Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ва Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.

Меморандумга Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директор вазифасини бажарувчи Абдулазиз Расулев ва Тошкент давлат юридик университети ректори вазифасини вақтинча бажарувчи Исломбек Рустамбековлар имзо чекишди.

Мазкур ҳужжат томонлар ўртасида илм-фан, таълим, илмий-тадқиқот соҳаларда билим ва тажриба алмашиш, ўқув жараёнини ташкил этиш, илмий лойиҳаларни амалга ошириш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг узвий боғлиқлигини таъминлаш, ахборот алмашиш соҳаларидаги мавжуд ҳамкорликни янги сифат босқичига кўтаришга қаратилган.

Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланган:

  • Томонлар ходимларини халқаро ва миллий лойиҳаларда иштирок этишга жалб этиш, шунингдек турли илмий дастурларда биргаликда иштирок этиш;
  • ТДЮУнинг бакалавриат ва магистратура талабалари, мустақил изланувчиларини ҲСТИда амалиёт ўташларини ташкил этиш;
  • илмий-технологик муаммоларни тадқиқ қилишга қаратилган инновацион, амалий ва фундаментал тадқиқот лойиҳаларида иштирок этиш;
  • олиб борилаётган илмий тадқиқотлар бўйича илмий нашрлар ва материаллар алмашинувига кўмаклашиш;
  • қонун ҳужжатлари ва уларнинг лойиҳалари юзасидан биргаликда таклифлар тайёрлаш;
  • илмий тадбирларни (илмий-амалий конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқалар) ташкил этиш ва биргаликда иштирок этиш;
  • илмий ишланмалар, битирув малакавий ишлар, магистрлик ва докторлик диссертацияларига тақризлар бериш ёки хулосаларни тайёрлашда иштирок этиш;
  • илмий фаолият борасида амалиётда вужудга келаётган муаммолар бўйича ижтимоий сўровлар ўтказиш, уларни таҳлил қилиш ҳамда натижаси юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
  • томонлар тайёрлаган илмий мақолаларини ТДЮУда чиқариладиган журналлар саҳифаларида мунтазам нашр этиб бориш ва томонларнинг ахборот-ресурс маркази ва кутубхоналаридан фойдаланиш учун имкониятлар яратиш;
  • томонлар ўртасида фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари билан алоқаларини мустаҳкамлаш, жамоатчиликка ахборот тақдим этиш;
  • долзарб ҳуқуқий муаммога эга бўлган илмий-тадқиқот мавзулари базасини шакллантириш ва улар бўйича комплекс илмий-тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш ҳамда ушбу соҳадаги халқаро тажрибани ўрганиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

Келишувга кўра, ҳамкорлик ҳар икки ташкилот ҳамда уларнинг алоҳида таркибий бўлинмалари ўртасида амалга оширилиши мумкин. Эндиликда Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтининг бўлимлари ўз фаолият йўналишларидан келиб чиқиб, Тошкент давлат юридик университетининг тегишли кафедралари билан яқин ҳамкорликни олиб боришлари мумкин.

Шу мақсадларда биргаликда бажариладиган қўшма лойиҳалар ва чора-тадбирлар режалари ишлаб чиқилади.

Томонлар ўзаро келишув асосида муайян лойиҳалар, тадқиқотлар ва ҳамкорликни амалга оширишнинг бошқа шакллари бўйича алоҳида шартнома ва битимлар тузишлари мумкин.

Мазкур ҳамкорлик юқори малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш ва ҳуқуқий тадқиқотлар сифатини янада ўсишига хизмат қилиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳатлар жараёнига ўз ҳисса қўшади.