Жорий йилнинг 5 октябрь куни Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан “Фирибгарлик ва кибержиноятлар содир этилишининг олдини олишдаги ҳуқуқий муаммолар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди. Мазкур тадбир гибрид (онлайн ва офлайн) шаклда ўтказилди.

Конференцияда таниқли мутахассислар ҳамда хорижий экспертлар, хусусан Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ички ишлар вазирлиги ҳамда бошқа идоралар вакиллари, амалиётчи ҳуқуқшунослар, шунингдек, АҚШ элчихонаси, “Минтақавий мулоқат” халқаро нодавлат нотижорат ташкилотининг вакиллари иштирок этдилар.

Конференция давомида, фирибгарликка қарши курашишда жиноий-ҳуқуқий ва криминологик чоралар: назария ва амалиёт, фирибгарлик жиноятлари бўйича жиноий ишларни кўриб чиқиш, кибержиноятларни тергов қилиш бўйича ҳамда кибержиноятларга қарши кураш соҳасида ривожланган мамлакатлар, жумладан, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ҳамда АҚШ тажрибаси қиёсий-ҳуқуқий таҳлил қилинди.

Шунингдек, конференция якунлари юзасидан “Фирибгарлик ва кибержиноятлар содир этилишининг олдини олишдаги ҳуқуқий муаммолар” номли халқаро конференция тўплами чоп этилиши режалаштирилган.