Амалдаги қонунчилик нормаларига кўра сайлов жараёнларида кузатувчилар қатнашишига рухсат этилади. Бундан кўзланган асосий мақсад сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда,
шу жумладан сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдан иборат.

Сайлов кодексининг 43-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод ўн беш нафарга қадар ишончли вакилга эга бўлишга ҳақли.

Ишончли вакиллар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради, сайлаш учун ташвиқот олиб боради, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодалайди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 11 сентябрдаги 936-сон қарори билан тасдиқланган Номзодларнинг ишончли вакиллари тўғрисидаги низомга кўра ишончли вакил:

номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради;

номзод сайланиши учун ташвиқот олиб боради;

давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодалайди.

Ишончли вакил бошқа номзод ёки унинг ишончли вакили билан биргаликда сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга ёхуд бошқа номзод томонидан ташкил этилган сайловчилар билан учрашувларда иштирок этишга ҳақли.

Бунинг қўлай томони шундаки ишончли вакил номзоднинг сайловолди дастурининг ҳар бир бандининг аҳамиятини, фуқароларимизни кўп қизиқтирадиган саволларни масалан, янги иш ўринларини яратиш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорлик учун шароитларни яхшилаш, тиббиёт, таълим, мактабгача таълим тизимида киритилиши кўзда тутилган ўзгаришлар ҳақида ва уларнинг эртамиз эгаларининг келажагига таъсири каби масалаларда батафсилроқ маълумот бериши мумкин. Бундан ташқари учрашув иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан ишончли вакилдан жавоб олиши мумкин бўлади.

Назарали Норбоев,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги  
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ходими