Ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятининг энг муҳим белгиларидан бири бу — эркин, очиқ сайлов тизимининг мавжудлиги ҳисобланади. Сайловлар орқали фуқаролар бевосита давлат ва жамият бошқарувида иштирок этади. Шу боис, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи фуқаронинг энг муҳим сиёсий ҳуқуқлари сирасига киради.

Ушбу умумэътироф этилган асосларга таянган ҳолда мамлакатимиз президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган сайлов қонунчилиги бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатларидан иборат бўлсада, афсуски, ҳануз яхлит бир ҳужжат шаклига келтирилмаганини таъкидлаб, халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини ишлаб чиқиш
ва қабул қилиш вазифасини қўйган эди.

Ушбу белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, энг илғор халқаро стандартлар асосида, қисқа фурсат ичида мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор Сайлов кодекси қабул қилинди.

Сайлов кодексни тайёрлаш жараёнида ривожланган давлатларнинг бой тажрибаси ўрганилди, уларнинг ижобий ютуқлари асосида самарали, халқчил нормаларни ишлаб чиқиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлашда 50 дан ортиқ илғор хорижий давлатларнинг тажрибаси ўрганилди.

Ушбу кодекс тарқоқ ҳолдаги 5та қонун (“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги) ва Марказий сайлов комиссиясининг сайловларни ташкил этиш ва ўтказишга оид ўнлаб қарор ва йўриқномаларини ягона қонун ҳужжатида ўзида мужассам этди ва ушбу кодекси қабул қилингунга қадар мавжуд бўлган 26 та ҳужжат; хусусан, Ўзбекистон президенти сайлови, Олий Мажлисга сайлов, Марказий сайлов комиссияси тўғрисидаги қонунлар ўз кучини йўқотди. Ушбу ҳужжатлар ўрнига сайловлар билан боғлиқ соҳани ягона Сайлов кодекси тартибга соладиган бўлди.

Мамлакатимизнинг барча халқаро стандартларни ўзида акс эттирган сайлов кодекси икки қисм, 18 боб, 103 моддадан иборат бўлиб, илгари сайлов қонунчилигимизда мавжуд бўлмаган мутлақо янги тартиб ва қоидалар билан янада такомиллаштирилди:

Хусусан:

— Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари учун Қонунчилик палатасига махсус ўрин ажратиш тартиби бекор қилинди, бунда Қонунчилик палатасидаги депутатлик (150 нафар) ўринлари сақлаб қолинди;

— сайловда овоз бериш муддатлари узгартирилди. Яъни овоз бериш сайлов куни соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилиши белгиланди.

— сайлов бюллетени овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида ўзи ёқлаб овоз бераётган Сенат аъзолигига номзодларнинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга “+” ёки “” ёхуд “х” белгисини қўйиш орқали тўлдириш мумкин;

— барчанинг танишиб чиқиши учун участка сайлов комиссиясининг овозларни санаб чиқиш ҳақидаги баённома нусхаларини сайлов участкасида 48 соатдан кам бўлмаган муддатга дарҳол осиб қўйиш тартиби жорий этилди;

— сайловчилар ягона электрон рўйхатининг амал қилиш тартиби қонун даражасида белгиланди, ягона ҳужжат – сайлов бюллетенини жорий этиш орқали “сайлов варақаси” бекор қилиниб, муддатдан олдин овоз бериш
ва сайлов куни овоз беришда фойдаланиш имкони яратилди;

— Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бир вақтда ўтказилган тақдирда, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари томонидан ягона сайлов участкалари тузилиши ва бошқалар белгиланди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 31 майдаги “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан сайлов қонунчилигига бир қатор ўзгартириш
ва қўшимчалар киритилди.

Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, номзод кўрсатган сиёсий партиялар органлари, номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар
ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин беш кун ичида судга шикоят қилиши мумкин.

Сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиш жойи ва вақти ҳақида тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилиши, бунда ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб қилинмаслиги белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котибидан
ва комиссиянинг саккиз — ўн саккиз нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузилади. (Илгари 6-8 нафар эди)

Сайлов бюллетенига номзоднинг эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури), иш жойи киритилмайдиган бўлди.

Шунингдек, сайловларда сиёсий партия ёки номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишда фуқаролар паспорт билан бир қаторда идентификация картаси орқали ҳам шахсини тасдиқлаши мумкинлиги белгиланди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак, демократик руҳда ўтадиган сайлов жараёнларида холислик ва қонунийлик энг муҳим жиҳатдир. Зеро, сайловларнинг очиқлик ва адолатлилик билан ўтиши мамлакатнинг кейинги тақдирини белгиловчи асосий мезондир.

Равшан Нурматов
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтимасъул ходими