Мамлакатимизда сўнгги тараққиёт босқичи даврида кучли фуқаролик жамиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳаракатлар стратегиясида ҳам фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, оммавий ахборот воситаларини ролини ошириш, нодавлат ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш, барча соҳаларда жамоатчилик назорати тизимини амалга оширишнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва ҳаётга жорий этиш масалалари асосий вазифа сифатида қайд этилмоқда.

Бу борада, энг аввало, фуқаролик жамияти институтлари фаолияти самарадорлигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги ташаббускорлигини рағбатлантиришга қаратилган зарур институционал базани мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратилди.

Жумладан, халқ манфаатларини кўзлаб қабул қилинаётган қонунлар, фармонлар, қарорлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, энг аввало, умумхалқ муҳокамасига ҳавола этилаётгани, жамоатчилик экспертизасидан ўтказилаётгани, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва уларнинг раҳбар-мутасаддилари ишига аҳоли томонидан билдирилаётган танқидий муносабатлар натижасида кўплаб камчилик ва муаммолар, қонунбузилиш ҳолатларига чек қўйилмоқда.

Ўз навбатида, инсон ҳуқуқ-манфаатларини таъминлаш, одамлар билан мулоқот қилиш, халқнинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш ва ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилди.

Янги Ўзбекистонни шакллантириш йўлидаги ислоҳотлар жараёнида, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар доирасида қабул қилинаётган ҳар йилги Давлат дастурлари лойиҳасини тайёрлашда ҳам, биринчи галда аҳоли томонидан кўтариб чиқилган долзарб масалалар, ечимини кутаётган муаммолар эътиборга олиниб, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат ташкилотларнинг таклифлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган танқидий чиқишлар инобатга олинмоқда. Дастур лойиҳаси ишлаб чиқилганидан сўнг ҳам у умумхалқ муҳокамасига ҳавола этилиб, оддий одамларнинг, мутахассис-экспертлар, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакилларининг фикр-мулоҳазалари, таклиф-тавсиялари инобатга олинганидан сўнггина қабул қилиниб, ижрога йўналтирилмоқда.

Шундай қилиб, айни вақтда янги Ўзбекистонда кучли ва эркин фуқаролик жамиятини қуришнинг, давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида натижадор ҳамкорликни ташкил этишнинг, шунингдек, ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашнинг муҳим воситаси бу — жамоатчилик назорати институти экани янгиланган сиёсатнинг ўзагини ташкил этмоқда.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, янгиланаётган Ўзбекистонда ҳар кимнинг фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги, ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатишга бўлган конституциявий ҳуқуқи амалда таъминланаётгани халқаро ҳамжамият эътирофига тушди.

Хусусан, Президент талаби билан давлат бошқаруви органлари фаолиятидаги “ёпиқ эшиклар” очилиб, шаффофлик таъминланиши натижасида, айниқса, аҳолининг ўзи хоҳлаган мавзуда танқидий фикрларини эмин-эркин билдиришига “очиқ майдон” яратиб берилди.

2018 йилда қабул қилинган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунда бу институтнинг амалда ишлайдиган, самарали механизмлари жорий қилинди. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик назоратини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш соҳасидаги муносабатлари тартибга солинди.

Шунингдек, давлат органлари ҳузурида Жамоатчилик кенгашлари тузилди. Бу кенгашлар қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, дастурлар, ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни рўёбга чиқариш бўйича давлат органи ва унинг мансабдор шахсларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан давлат органининг фаолияти ҳақидаги жамоатчилик фикрини тизимли мониторинг қилиш ва ҳар томонлама таҳлил қилиш, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда фаол иштирок этишмоқда.

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда 9200 га яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари мавжуд бўлса-да, уларнинг аксарияти жамият ҳаётида ўз ўрни ва ролини тополмаган, фаолияти сезиларли даражада эмасди. Шу билан бирга, жамоатчилик назорати субъектлари ҳисобланган фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари томонидан ислоҳотлар жараёнида иштирок этиш масаласи ҳам бугунги замон талабларига жавоб бермасди.

Айниқса, аксарият фуқаролик жамияти институтлари давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг фаолиятига тааллуқли ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган масалалар муҳокамаси бўйича жамоатчилик эшитувларини ўтказиш юзасидан қонуний ваколатга эга бўла туриб, бу нормани амалиётда ишлатишга етарли эътибор қарата олишмаётганди.

Шулардан келиб чиқиб, мамлакатнинг барча ҳудудларида “Нодавлат нотижорат ташкилотлар уйлари” барпо этилиб, бирин-кетин фуқаролик жамиятининг мустақил институтлари ихтиёрига топширилмоқда, уларга миллий ва халқаро грантлар танловларида иштирок этиб ғолиб бўлишлари йўлида ҳуқуқий билимлар бериб борилмоқда, халқаро ташкилотлар билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйишларида амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги “2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” ПФ–6181-сонли Фармони фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларни янада янги босқичга олиб чиқиш, хусусан, уларнинг фаолиятида очиқликни таъминлаган ҳолда жамиятда уларнинг ўрнини мустаҳкамаш йўлида яна бир катта қадам бўлди.

Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш масаласи мазкур фармон билан тасдиқланган “2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”нинг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланди.

Фармонга кўра, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси жорий қилинди ва ҳар йил якунлари бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга оширилган ишлар, ижтимоий шериклик даражаси, ажратилган субсидия, грант ва ижтимоий буюртмалар натижадорлиги ва бошқа муҳим фаолият кўрсаткичлари асосида уларнинг рейтинги тузилади.

Шунингдек, бундан буён нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига оид маълумотларни ўз расмий сайти ва www.e-ngo.uz сайтига ёки мазкур сайтга ҳавола берган ҳолда бошқа очиқ ахборот манбаларига жойлаштириши мумкин бўлади. Ушбу маълумотлар ва жамоатчилик томонидан берилган баҳолар асосида ҳар йил якунлари бўйича ННТларнинг очиқлик индекси аниқланади. Бунда асосий кўрсаткичлар реал вақт режимида умумлаштириб борилади ва барчанинг танишиши учун имконият яратилади. Очиқлик индексининг якуний натижасини аниқлашда эса, давлат ва нодавлат ташкилотлари, хусусан жамоатчиликнинг кенг иштироки таъминланади.

Очиқлик индекси натижаси бўйича “энг шаффоф нодавлат нотижорат ташкилотлари топ-20” ва “энг фаол нодавлат нотижорат ташкилотлари топ-20” рўйхатлари (рейтинглар) шакллантирилади.

Мазкур рейтингларга киритилган нодавлат нотижорат ташкилотларининг амалга оширган ижобий ишлари жамоатчилик ўртасида оммалаштирилади; ижтимоий шериклик доирасида давлат грантлари ва ижтимоий буюртмалар олишга тавсиялар (йўлланмалар, сертификатлар) берилади; моддий-техник базасини (оргтехника, компьютер, бошқа техник воситалар, бино билан таъминлаш ҳамда бошқалар) мустаҳкамлашга белгиланган тартибда кўмак берилади; давлат органлари ва ҳалқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш чоралари кўрилади.

Мамлакатимизни демократик модернизация қилишда фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамияти муттасил ошаётгани, фуқаролар, айниқса, ёшларнинг фуқаролик онги ҳамда сиёсий-ҳуқуқий маданиятининг барқарор ўсаётганидан далолат беради.

Бу эса кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим шарти ҳисобланади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, жамоат бирлашмалари ва жамғармалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, мустақил оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини кафолатлайдиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи, фуқаролик институтларининг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш кафолатлари, уларга тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беришга оид тамойиллар мустаҳкамлаб қўйилган. Бу борада қабул қилинган жами икки юздан ортиқ қонун ҳужжатлари мамлакатимизда фуқаролик жамиятини изчил ривожлантиришда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Мамлакатда демократик ислоҳотлар самарадорлиги кўп жиҳатдан фуқаролар онги, аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятининг нечоғли ривожланганига боғлиқдир. Шу боис мустақилликнинг дастлабки кунларидан ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистонда аҳолининг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, шахс ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришда муҳим омил бўлмоқда. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ва унинг институтларини ислоҳ этиш ҳамда демократлаштириш, ривожлантириш жараёни такомиллашаётганидан далолат беради.

Бугунги кунда, ҳар бир давлат жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўринга эга бўлиши ва ўз халқига муносиб турмуш даражасини таъминлаши учун энг аввало демократик бошқарув тизими, иқтисодий барқарорлик, мамлакатда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларининг таъминланиши, фуқаролик жамияти институтларининг ривожи, аҳолининг ижтимоий-сиёсий маданияти, фуқаролик позициясининг юқорилиги каби кўплаб омиллар асос бўлиб хизмат қилади.

Шу ўринда кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантириш ҳар бир мамлакат учун устувор вазифа бўлиб қолмоқда. Фуқаролик жамияти энг аввало ижтимоий муносабатлар жараёнида ўз аксини топиб, мамлакатда демократия, ҳуқуқий давлат ва шахс эркинликларини таъминлашнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилади.

Фуқаролик жамиятида ижтимоий ҳаётга ва унинг доимо тараққий этиб боришига жуда катта аҳамият берилади. Унинг асосий мақсади инсоннинг муносиб ҳаёт кечиришини, барча ҳаётий орзу-мақсадлари шу жамиятдаги сиёсий ташкилотлар, ижтимоий институт, гуруҳ, оила ва бошқа жамоат бирлашмалари орқали амалга оширилишини таъминлашдир.

Мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантиришда нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор амалий ишлар қилинган ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолият юритиши учун қонунчилик асосларининг яратилиши мазкур соҳага қаратилган 200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар жумласига “Жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунларни санаб ўтишимиз мумкин.

Шунингдек, мамлакатимиздада нодавлат нотижорат ташкилотлари сон жаҳатдан ҳам ўсиб бормоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 9 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилоти мавжуд ҳамда 30 та халқаро ва хорижий ноҳукумат ташкилотларининг филиал ва ваколатхоналари фаолият юритмоқда.

