Мамлакатимизда давлат томонидан кўрсатилаётган хизматлар бир неча босқичли жараёнлардан иборат бўлиб, аксарият қисмини Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилиши катта ҳажмдаги маълумотларни қабул қилиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилишни талаб қилади.

Бу жараёнда давлат хизматлари кўрсатилишига сунъий интеллектни қўллаш зарурати юзага келди. Шу ўринда Адлия вазирлиги томонидан аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги амалга оширилган чора-тадбирларни қайд этиб ўтиш ўринли. Сўнгги 4 йилда давлат хизматлари кўрсатиш тизими институционал нуқтаи назардан тубдан такомиллаштирилди ва модернизация қилинди.

Хусусан:

1) давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи алоҳида давлат органи – Давлат хизматлари агентлиги, давлат хизматлари марказлари ва уларнинг 115 та филиаллари, шунингдек, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ташкил этилди;

2) давлат хизматлари соҳасига «Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади» тамойили жорий этилди ҳамда экстерриториал тамойил асосида (яшаш манзилидан қатъий назар) исталган ҳудудда фойдаланиш имконияти яратилди;

3) тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказишда 10 га яқин ҳужжатларни ва муҳр-штампларни талаб қилиш бекор қилинди;

4) кўрсатилган давлат хизматлари учун давлат божи ва йиғимларни электрон тўлов тизимлари (Click, Payme, Upay, Paynet, Uzcard, Oson, Websum ва барча банк мобил тўлов иловалари) орқали тўлаш тизими жорий этилди;

5) 2021 йил 1 июндан бошлаб 18 турдаги (судланганлик, манзил маълумотнома, солиқдан қарзи бор-йўқлиги, наркология ёки руҳий касалликлар диспансерида туриши) маълумотларни талаб қилиш амалиётидан воз кечиш натижасида бир ойда 1,3 млрд.сўм (йилига 15,6 млрд.сўм) маблағи тежалишига эришилди.

Ўзбекистон Жаҳон банкининг “Doing business” индексида «Бизнесни рўйхатдан ўтказиш» кўрсаткичи бўйича 190 та давлат орасида 8-ўринни эгаллаб, тарихда биринчи бор топ-10 таликка кирди.

Шу билан бирга, амалдаги давлат хизматларида сунъий интеллектни қўллаш масалаларини ўрганиш ва таҳлил қилиш давомида бир қанча муаммолар ва ечимини кутаётган масалалар мавжудлиги аниқланди:

I. Давлат хизматлари турлари ва ҳажмининг кескин ошганлиги соҳани янада рақамлаштириш заруриятини юзага келтирди.

1) давлат хизматлари рўйхати ва ҳажми аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб кескин ошиб бормоқда;

Маълумот учун: давлат хизматлари рўйхатидаги жами 716 та хизматнинг 268 таси (37,5 %) электрон шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда мобил иловалар орқали кўрсатилмоқда.

2020 йил 6 ой давомида 3,6 млн. давлат хизматлари кўрсатилган, 2021 йил 1-ярим йилликда 6 млн. дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди (67 % ошган).

2) давлат хизматларини рақамлаштириш даражаси паст даражада;

Маълумот учун. Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 2018 йилда

2,4 млн.та, 2019 йилда 5,8 млн.та, 2020 йилда 9,8 млн.та хизмат кўрсатилган. Юридик ва жисмоний шахсларга 260 турдан ортиқ давлат хизматлари электрон шаклда тақдим этиб келинмоқда.

II. Мазкур соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий база шакллантирилмаган ҳамда мавжуд қонун ҳужжатларида аниқ ҳуқуқий механизмлар белгиланмаган. Хусусан:

1) давлат хизматлари кўрсатишда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича махсус норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаган. Ҳозирги вақтдаги соҳага оид қонун ҳужжатларида давлат хизматлари кўрсатилишда сунъий интеллектдан фойдаланишнинг ягона талабларини, ахлоқ қоидаларини, хавфсизлик ва шаффофликни, жавобгарликни белгиловчи ҳуқуқий нормалари мавжуд эмас;

2) Президентнинг 2021 йил 17 февралдаги ПҚ-4996-сон қарорида давлат хизматлари кўрсатишда сунъий интеллект технологияларидан кенг фойдаланишга доир асосий йўналиш белгиланган бўлсада уни амалиётга жорий этилишида тегишли чора-тадбирлар белгиланмаган;

III. Давлат бошқаруви органлари тизимида соҳани тартибга солувчи таркибий тузилмалар ташкил этилмаганлиги туфайли ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини ҳамда комплекс ривожлантириш амалга оширилмаяпти:

1) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг сунъий интеллектнитни соҳасида белгиланган вазифалари ва функциялари ҳамда таркибий тузилмасида Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ташкил этилган бўлсада вазирлик марказий аппаратида тегишли таркибий тузилма мавжуд эмас;

2) Давлат хизматлари агентлиги марказий аппарати ташкилий тузилмасидаги Давлат хизматларини рақамлаштириш бошқармасида давлат хизматларини кўрсатишда сунъий интеллектни қўллаш ва уни ривожлантириш бўйича таркибий тузилмаси мавжуд эмас;

