Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни кузатишда хорижий кузатувчиларнинг иштироки бир томондан, сайловларга тайёргарлик кўриш
ва уларни ўтказиш жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминласа, иккинчи томондан сайлов жараёнида йўл қўйиладиган камчиликларни олдини олишда муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади.

Сайловларда халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг кузатувчиларининг иштироки миллий қонун ҳужжатлари ва халқаро стандартларга мувофиқ ташкил этилади. Хусусан, Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 19 сентябрдаги 938-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисидаги низом тасдиқланган. Мазкур Низом Сайлов кодексининг 8 ва 33-моддалари, шунингдек, сайловларни ташкил этиш
ва ўтказиш борасидаги халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидаларига мувофиқ, ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар фаолияти тартибини белгилайди.

Марказий сайлов комиссияси жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг очиқлиги
ва шаффофлигини таъминлашда кузатувчиларнинг, жумладан хорижий мамлакатлар вакиллари ва халқаро ташкилотлар кузатувчилари миссияларининг иштироки муҳим аҳамият касб этишини инобатга олиб, нуфузли халқаро ташкилотлар ва чет мамлакатлардан кузатувчилар, хусусан, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва Парламент Ассамблеяси раҳбарияти номига расмий таклифномалар юборган. Марказий сайлов комиссиясининг таклифига кўра, Оуэном Мерфи бошчилигида ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг сайловларни кузатиш миссияси мамлакатимизда мониторинг ишларини олиб бормоқда.

Ушбу делегация фаолияти доирасида 2021 йил 5 октябрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида унинг вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда халқаро кузатувчилар томонидан сайловлар очиқ
ва шаффоф ўтаётгани ва тарғибот ишлари жараёнида замонавий сайлов технологияларининг қўлланилаётганлиги қайд этилди.

Умуман, бундай кузатувчиларнинг юртимизга таклиф этилиши, Ўзбекистоннинг умумқабул қилинган демократик тамойилларга содиқлигини яна бир бор исботлайди.

Назарали Норбоев,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ходими