Мамлакатимизда давом этаётган конституциявий ислоҳатлар жараёнида Асосий қонунимизнинг бир қатор тегишли моддаларига аҳолининг турли қатламлари ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган ҳамда “ижтимоий давлат” тамойилларини ифодаловчи бир қатор янги нормаларни киритиш таклиф этилмоқда.

Хусусан, Конституциянинг 1-моддасига “Ўзбекистон ижтимоий давлат” деган тушунча киритилмоқда. “Ижтимоий давлат”нинг асосий белгилари нималардан иборат? Бу қоиданинг оддий аҳоли учун қандай аҳамияти бўлади?

Ижтимоий давлат – бу ҳар бир фуқаронинг муносиб турмуш даражасига эришиш, ижтимоий тафовутларни юмшатиш ва муҳтожларга ёрдам бериш учун ижтимоий адолат тамойилларига мувофиқ моддий бойликларни тақсимлашга қаратилган давлат ҳисобланади.

Ижтимоий давлатда ҳар бир фуқаро учун мақбул турмуш шароитларини яратиш, уларнинг шахсий қобилияти ва истеъдодини намоён қилишлари учун зарур имкониятларни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Жамиятнинг ҳар бир эҳтиёжманд аъзосини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тизими қарор топади, давлат фуқаролар фаровонлигининг муайян даражаси учун масъулиятни ўз зиммасига олади.

Хорижий давлатлар амалиётида ижтимоий давлат тамойили икки хил шаклда, яъни билвосита ва бевосита кўринишда ўз ифодасини топганини кўришимиз мумкин. Ижтимоий давлат тамойили билвосита кўринишда “фаровонликни таъминловчи давлат” ёки “умумфаровонлик ва хуррамликни таъминловчи давлат” каби тушунчалар орқали Буюк Британия Конституциявий актларида, Италия Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган. Бу тушунча бевосита кўринишда Германия Конституциясининг 20-моддасида ўз ифодасини топган. Унга кўра, Германия “демократик ва ижтимоий федерал давлат” деб эълон қилинган. Шунингдек, Франция Конституциясида “бўлинмас, дунёвий, ижтимоий, демократик республика”, Испания Конституциясида эса “ҳуқуқий, демократик, ижтимоий давлат” тамойили ўз ифодасини топган.

Шу боис, “ижтимоий давлат” тамойилини Асосий қонунда мустаҳкамланиши мантиқан тўғри ғоя бўлиб, у бир томондан, жаҳондаги илғор мамлакатларининг конституциявий тажрибаларига, иккинчи томондан эса, ҳозирги кунда давлатимиз юритаётган ижтимоий йўналтирилган, халқчил ва инсонпарвар сиёсатга тўлиқ мос келади.

“2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”нинг IV – бобида “Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш” масаласига алоҳида эътибор қаратилганини кўришимиз мумкин. Шунингдек, мазкур стратегиянинг 43 та мақсади бевосита ҳар бир фуқаронинг муносиб турмуш даражасини кўтаришга қаратилган.

Кейинги йилларда Ўзбекистонни ижтимоий давлат деб эълон қилиш учун етарли асос ва шароитлар яратилди. Ижтимоий давлатнинг асосий талаблари амалда қўлланилмоқда. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш ҳамда айрим сабабларга кўра вақтинча ишсиз бўлган юртдошларимизни касбга тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш борасида давлатимиз томонидан ижтимоий ёрдам ва хизматлар сифатини яхшилаш соҳасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Конституциянинг 37-моддасига киритилиши таклиф этилаётган янги қоидалар ҳам мана шу соҳада эришилган натижаларни Асосий қонун даражасида ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган. Мазкур нормаларда фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларга муносиб меҳнат қилиш учун хавфсиз ва қулай шароитларни яратиш соҳасидаги вазифалари белгиланиши назарда тутилмоқда.

Асосий қонунимизда ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши, аввало, болажон халқимизнинг маънавий қадриятларига асосланади. Қолаверса, бундай ёндашув мамлакатимизнинг халқаро майдондаги мажбуриятларига, хусусан, Халқаро Меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон қўшилган “Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Конвенция талабларига мос келади. Умуман олганда, аёллар ҳуқуқларини меҳнат соҳасида ҳимоялашга қаратилган нормалар Литва, Венгрия, Польша, Чехия, Бразилия Конституцияларида мавжуд.

Ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг ўқиши, меҳнат қилиши, билим олиши ва қобилиятини намоён этиши учун барча шароитларни яратиш ижтимоий давлатнинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади. Биргина олий таълим соҳасида кечган ўзгаришлар ҳам шундан далолат беради. Сўнгги йилларда мамлакатимизда юқори билим ва малакага эга бўлган, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш мақсадида олийгоҳлар сони 160 дан, хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари сони 30 дан ортди. Таълимнинг узвийлигини таъминлаш қамровини кенгайтириш мақсадида олий таълим тизимида сиртқи ва кечки таълим шакллари қайта тикланди. Кейинги 5 йилда олий таълимга қабул квотаси 3 баробар оширилди. Битирувчиларни олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 40 фоизга етди.

Асосий қонуннинг 41-моддасига истеъдодли ёшларнинг моддий аҳволидан қатъий назар таълимни давом эттириши давлатга қарашли, хусусий ва бошқа шаклдаги таълим муассасалари ва ташкилотларини ривожлантириш учун тенг шароитлар яратилиши назарда тутилган қоидалар киритилиши таклиф қилинмоқда. Мазкур таклифлар ёшларнинг таълим олиш ҳуқуқини тўлақонли таъминлашнинг конституциявий кафолатини белгилайди. Шунингдек, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган олий таълим билан қамров даражаси ва таълим сифатини оширишга эришиш учун муҳим ҳуқуқий кафолат ҳисобланади.

Умуман олганда, ижтимоий давлатда иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни давлат томонидан тартибга солиш, рақобатни рағбатлантириш ҳамда шахс эркинликлари ва фуқароларнинг ўз фаровонлиги йўлидаги ташаббусларини ривожлантиришга қаратилган ҳаракатларни ўзаро мутаносибликда олиб бориши талаб қилинади.

Асосий қонунинимизнинг 1-моддасида Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат экани алоҳида эътироф этилиши, шунингдек Конституциянинг бошқа бир қатор моддаларида ижтимоий давлатга хос бўлган тамойилларни алоҳида белгиланиши ижтимоий соҳада олиб борилаётган ислоҳатларни янги босқичга кўтариш, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими самарадорлигини ошириш имконини беради.

Анвар ЭМИНОВ,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ходими