Хўш, сифат менежменти тизими Ўзбекистонда ҳам қўлланиладими?

Ўрганишлар шуни кўрсатадики, сифат менежменти тизимини жорий этиш мамлакатимизда 2004 йилдан ҳозирга қадар фақатгина тадбиркорлик секторида амалга оширила бошланган ва бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳўжжатлар қабул қилинган.

Ўзбекистонда давлат органлари фаолиятининг сифатини халқаро миқёсда эътироф этилган стандартлар даражасида яхшилаш жараёни ҳозирги вақтда ўрганиш ва тажриба-синов амалиётида амалга оширилмоқда. Стандартни жорий этиш ҳозирча саноқли ташкилотларда яъни манзилли тарзда амалга оширилган ва ҳозирча фақат иккита давлат органида (Тошкент шаҳар туризмни ривожлантириш Департаменти ва Яккасарой тумани ҳокимияти) амалга оширилмоқда, улардан бири маҳаллий бошқарув органи ҳисобланади.

Шу билан бирга, бугунги кунда ушбу сифат менежменти тизимини давлат органларида қўллашда айрим муаммолар мавжуд. Булар бир томондан дастлабки баҳолаш харажатлари, малакали ва профессионал кадрларни тайёрлаш, сертификациялаш, тажрибали ташқи консультант хизматидан фойдаланиш каби молиявий маблағлар билан боғлиқ муаммолар бўлса, иккинчи томондан тизимни тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни яратиш ва қабул қилиш билан боғлиқ масалаларга бўлинади. Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий ислоҳотлар концепциясида сифат менежменти тизимини жорий қилиш давлат органлари бошқарувида ишни ташкил қилишнинг замонавий усулларидан бири сифатида кўзда тутилган бўлса-да, тизимни жорий этишга оид алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаган.

Давлат органларида сифат менежменти тизимини жорий этиш ва сертификатлаштиришнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

— давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш;

— давлат хизматчиларининг иш сифатини ошириш;

— аҳоли ва тадбиркорларнинг давлат ва коммунал хизматлар сифатидан қониқиш даражасини ошириш;

— маъмурий ислоҳот чораларини амалга оширишга кўмаклашиш.

Дунёнинг турли мамлакатларида бизнес, муниципал ва давлат бошқарув органларида, биринчи навбатда, сифат менежменти тизимлари, меҳнатни муҳофаза қилиш, ижтимоий жавобгарлик, атроф-муҳитни бошқариш ва ахборот хавфсизлиги талабларини белгилайдиган стандартларга устунлик берилади.

Сифат менежменти тизимини амалга ошириш иқтисодиёт учун ҳам фойдали ҳисобланади. Бунинг сабаби шундаки, ҳозирги вақтда иқтисодиётнинг алоҳида тармоқларини бошқариш давлат улуши мавжуд бўлган кўринишда, яъни хўжалик бошқаруви органлари томонидан амалга оширилади. Бундай ҳолатда сифат менежменти тизимини қўллаш давлат маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини оширади.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда сифат менежменти тизимини миллий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиш ва дастлабки босқичда

ўз фаолиятининг сифатини яхшилашга кўпроқ муҳтож бўлган давлат органларида уни жорий этиш жараёнини бошлаш бугунги куннинг долзарб мавзуларидан ҳисобланади ва бу ўзининг самарасини беради.

Назарали  Норбоев,
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти бўлим бошлиғи