ШҲТ турли маданий қарашларга, ўз ташқи сиёсат кўрсатмаларига ва миллий ривожланиш моделларига эга мамлакатларни бирлаштиришга муваффақ бўлган ноёб давлатлараро тузилма ҳисобланади.

Ўтган давр мобайнида Ташкилот узоқ йўлни босиб ўтиб, замонавий глобал сиёсий ва иқтисодий дунё тартибининг ажралмас элементига айланди. Мазкур платформа иштирокчи давлатларнинг турли соҳалардаги манфаатларини бирлаштиришда ўзини намоён қилди. Жумладан, фан ва таълим соҳасида ҳам. ШҲТ Хартиясининг 3-моддасида фан ва техника, таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш Ташкилот доирасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сифатида кўрсатилган. Бинобарин, таълим ва фан иштирокчи давлатлар ўртасидаги мулоқотнинг муҳим бўғинидир.  

2015 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида битим имзоланди. Унда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишда илмий-техник ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Хусусан, ҳаёт фанлари, қишлоқ хўжалиги фанлари, наносистемалар ва материаллар, ахборот ва телекоммуникация технологиялари, энергия ва энергияни тежаш, ер фанлари ва бошқа йўналишларда ҳамкорлик қилиш белгиланган. Ушбу мақсад ШҲТнинг 2025 йилгача ривожланиш стратегиясида ҳам қайд этилган. Унда таъкидланишича, аъзо давлатлар фан-техника, таълим соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш, жамоат бирлашмалари ва фуқаролар ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга интилади.  

Аъзо давлатлар таълим, илмий ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги алоқаларни икки ва кўп томонлама форматда изчил кенгайтириб, томонларни қизиқтирган қўшма илмий дастур ва лойиҳаларни амалга оширади. Фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик учун ШҲТ инсон капиталидан, хусусан, ёшлар ташаббусларидан фойдаланишни мақсад қилган. 2009 йилда Ташкилотнинг Ёшлар кенгаши фаолияти йўлга қўйилган. Аъзо давлатлар ёшлари вакиллари ўртасида турли соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш мазкур кенгашнинг асосий мақсади ҳисобланади. Ёшлар кенгаши томонидан бир қатор илмий-маърифий тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон раислиги даврида, жорий йилнинг август ойида “ШҲТ ёзи” ёшлар фестивали бўлиб ўтди. 2022 йил 1 июнь куни гибрид форматда биринчи “ШҲТ ёшлар илмий-техник ва инновацион форуми – 2022” ўтказилди.  

Форум доирасида инновацион иқтисодиётда ҳамкорликни такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришнинг муҳим масалалари муҳокама қилинди. Ташкилот таркибидаги ШҲТ университети фаолиятини ҳам алоҳида қайд этиш лозим. 2008 йилда ушбу университетни яратиш ва фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Концепция, 2017 йилда ШҲТ университетини ташкил этиш ва унинг фаолияти тўғрисидаги битим имзоланди. Бугунги кунда университет аъзо давлатларнинг бир нечта асосий университетларини етти мутахассислик бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган келишилган ўқув дастури билан бирлаштиради.  

ШҲТ университети таркибига ташкилотга аъзо давлатлардан 74 та олий таълим муассасаси киради. Умуман олганда, таълим ва илм-фан тараққиётнинг асоси эканини таъкидлаш лозим, шу боис ШҲТ фаолиятида ушбу йўналишдаги ҳамкорлик масалалари устувор йўналишлардан бири экани бежиз эмас.  


Абдулазиз Расулев,  
Адлия вазирлиги ҳузуридаги 
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори ўринбосари, 
юридик фанлари доктори, профессор