Шу билан биргаликда, фуқаролик жамияти институтлари фаолияти ривожланишининг иқтисодий ва ташкилий кафолатларини шаклланиши. Мазкур соҳада 2008 йилда қабул қилинган “Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбилари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма қарори аҳамиятга эгадир.

Шу асосида Парламент ҳузурида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг ташкил этилиши ҳамда Фонд маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси тузилиши ўзига хос ижобий ҳодиса бўлди дейишимиз мумкин.

Шунингдек, фуқаролик жамиятининг энг асосий бўғинларидан бири ҳисобланган — ўзини ўзи бошқариш тизимининг янада такомиллашуви. Мустақиллик йилларида ўзини ўзи бошқарув — маҳаллалар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва янада ривожлантиришга эътибор қаратилди. Бу институтнинг мамлакат сиёсий, иқтисодий ва маънавий ҳаётининг ажралмас бўғини сифатида шакллантириш, унинг учун зарур моддий ва молиявий шарт-шароитлар яратилди.

Фуқаролик жамияти ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида айрим камчилик ва муаммолар мавжуд:

Биринчидан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини молиялаштириш масаласи ҳануз долзарблигича қолмоқда.

Парламент ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ажратиладиган маблағлар мамлакатда ННТларнинг миқдор ва сифат жиҳатдан ўсишига номутаносиб ҳолатда қолиб келмоқда. Кейинги пайтларда Фонд томонидан ННТларга ажратилаётган молиявий маблағ ва ёрдамнинг ҳаддан ташқари марказлашуви ва монополлашуви ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини молиялаштириш масаласида дунёнинг ривожланган мамлакатларида кенг қўлланиладиган аъзолик бадаллари, хайрия ёрдамларининг етарли даражада эмаслиги, умуман олганда маҳаллий ННТларда самарали фандрейзинг стратегиясининг мавжуд эмалгини ҳам эътироф қилишимиз лозим;

Иккинчидан, ижтимоий шароити оғир аёлларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни иш билан таъминлаш масалаларида ННТларининг иштироки етарли даражада сезилмаяпти. Улар фақат номига йиғилишлар ўтказиш билан машғул бўлиб қолмоқда.

Турли даражада фаолият олиб борувчи ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўз профессионализми ва компетенциясини ошириб бориши, ўзининг ташкилий, моддий-техник базасини мустаҳкамлаши, бир сўз билан айтганда, жамиятда ўз легитимлигини таъминлаши бугунги куннинг долзарб масаласидан биридир.

Сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида мазкур йўналишда белгиланган вазифалар ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Боиси унда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришнинг асосий йўналиши сифатида белгиланган.

Жорий йилги “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида ҳам мазкур масалага алоҳида эътибор қаратилиб, унда нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли ва аҳамиятини, ижтимоий фаоллиги ва фаолиятининг самарадорлигини ошириш билан боғлиқ муҳим масалалар ҳам ўрин олган. Хусусан, Давлат дастурининг 16-бандида нодавлат нотижорат ташкилотларнинг роли ва аҳамиятини, ижтимоий фаоллиги ва фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган Президент фармонини қабул қилиш вазифаси белгиланган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармон ҳамда “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарор билан эса Давлат дастурида назарда тутилган вазифалар ижроси таъминланиб, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқувчи муҳим режалар белгилаб берилди.

Хусусан, Фармон билан яқин истиқболда, яъни 2025 йилга қадар мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожланишнинг асосий босқич ва йўналишларини аниқ кўрсатиб берган. Бу йўналишда “Йўл харита”си ҳам тасдиқланган бўлиб, унда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий асосларини такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтларининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат органлари устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қўламли ислоҳотларга фуқаролик жамияти институтларини жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Фармонга асосан ННТларининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари (комиссиялари) мажлисларида иштирок этувчи доимий вакили институти, ННТ фаолиятининг очиқлик индексининг жорий қилиниши, “Шаффоф ҳайрия” ягона интерактив порталининг ишга туширилиши ҳамда давлат субсидиялари, грантлар ва ижтимоий буюртмалар бериш тартибининг соддалаштирилиши назарда тутилган.

Жумладан, доимий вакилнинг асосий вазифалари этиб қонун лойиҳалари ва қуйи палатанинг ваколатларига кирадиган масалалар бўйича муҳокамалар ва йиғилишларда ижтимоий шериклик, таъсирчан жамоатчилик назорати механизмларини жорий қилиш ва уларни амалиётга тўғри қўллаш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ифода қилиш белгиланган.

Шу билан биргаликда “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор билан ННТни қайта рўйхатдан ҳамда унинг рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати 1 ойдан 15 кунгача қисқартирилади, ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, нуронийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш учун ундириладиган Давлат божи бекор қилинди.

Қарорда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, маҳаллий ННТларни ривожлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳаларни молиялаштириш учун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига давлат субсидиясини ажратиб бериш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш каби масалалар ҳам ўз аксини топган.

Хулоса қилиб айтганда, эндиликда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, аҳоли ўртасида тарғибот қилиш, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда янги босқичга кўтарилади.

Б.Каршибоев,
Адлия вазирилиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими