Кейинги йилларда Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирчанлигини ошириш, уларнинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг меҳнатини ҳар томонлама рағбатлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Бу борада мавжуд меъёрий-ҳуқуқий базани кучайтириш мақсадида кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилингани, халқаро мезонларга мос ҳуқуқий асослар яратилгани ҳамда умуман медиа соҳаси ва давлат органлари ахборот хизматлари тизими тубдан янгиланганини таъкидлаш лозим.

Мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказишда барча жараёнлар инсон омилисиз, электрон шаклда амалга оширилаётгани бу йўлдаги яна бир муҳим қадам бўлганини қайд этиш зарур.

Айни вақтда нодавлат электрон оммавий ахборот воситалари, газета ва журналлар, нашриёт ва босмахоналар сони кўпайиб бораётгани эътиборга лойиқ. Мавжуд маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда Ўзбекистонда 700 дан ортиқ давлатга қарашли ва 1200 дан ортиқ хусусий оммавий ахборот воситалари фаолият юритмоқда. Уларнинг 33,7 фоизи Интернет нашрлари – веб-сайтлар сифатида рўйхатдан ўтган.

Давлат идораларининг жамоатчилик билан алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Жумладан, ҳокимият ва бошқарув органлари томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши юзасидан доимий равишда матбуот анжумани ва брифинглар, очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда. Агар 2019 йилда давлат ва нодавлат ташкилотлардаги ахборот хизматларининг манбалари – расмий веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлардаги каналлар 559 тани ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу рақам 2410 тага етган.

Оммавий ахборот воситаларидаги танқидий чиқишларга вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг ахборот хизматлари орқали тезкор муносабатлар билдириш амалиёти шаклланмоқда. Бунинг тасдиғини давлат идоралари томонидан танқидий материалларга муносабат билдириш кўрсаткичи 2018 йилда 12 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирги вақтда уларннинг бирортаси эътиборсиз қолмаслигига ҳаракат қилинмоқда.

Ўзбекистон Президентининг шу йил июнь ойида қабул қилинган “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга қаратилган.

Маълумки, сайлов кампанияларини ёритиш барча давлатлар учун ҳам муҳим бўлган сиёсий жараён бўлиб, у жамиятда демократик тамойиллари ривожланиши учун муҳим аҳамият касб этади. Оммавий ахборот воситаларининг сайлов жараёнидаги иштироки ҳам сўз эркинлиги даражасидан хабар берадиган муҳим кўрсаткич ҳисобланади. Марказий сайлов комиссиясининг маълумотига кўра, президентлик сайловлари жараёнини бевосита расмий мақомда ёритиш учун жорий йил 7 октябрь ҳолатига бир ярим мингдан ортиқ оммавий ахборот воситалари рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 150 дан ортиғини хорижий оммавий ахборот воситалари ва хорижий журналистлар ташкил этади. Марказий сайлов комиссияси жуда кўп оммавий ахборот воситалари, жумладан хусусий матбуот воситалари ва интернет нашрлар билан сайлов жараёнини ёритиш юзасидан икки томонлама меморандумлар имзолади. Бу – мамлакатимиз миллий сайлов тизими тарихида илгари кузатилмаган бир ҳолат экаанлиги хорижий экспертлар томонидан ҳам таъкидланмоқда. Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтиш лозимки, Марказий сайлов комиссиясида рўйхатдан ўтмаганлик бошқа оммавий ахборот воситаларининг ҳам сайлов билан боғлиқ мавзуларни ёритиш ҳуқуқини чекламайди, балки уларга сайлов жараёни билан боғлиқ расмий хабарларни олиш билан бирга, уларнинг ўзлари ҳам бевосита бу жараёнда иштирок этиш имкониятини яратади.

2021 йил сентябрь ойида Тошкентда АҚШнинг Глобал Медиа агентлиги томонидан журналистлар учун ўтказилган семинар-тренингда АҚШнинг мамлакатимиздаги элчиси Даниэл Розенблум иштирок этган эди. Хусусан, Д. Розенблум Ўзбекистондаги сўз эркинлигини қандай баҳолаши ҳақидаги саволларга жавоб берар экан, “бугунги кундаги сўз эркинлиги даражаси, одамларнинг ўз фикрини эркин билдира олиши, бу ҳақда ёза олиши 5-6 йил олдингисига қараганда анча яхши, дея оламан” деб таъкидлаган эди.

Бироқ бундай ўзгаришларга ҳар доим ва ҳар ким томонидан ҳам тўғри баҳо берилмаётгани кузатилмоқда. Айрим ҳолларда журналистлар фуқароларнинг шаънига тегувчи, ҳақорат ва ёлғон ахборотларни тарқатгани учун, блогерлар эса ўз саҳифаларида эълон қилинган учинчи шахсларнинг материаллари ва шарҳлари учун жаримага тортилиши эҳтимоли журналистларнинг ўзини ўзи цензура қилишга олиб келиши мумкинлиги ҳамда бу нарса сўз эркинлиги бўйича халқаро мезонларга зид деб таъкидланмоқда.

Аслида ҳам шундайми?

Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида” қонунига 2021 йили киритилган ўзгартиришларга (хусусан, мазкур қонуннинг 121-моддаси) асосан, веб-сайт, веб-сайт саҳифаси ёки бошқа ахборот ресурсининг эгаси, шу жумладан блогерларга нисбатан кўпчиликнинг эътиборига ҳавола қилинадиган ахборотларни тарқатиш борасида айрим талаблар ўрнатилган. Масалан, бундай шахслар ўз веб-сайтига ва саҳифасига ёки бошқа ахборот ресурсига тегишли ахборотни жойлаштиришдан олдин унинг тўғрилигини текшириши, эълон қилинган ахборотнинг нотўғрилиги ёки унинг тарқатилиши қонунчилик билан таъқиқлангани аниқланган тақдирда, уни дарҳол ўчириб ташлаши керак.

Агар бундай талаблар халқаро мезонларга зид деб ҳисобланса, ижтимоий тармоқлар ёки интернет нашрларда эълон қилинган материалларга ёзиб қолдирилган изоҳлар учун ким жавобгар бўлади? Қуйида айрим давлатлар қонунчилигида белгилаб қўйилган тартиб-тамойиллар ҳақида сўз юритамиз.

Германия қонунчилигида бу масала “Ахборот ва коммуникация хизматлари тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади. Унга кўра, интернет фойдаланувчилари таркибий хизмат кўрсатувчи провайдерлар, кириш хизматларини кўрсатувчи провайдерлар ҳамда саҳифа эгаси бўлган фойдаланувчиларга ажратилади. Шундан келиб чиқиб, уларнинг жавобгарлик масаласи ҳам турлича белгиланган. Бунда таркибий хизмат кўрсатувчи провайдер фақат ўзи киритган маълумотлар учунгина жавобгар, кириш хизматларини кўрсатувчи провайдерлар эса ундан-да камроқ жавобгарликка эга. Улар орасида саҳифа эгаларига кўпроқ жавобгарлик белгиланган.

Франциянинг “Алоқа эркинлиги тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, интернет фойдаланувчилари ўз саҳифаларида эълон қилинган бошқа шахсларнинг тақиқланган изоҳлари, материалларини суд ёки манфаатдор учинчи шахсларнинг талаби билан дарҳол ўчириши лозимлиги белгиланган.

Жанубий Корея қонунчилигида ёлғон ахборот натижасида зарар етказган ёки зарар етказилишига сабаб бўлган ҳар бир шахснинг жавобгарлиги белгиланган. Қолаверса, Корея Фуқаролик кодексида “биргаликдаги жавобгарлик” тушунчаси мавжуд. Судлар мазкур нормалар асосида интернет фойдаланувчиларнинг ўз саҳифаларидаги учинчи шахслар томонидан қилинган туҳмат ва бошқа ёлғон ахборотларни оқилона муддатда ўчириб юбориши кераклиги, акс ҳолда жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлигини уқтиради.

Швецияда 1998 йилда “Электрон ахборот доскалари учун жавобгарлик тўғрисида”ги қонун қабул қилинган бўлиб, ушбу қонун билан интернет саҳифалари эгаларига ноқонуний ёки муаллифлик ҳуқуқини бузувчи маълумотларни зудлик билан олиб ташлаш мажбурияти юкланди. Табиийки, мазкур мажбурият саҳифа эгаларининг ўз аъзолари фаолиятини доимий кузатиб боришини тақозо этади.

Канаданинг “Туҳмат тўғрисида”ги қонунига биноан, учинчи шахс томонидан қилинган туҳмат саҳифа эгаси эълон қилган постнинг яққол натижасида келиб чиқса, саҳифа эгаси улар учун жавобгар ҳисобланади.

Хориж тажрибасидан англашиладики, кўплаб ривожланган давлатлар қонунчилигида учинчи шахслар томонидан қолдирилган қонунга зид изоҳлар учун у ёки бу даражада саҳифанинг эгасига нисбатан жавобгарлик белгиланган.

Бир нарса ҳаммага аёнки, сўз эркинлиги билан бирга жамиятимизга ахборот соҳасидаги ёлғон, ошкора туҳмат, чалғитувчи ва ғаразли маълумотлар оқими кириб келди. Деярли ҳар куни кимдир бундай салбий ҳолатлардан жабр кўрмоқда, бунга мисолар жуда кўп. Масалан, вақтида ижтимоий тармоқлардаги айрим ҳақоратли материаллар ва қўйилган изоҳлардаги таҳдидлар сабабли, таниқли халқ артисти “Инжил”ни ўзбек тилида овозлаштириш жараёнида иштирок этишдан бош тортганини билдирган. Яна бир таниқли халқ артисти ёшларнинг ташқи кўриниши ҳақида ўз фикрини билдиргани сабабли ижтимоий тармоқлардаги турли гуруҳлар томонидан ахборот хужумига учраган. Бундай “ахборот уруши” усуллари ҳатто журналистларнинг ўзларига қарши ҳам қўлланаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Қолаверса, бугунги кунда ахборот маконида айрим хориждан туриб бошқарилдиган ахборот манбалари ҳам мавжуд бўлиб, уларнниг асосий мақсади нафақат Ўзбекистонда, балки минтақамиздаги барча давлатларда миллий ва диний асосда низоларни, фуқаролар ва давлат органлари ўртасида келишмовчиликларни келтириб чиқаришга қаратилгани ҳеч кимга сир эмас. Агар кимдир бу фикрларга шубҳа билан қараса, масалан, Марказий Осиёда кечаётган жараёнларни ёритишга ихтисослашган centrasia.org интернет нашри орқали тарқатилаётган материаллар ва уларнинг остида “ўқувчилар” томонидан қолдирилаётган фикр-мулоҳазалар билан шунчаки юзаки танишиб чиқишнинг ўзи етарли деб ўйлаймиз.

Аслида, бундай ахборот ресурсларига мамлакатимиз ахборот маконида таъқиқ қўйилмагани афсусланарли ҳолдир. Бу нарса ҳам Ўзбекистоннинг матбуот соҳасидаги қонунчилиги нисбатан эркин эканига бир мисол бўлиши мумкин.

Интернет нашрлари, ижтимоий саҳифалар эгалари ва блогерларнинг фойдаланувчилар шарҳларига нисбатан ҳушёрлиги фақат жавобгарликдан қўрқиш эмас, балки жамият олдидаги бурч сифатида баҳоланиши мақсадга мувофиқдир.

Анвар Эминов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ходими