Мамлакатимизда сайлов жараёнини янада такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳисобланади.

Бугунги кунда юртимизда кечаётган муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампаниясининг барча босқичларига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, сайловларда ўз номзодаларини қўйган сиёсий партиялар, ишончли вакиллар ташвиқотларини онлайн транслациясини йўлга қўйиш орқали жараёнлар очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда кузатувчиларнинг сайлов компанияси фаолиятини мониторинг қилиш аҳолининг сайловга доир ҳуқуқий билимини янада кучайтириш, юртдошларимиз, хусусан, ёшларнинг электорал маданиятини янада оширишга муҳим аҳамият касб этади.

Биласизми!

Савол[1]: Фуқаролар ёки блогерлар овоз бериш жараёнини тасвирга олиши, ижтимоий тармоқларда онлайн трансляция қилиши мумкинми?

Жавоб: Сайлов жараёнини кузатиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат (мандат)га эга бўлган шахслар ва аккредитациядан ўтган оммавий ахборот воситалари вакиллари овоз беришнинг яширинлигини бузмасдан фото, видео, аудио ёзувларни амалга оширишлари мумкин. Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойлари, ҳарбий қисмлар, даволаш муассасалари бундан мустасно ҳисобланади.

Маҳаллий ва хорижий жамоатчилик, шу жумладан, сайловчиларни сайлов комиссиялари ва бошқа ташкилотчилари томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида кенг хабардор этиш мақсадида Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази фаолияти йўлга қўйилди,  “saylov.uz” янги сайти, “saylov-2021” веб-портали, “saylov-2021” мобиль иловаси, “Сайлов-2021 хабарлари” номли ахборот-таҳлилий кўрсатуви ишга туширилди. Шунингдек 45 та маҳаллий ОАВ, жумладан, телерадиокомпаниялар, босма ва интернет нашрларнинг 859 нафар вакили рўйхатга олинди. Бундан ташқари, Озарбайжоннинг “АзерТаж” агентлиги, Буюк Британиянинг “BBC”, “Sky News” телерадиокомпаниялари, “Reuters” агентлиги, “The Economist” журнали, Эроннинг “IRIB” телерадиокомпанияси, “Fars news” агентлиги, Қозоғистоннинг “Казинформ”, “Хабар” агентликлари, “Курсив” газетаси, Хитойнинг “Синьхуа” агентлиги, Россиянинг ВГТРК, “Новый век” телерадиокомпаниялари, “Интерфакс”, “Россия сегодня”, “Sputnik”, “ТАСС” ахборот агентликлари каби 29 та хорижий ОАВнинг 48 нафар журналисти аккредитациядан ўтказилган.

Шунингдек сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш ҳамда сайлов қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини сайловчиларга етказиш, миллий сайлов тизимининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш шунингдек сайловолди ташвиқотини кузатиш механизмларини такомиллаштириш мақсадида телевидение, радио, интернет нашрлари ва бошқа оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш хусусан жонли эфир ва онлайн транслация орқали ташвиқот ишларини олиб бориш мақсадга мувофиқдир.


Дилдора Анварова,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ходими