Хабарингиз бор, бир неча кун муқаддам “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳада асосий қонуннинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритиш ҳамда 16 та нормани ўз ичига олган 6 та янги модда (прим-моддалар) қўшиш таклиф этилмоқда. Лойиҳа жамотчилик томонидан муҳокамаси 25 июнь – 5  июль кунлари муҳокама қилиниши учун “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари ҳамда “Менинг конституциям” порталига жойлаштирилди. Қайд этиб ўтиш керакки, фуқаролар томонидан Конституциявий комиссияга жами 62 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган.

Давлат раҳбарининг 20 июндаги маърузаси ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси эълон қилингач, ижтимоий тармоқлар орқали муҳокамалар янада кучайди. Қизғин муҳокамаларга сабаб бўлаётган мазулардан бири бу – Конституциянинг 24-моддасига “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади”, деган қоида киритилаётганлиги бўлди.

Кимдир “бу шундоқ ҳам жиноят қонунчилигидан чиқариб ташланган жазо тури, у амалда мавжуд эмас, бинобарин, уни Конституцияга киритишнинг кераги ҳам йўқ” деса, тармоқнинг бошқа фойдаланувчилари “ўлим жазосини Конституцияда тақиқлашга шошилмаслик керак. Ўша “инсонпарвар” Ғарб давлатларида ҳам ўлим жазоси амалда кам қўлланилса-да ҳали ҳам бекор қилингани йўқ. Ўлим жазосининг асосий мақсади бу яшаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш эмас, балки қўрқитиш, тийиб туриш, оғир жиноятларни олдини олишда кўринади. Бу жазо турида жамиятпарварлик, мазлумга адолат бор, аслида”, дея ўлим жазосининг тикланишига симпатиясини билдирмоқда.

Хўш, давлатлардаги ўлим жазоси ва жиноятчиликнинг паст даражаси ўзаро боғлиқми?

Америка эркин фуқаролари иттифоқи ташқилотининг маълум қилишича, жиноятчиликнинг олдини олишда ўлим жазоси узоқ муддатли қамоқ жазосига қараганда самаралироқ эканлигини илмий исботловчи таҳлиллар мавжуд эмас. АҚШнинг ўлим жазоси амалда бўлган штатларида бундай қонунлар мавжуд бўлмаган штатларга қараганда жиноятчилик даражаси паст эмас. Шунингдек, ўлим жазоси бекор қилган штатларда жиноят ёки қотиллик даражасида сезиларли ўзгаришлар кузатилмаган. Расмий статистикага мурожаат қиладиган бўлсак, 2022 йилда дунё давлатларидаги жиноятчилик даражалари кўрсаткичида АҚШ ўз қонунчилигида ўлим жазосини сақлаб қолганлиги ҳамда 2021 йилда 11 кишининг қатл қилинганлигига қарамасдан, ўлим жазоси 2000 йилдаёқ бекор қилинган Украинага қараганда ёмонроқ кўрсаткични қайд этган.

Ўлим жазоси тақиқланган Грузия, Арманистон ва Словения давлатлари жиноятчилик кўрсаткичлари бўйича ўлим жазоси амалда мавжуд бўлган Хитой ва Қувайтдан кўра анча яхши натижаларга эришган.

Юқоридагилардан англашиладики, ўлим жазосининг жорий этилиши жиноятчиликнинг камайишига жиддий таъсир кўрсатмайди.

Халқаро Амнистия ташкилоти (Amnesty International)нинг 2022 йил биринчи ярмигача бўлган статистикасига кўра, дунёдаги 93 та давлат қонунчилигида ўлим жазоси расман сақланиб турибди. Шулардан 56 та давлатда ўлим жазоси қўлланиляётган бўлса, 29 та давлат қонунчилигида ўлим жазоси белгиланган, бироқ охирги 10 йил ичида бир марта ҳам бу жазо тайинланмаган. 8 та давлатда эса ўлим жазоси фақат терроризм ва уруш жиноятчиларига нисбатан қўлланилиши белгиланган.

Шунингдек, ушбу ташкилотнинг 2020 йил якунлари бўйича ҳисоботига кўра, 54 мамлакатда судлар томонидан 1

477 та ўлим жазосини назарда тутувчи ҳукмлар чиқарилган.

Дунёдаги қайси давлатлар конституцияларида ўлим жазосининг тақиқланганлиги ҳақидаги қоидалар мавжуд?

Дунёдаги 38 та давлат конституциясида ўлим жазоси бекор қилинганлиги (тақиқланганлиги, ҳеч кимга қўлланилмаслиги) тўғрисидаги қоидалар акс этган.

Ушбу давлатлар рўйхатига назар ташласак Германия, Финляндия, Австрия, Хорватия, Чехия, Люкембург, Нидерландия, Словакия, Словения, Швеция, Португалия, Руминия каби Европа давлатларидан ташқари Лотин Америкаси ва Африка мамлакатлари ҳам бор эканлигини кўришимиз мумкин.

Хусусан, Хорватия конституциясининг 21-моддасида “ҳар бир инсон яшаш ҳуқуқига эга. Хорватия Республикасида ўлим жазоси бўлмайди” деб, Австрия конституциясининг 85-моддаси ва Германия конституциясининг 102-моддасида “ўлим жазоси бекор қилинади” тарзида, Словения конституциясининг 17-моддасида “инсон ҳаёти дахлсиздир. Словенияда ўлим жазоси бўлмайди”дея, Руминия конституциясининг 22-моддасида “ўлим жазоси тақиқланган” тарзида, Финляндия конституциясининг олтинчи бўлимида “ҳар бир инсон яшаш ва шахсий эркинлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким ўлимга, қийноқларга ёки қадр-қимматни камситувчи бошқа жазога ҳукм қилиниши мумкин эмас” дея мустаҳкамлаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикасининг 1994 йилги Жиноят кодексида ўлим жазоси тайинланишини назарда тутувчи моддалар сони 13 та бўлиб, 1998 йилда 8 тага, 2001 йилда эса 4 тагача камайтирилган. 2003 йилда жиноят қонунчилигини либераллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилгандан сўнг, фақат икки турдаги жиноят – жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш ва терроризм жиноятларини содир этганлик учун ўлим жазоси назарда тутилган эди.

2005 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида”ги Президент Фармонига асосан 2008 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда ўлим жазоси бутунлай бекор қилинди. Аммо буларнинг барчаси Конституцияда эмас, балки фақат жиноят қонунчилигида ўз аксини топган. Ўлим жазосини тақиқлаш тўғрисидаги норманинг конституциявий даражада белгиланиши инсон ҳаёти ажралмас ҳуқуқ эканлигини, ҳатто давлат ҳам инсонни ҳаётдан маҳрум этишга ҳақли эмаслигини кафолатлайди.

Агар “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ўзгаришсиз қабул қилинса Ўзбекистон ўлим жазосини бекор қилган ва буни ўз конституциясида тўғридан-тўғри акс эттирган 39-давлат бўлади.

Конституцияга “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади” деган қоиданинг киритилиши келажакда ушбу жазони қайта тиклаш (жиноят кодексига жазо тури сифатида киритиш)га бўлган ҳар қандай уринишга ишончли тўсиқ бўлиб хизмат қилади.

Бектурсун Муродқосимов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими