Бугунги кунда оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан, жисмоний, маънавий ёки мулкий зарар етказиш натижасида содир этилган ҳуқуқбузарликлар туфайли жабр кўрган шахсларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларга ижтимоий реабилитацион чора-тадбирларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Бироқ ижтимоий реабилитация тизимида айрим муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда. Хусусан, ижтимоий реабилитация тизимини ҳуқуқий тартибга солувчи ягона қонун ҳужжати ишлаб чиқилмаган. Ижтимоий реабилитацияни тартибга солувчи мавжуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижтимоий реабилитациянинг маълум кўринишларини қамраб олиб, шу муносабатнинг ўзини тартибга солишга қаратилган. Яъни зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларни, ногиронлиги бўлган шахсларни, террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган шахсларни ҳамда озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларни реабилитация қилиш тартиби алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган.

Ижтимоий реабилитацияга оид ягона қонун ҳужжатининг мавжуд эмаслиги мазкур соҳа фаолиятини такомиллаштиришда, соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилашда, ижтимоий реабилитация механизмларини ишлаб чиқишда, ижтимоий реабилитацияга оид давлат дастурларни амалга оширишда турли ёндашувларни келтириб чиқармоқда.

Хусусан, бугунга қадар ижтимоий реабилитацияни амалга ошириш доираси аниқ белгилаб олинмаган. Натижада ижтимоий реабилитацияга муҳтож шахслар тоифаси ва уларга нисбатан қўлланадиган ижтимоий реабилитация чоралари ноаниқлигича қолмоқда.

Ижтимоий реабилитация, ижтимоий ҳимоя тизимлари бир қатор хорижий давлатлар қонунчилигида ягона қонун ҳужжати билан мустаҳкамлаб қўйилган. Жумладан, Германияда қабул қилинган Ижтимоий кодекс аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож барча қатламини қамраб олиш билан бир қаторда, ҳар бир тоифага алоҳида ижтимоий реабилитацияни татбиқ қилиш механизмларини ягона қонун ҳужжатида акс эттирган.

Жумладан, мазкур кодексда ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ва уруш натижасида зарар кўрган, туғма ақлий ва жисмоний нуқсони бўлганлар, кўмакка муҳтож бўлган вояга етмаганлар ва қариялар ҳамда жазодан озод қилинган шахсларга реабилитация қўллаш тартиби, реабилитациянинг умумий тамойиллари ҳамда давлат органларининг ушбу соҳадаги ваколатлари белгиланган.

Шунингдек, мазкур соҳадаги муносабатлар Болгария, Испания, AҚШ, Бельгия каби давлатларда “Ижтимоий реабилитация тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинган.

Қолаверса, амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ижтимоий реабилитацияни амалга ошириш механизмлари айрим тоифадаги шахсларнинг эҳтиёжларини етарли даражада қамраб олмайди. Халқаро амалиётда дастлаб “Ижтимоий реабилитация” атамаси, асосан, ақлий ва жисмоний нуқсони бўлган ногиронларга нисбатан қўллаб келинган. Бугунги кунга келиб, ушбу атаманинг мазмуни ва қамрови ўзгариб бормоқда. Натижада ижтимоий реабилитация кенг маънода талқин қилиниб, аҳолининг турли қатламига нисбатан тикланиш жараёни ҳамда ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини топишга кўмаклашиш мазмунида қўлланмоқда.

Миллий қонунчилигимизда ижтимоий реабилитация зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган шахсларга, террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган шахслар ҳамда озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларга ёрдам кўрсатишга нисбатан татбиқ этилмоқда.

Бироқ ижтимоий реабилитациянинг ота-она қарамоғисиз қолган етим болалар, қариялар, девиант хулқ-атворга эга шахслар, жиноят содир этган шахсларга янги ҳаёт тарзини ўрнатиш ва жамиятнинг самарали аъзолари бўлишга ёрдам бериш учун кўрсатиладиган хизматларга нисбатан қўлланиши қонунчилик ҳужжатларида умумий тарзда келтириб ўтилгани ҳолда, ушбу қонун ҳужжатларида мазкур тоифадаги шахсларга нисбатан ижтимоий реабилитацияни амалга ошириш механизмлари тўлиқ белгиланмаган. Aмалга оширилаётган реабилитацион чора-тадбирлар эса уларнинг эҳтиёжини етарли даражада қамраб олмайди. Хусусан, девиант хулқ-атворга эга вояга етмаган шахсларга нисбатан қўлланадиган ижтимоий реабилитацион чора-тадбирлар қониқарли даражада эмас.

Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 29 сентябрдаги “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонунида вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида муайян тоифадаги вояга етмаганларга нисбатан ижтимоий реабилитацияни амалга оширувчи ёпиқ турдаги муассасалар (ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари) фаолияти тартибга солинган.