3) Сунъий интеллектни жорий этиш чора-тадбирларини амалга ошириш ва назорат қилишнинг механизмлари тўлиқ яратилмаган. Инновацион ривожланиш вазирлигига инновацион ва илмий-техник ривожлантириш соҳасида мамлакатнинг интеллектуал ва технологик салоҳиятини оширишга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш белгиланган бўлсада сунъий интеллект соҳасида инновациялар жорий этиш ва қўллаш бўйича вазифалар юклатилмаган. (Президентнинг 2020 йил 29 октябрдаги ПФ-6097-сон Фармонига мувофиқ илм-фаннинг истиқболли ва янги йўналишларида (шу жумладан, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект) илмий-тадқиқот ишларини жадаллаштириш белгиланган. Бироқ ушбу йўналиш бўйича ишларни амалга ошириш учун вазирликнинг тегишли функциялари белгиланмаган.)

ХОРИЖИЙ ДАВЛАТЛАР ТАЖРИБАСИ

Буюк Британияда «Рақамли трансформация Стратегияси» қабул қилинган бўлиб, сунъий интеллектдан фойдаланиш Стратегиянинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган ҳамда давлат хизматларини кўрсатишда сунъий интеллектни қўллаш борасида хусусий сектор томонидан яратилган дастурлар ва ишланмалар давлат томонидан махсус молиялаштирилиши тартиби белгиланган. Бунда, ҳукумат технологик Фондига 20 млн. фунт стерлинг миқдорида маблағ ажратилган бўлиб давлат хизматлари ва ижтимоий секторни ривожлантиришга хизмат қилувчи бизнес лойиҳалар ҳамда инновациялар айнан шу Фонд томонидан молиялаштирилади. Британия Давлат рақамли хизмати(Government Digital Service, GDS) 2017 йил февраль ойида ахборот тизимларни янгилаш орқали маълумотлардан янада самарали фойдаланиш ва давлат хизматлари учун ягона платформалар яратиш ишлари бошланган бўлиб, ижтимоий таъминот органларининг солиқ тизими билан ўзаро ахборот алмашинувига сунъий интеллектни жорий қилиш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш амалга оширилмоқда.

Латвия Республикаси давлат бошқарувига сунъий интеллектни жорий қилиниши «2021-2027 йилларда рақамлаштиришнинг асосий принциплари» га мувофиқ бўлиши ҳамда барча вазирликлар ўз таркибий тузилмалари фаолиятида ҳамда идоралараро алоқаларга сунъий интеллектни қўллаш харажатлари баҳоланиши жорий қилинган.

Латвия давлат бошқарувида сунъий интеллект базаси асосида фаолият юритадиган Ишлаб чиқарувчилар реестри, Давлат даромадлари хизмати мижозларига виртуал мутахассислар давлат хизматидан фойдаланишида маслаҳат берадилар. Шунингдек бошқа давлат хизматларида кўрсатилишида мижозга керакли маслаҳатларни бериб турувчи универсал виртуал мутахассис яратиш ишлари олиб борилмоқда.

Австралия Ҳукумати давлат хизматлари кўрсатилишида GovPass

ID-картаси лойиҳаси устида ишламоқда, мазкур карта ёрдамида ҳар қандай хизмат учун тўлов қилиш қулай бўлади: жамоат транспортидан фойдаланишдан тортиб солиқлар тўлаш ҳамда тиббий ёрдам олиш.

Давлат хизматлари кўрсатилишида фуқаролар билан мулоқот қилишда виртуал ассистент ёрдам беради. Бундай виртуал ёрдамчи мижозга керакли маслаҳатлар бергани учун давлат хизматларига берилган сўровларни кўриб чиқиш вақтини икки баравар камайтириш имконини берди. Натижада давлат хизматини кўрсатиш нархи анъанавий Салл-марказга қараганда 66% га арзонлашган.

Хитой Ҳукумати 2017 йилда ўзининг сунъий интеллект технологиялари борасидаги мақсадлари ва асосий устувор йўналишларини белгилаб берувчи «Кейинги авлод сунъий интеллектни ривожлантириш режаси» деб номланган миллий стратегияни қабул қилди. Мазкур стратегия доирасида Хитой ҳукумати 2030 йилга келиб, фуқаролик ва ҳарбий соҳаларда сунъий интеллект саноатини 150 миллиард AҚШ долларидан зиёд қийматга олиб чиқишни бош мақсад қилиб қўйди.

Хитой ҳукуматининг сунъий интеллектни ривожлантиришга қаратилган сиёсий стратегияси давлатнинг соҳани ривожлантиришга қаратилган йўналтирувчилик роли динамик хусусий сектор ютуқлари билан биргаликда мавжудлиги билан белгиланади. Хитой сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришда илмий тадқиқотлардан тортиб, технологиялар тижоратигача узайган босқични давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган «маҳаллий инновациялар» сиёсатини илгари суради.

Ҳукуматнинг сунъий интеллектни ривожлантириш сиёсати мазкур соҳа учун муҳим саналган тўрт элемент билан чамбарчас боғлиқ: hardware чиплари, сунъий интеллект алгоритмлари учун муҳим бўлган маълумот, алгоритмлар борасидаги фундаментал тадқиқотлар ва сунъий интеллект тижоратини қўллаб-қувватловчи экотизим.

Соҳа ривожида хусусий секторда фаолият юритаётган йирик технологик компанияларнинг ҳам муҳим роли бор. Aлбатта, бу компаниялар мамлакатда шаклланиб улгурган катта миқдордаги маълумотлар базаси ва сунъий интеллект учун янги бозорлар кашф қилиш, уларни тижоратлаштириш борасида давлатнинг қўллаб-қувватлови каби ўзига хос имтиёзларга ҳам эга.

2018 йилда Хитой ҳукумати Baidu, Alibaba, Tencent, iFlytek ва SenseTime каби технологик компанияларни расмий равишда мамлакатнинг «сунъий интеллект чемпионлари» деб эълон қилди. Бу имтиёз, албатта, мазкур компанияларга, агар улар ҳукуматнинг турли мақсадларига хизмат қилишга рози бўлса, хорижий рақобатчиларга нисбатан меъёрий муҳитда мослашувчанлик қобилиятини тақдим қилади.

Россия Федерацияси Президентининг 2019 йил 10 октябрдаги N 490 

«Россия Федерациясида сунъий интеллектни ривожлантириш тўғрисида» ги («Сунъий интеллектни ривожлантиришнинг 2030 йилгача миллий стратегияси») Фармонига мувофиқ сунъий интеллектни амалиётда кенг қўллаш амалга оширилмоқда. Мазкур ҳужжатга мувофиқ мамлакатда 2030 йилга келиб сунъий интеллект соҳасида қатъий қонун ҳужжатларига асосланган ҳуқуқий тартибга солиш тизими ўрнатилган бўлиши ҳамда мазкур ҳуқуқий тизим аҳолининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган шунингдек сунъий интеллект технологияларини ривожланишига таъсир қиладиган бўлиши керак.

Давлатнинг сунъий интеллект сиёсатини ишлаб чиқишда иштирок этиши, мамлакатдаги сиёсий тузилмани акс эттирувчи ўзига хос хусусиятларга эга. Хусусан сиёсий раҳбарлар томонидан сунъий интеллект стратегиясини ҳукумат органларига топшириш ўрнига, стратегияни шакллантириш, сунъий интеллект технологиясини ишлаб чиқиш ва шунга ўхшаш лойиҳаларни «Сбербанк», «Росатом» ва «Ростех» каби давлат корпорацияларига топширилган. Россия Федерацияси Ҳукумати олдига қўйилган вазифалар «Рақамли иқтисодиёт» миллий дастурининг «Рақамли давлат бошқаруви» йўналишида берилган бўлиб тадбиркорлар ва фуқаролар учун кўрсатиладиган 10 та давлат хизматининг 7 таси 2024 йилга қадар рақамли тарзда кўрсатилиши ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахслар ўртасидаги ҳужжат айланишининг 90 фоизи онлайн тарзда амалга оширилиши белгиланган.

Аҳолиси Ўзбекистондан икки баробарга кам (17 млн) Нидерландияда 352 та ДХМ мавжуд ва уларда 600 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилади.

Сунъий интеллект асосида краудфандинг смарт контрактлари тузиш ва уларни рўйхатдан ўтказиш амалга оширилади.

Юқоридаги таҳлиллар қуйидаги таклифлар илгари сурилмоқда:

1) давлат хизматлари кўрсатилишда сунъий интеллектдан фойдаланишнинг ягона талабларини, ахлоқ қоидаларини, хавфсизлик ва шаффофликни, жавобгарликни белгиловчи қонун ҳужжати лойиҳасини ишлаб чиқиш;

4) давлат хизматлари кўрсатилишида сунъий интеллектни қўллаш харажатлари баҳоланиб бюджет харажатларининг самарадорлиги аниқлаб борилишини жорий қилиш;

5) давлат хизматлари кўрсатилишида идоралараро маълумотлар алмашинуви тезкорлигини таъминлаш, ҳужжатларнинг идоралараро келишиш, хабардор қилиниши ҳамда қабул қилиб олинган ҳужжатни юбориш жараёнини талаб этадиган давлат хизматлари турларини автоматлаштириш мақсадида сунъий интеллект имкониятларини жорий этиш ҳамда давлат хизматлари мобил иловасида электрон смарт навбатлар, хизматлар миқдори ва самарадорлигини аниқловчи махсус дастурлар, чатботлар, рақамли ассистентлар, давлат хизматлари виртуал агентлари фаолиятини ҳуқуқий тартибга солинишини жорий этиш;

Хулоса қилиб айтганда давлат бошқарувида ҳамда давлат хизматлари кўрсатилишида сунъий интеллектни жорий қилинишини жадаллаштириш сунъий интеллектга тайёрлик индексида (Government Artificial Intelligence Readiness Index) республика позициясини яхшилаш имконини беради.

Дилдора Анварова,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими