БМТ Инсон ҳуқуқлари комиссиясининг эътирофи бўйича, сўз эркинлиги – инсон ривожланишининг ажралмас омили. Инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, манфаатлари ҳақида сўз юритадиган бўлсак, унга сўз ва матбуот эркинлигисиз эришиб бўлмайди. Сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги – демократиянинг қон айланиш тизимидир, усиз бу тушунчалар фаолият кўрсата олмайди.

Мамлакатимизда сўз эркинлигини, фикрлар хилма-хиллигини, одамлар ўз қарашларини очиқ-ошкора ифода этишини амалда таъминлаш учун барча шарт-шароит яратилган. Мамлакатимизда минглаб оммавий ахборот воситалари, жумладан кўплаб хусусий турли матбуот воситалари эркин фаолият юритаётгани ҳамда изчил ривожланиб бораётгани бунинг яққол тасдиғидир. Улар фикрлар ва қарашларнинг муҳим жиҳатларини ўзида мужассам этган бўлиб, ҳар бирида мамлакатда кечаётган жараёнларга ўз муносабати ҳамда нуқтаи назари мавжуд.

Биласизми!

Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 121-моддага кўра, веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг ёхуд бошқа ахборот ресурсининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан ёхуд бошқа ахборот ресурсидан:

Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш;

оммавий тартибсизликларга, фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга, шунингдек белгиланган тартибни бузган ҳолда ўтказиладиган йиғилишлар, митингларда, кўча юришларида ва намойишларда иштирок этишга даъват қилиш, шунингдек мазкур ноқонуний ҳаракатларни мувофиқлаштириш;

жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборот тарқатиш;

уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш;

давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ошкор этиш;

миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиш;

жамиятга, давлатга, давлат рамзларига ҳурматсизликни намоён этувчи, шу жумладан беодоблик билан ифодаланган ахборотни тарқатиш;

гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ва прекурсорларни тарғиб қилиш;

порнографияни, зўравонликни ва шафқатсизликни тарғиб қилиш, шунингдек ўз жонига қасд қилишга даъват этиш;

фуқароларни, шу жумладан вояга етмаган шахсларни уларнинг ҳаётига ва (ёки) соғлиғига ёхуд ўзга шахсларнинг ҳаётига ва (ёки) соғлиғига таҳдид солувчи ғайриҳуқуқий ҳаракатларни содир этишга ундашга ёки бошқа тарзда жалб қилишга қаратилган ахборотни тарқатиш;

қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган ўзга ҳаракатларни содир этиш мақсадларида фойдаланилишига йўл қўймаслиги шарт.

Веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг ёхуд бошқа ахборот ресурсининг эгаси, шу жумладан блогер:

ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ёхуд бошқа ахборот ресурсига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштирилгунига қадар унинг тўғрилигини текшириши, шунингдек жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилиги аниқланган тақдирда, уни дарҳол ўчириб ташлаши;

ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайти ва (ёки) веб-сайт саҳифалари ёхуд бошқа ахборот ресурсининг, шу жумладан тезкор хабарлар алмашиш тизимларининг мониторингини ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ахборот ва материалларни аниқлаш мақсадида амалга ошириши;

ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ахборот аниқланган тақдирда, дарҳол мазкур ахборотни ўчириб ташлаш чораларини кўриши шарт.

Равшан Нурматов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ходими