Жумладан, Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари фаолияти ёпиқ тарзда йўлга қўйилган бўлиб, вояга етмаганларни мазкур марказларга жойлаштириш суд томонидан ҳал қилинади. Хусусан, вояга етмаганни мазкур марказга жойлаштиришни талаб қилувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда ички ишлар органи 48 соат ичида вояга етмаганни ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома юборади. Мазкур илтимоснома тақдим этилган пайтдан эътиборан 24 соат ичида жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан ёпиқ суд мажлисида якка тартибда кўриб чиқилади ва бу ҳақида ажрим чиқарилади.

Бироқ хорижий мамлакатлар қонунчилигида вояга етмаганларнинг ихтиёрий равишда жойлаштирилишга имкон берувчи очиқ турдаги муассасалар фаолияти ҳам назарда тутилган. Масалан, Россия Федерациясининг “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш тизимининг асослари тўғрисида”ги қонунида очиқ ва ёпиқ турдаги ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари, шунингдек, ижтимоий реабилитацияга муҳтож вояга етмаганлар учун ихтисослаштирилган муассасалар фаолияти тартибга солинган.

Хорижий мамлакатларда кексаларга нисбатан ижтимоий реабилитацион дастурларни амалга ошириш тартиби ишлаб чиқилган. Хусусан, Ҳиндистонда “Махсус шароитларда реабилитация” дастури ишлаб чиқилиб, унда шифокорлар ва терапевтлар томонидан уйда, жамоат уйларида ёки касалхонада яшовчи ва руҳий саломатлик реабилитациясига муҳтож бўлган кексаларга руҳий, жисмоний, когнитив ёрдам бериш тартиби белгиланган.

Aвстралияда кексалар учун ишлаб ижтимоий реабилитация дастурлари инсоннинг ўзига хос эҳтиёжлари ва истакларини қондириш учун индивидуаллаштирилган ҳолда ташкил этилган.

Юқоридаги таҳлиллар ва ўрганилган халқаро стандартлар, хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, жазодан озод қилинган шахслар, вояга етмаган етим болалар, қариялар, девиант хулқ-атворга эга шахслар ҳамда ногиронлар ҳуқуқларини қўшимча равишда таъминлаш, давлат органларининг ушбу соҳадаги фаолиятига кенг жамоатчиликни жалб қилиш юзасидан қуйидаги таклифлар ишлаб чиқилди:

биринчидан, ижтимоий реабилитацияни тартибга солиш юзасидан ягона қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, жумладан, қонун лойиҳасида соҳа фаолияти, асосий йўналишлари, қўлланиш субъектлари, шакллари доирасини ва амалга ошириш механизмни белгилаш;

иккинчидан, ота-она қарамоғисиз қолган етим болалар, қариялар, девиант хулқ-атворга эга шахсларга нисбатан ижтимоий реабилитация институтини жорий этиш;

учинчидан, маҳкумларга жазони ижро этиш муасассасининг ўзида ижтимоий реабилитация усулларини қўллаш ҳамда татбиқ этиш жараёнида жазо турини, маҳкумнинг шахсини, содир этилган жиноий ҳуқуқбузарликнинг табиати, ижтимоий хавфлилик даражаси ва мотивларини ҳамда маҳкумнинг жазони ўташ вақтидаги хатти-ҳаракатлари инобатга олиш;

тўртинчидан, Озодликдан маҳрум етиш жойларидан озод қилинган шахсларни ижтимоий мослаштириш ва реабилитация қилиш соҳасида белгилаб ўтилган вазифаларни бажаришда комплекс ҳамкорлик ва ижтимоий шерикликни амалга ошириш механизмларини яратиш;

бешинчидан, тиббий-ижтимоий реабилитация дастурларини амалга ошириш, спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни мунтазам равишда истеъмол қилаётган вояга етмаганларни ижтимоий муҳитга мослаштириш, шунингдек, уларни нормал турмуш тарзига қайтариш тартибларини ишлаб чиқиш;

олтинчидан, девиант хулқ-атворга эга бўлган, ҳуқуқбузар ўсмирлар ҳамда жиноят содир этган вояга етмаганларни комплекс реабилитация қилиш мақсадида ўз фаолиятини очиқ тарзда амалга оширувчи ижтимоий реабилитация марказларини ташкил қилиш;

еттинчидан, маҳкумлар озодликка чиқишдан олти ой олдин уларнинг ижтимоий кўникмалари ва молиявий саводхонлигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратган ҳолда ўқитилишини амалга оширувчи дастурлар фаолиятини йўлга қўйиш;

саккизинчидан, озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларни реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш марказларининг ҳуқуқий мақоми, вазифаларини қонунчиликда аниқ белгилаш ҳамда мазкур ҳужжатда озодликдан маҳрум етиш жойларидан озод қилинган уйсиз, турар жойи номаълум шахсларни 6 ой муддатгача мазкур марказларда вақтинчалик яшаш имкониятини белгилаш.

Бобуржон ДОНАЕВ,
Aдлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
масъул ходими